Фаластин давлати ташкил этилгани эълон қилинганига 35 йил тўлди
Ёсир Арафот бу ҳақда Жазоирда эълон қилган эди. Шундан кейин Фаластин ва Исроил ўртасида муваффақиятли музокаралар ўтказилди. Бироқ, қонли фожиа бунга барҳам берди.
1988 йил 15 ноябрда Жазоирда Фаластин давлати тузилганлиги эълон қилинди. Бу ташаббус билан Фаластин озодлик ташкилоти (ФОТ) етакчиси Ёсир Арафот чиққан эди.
«Бир қўлимда зайтун новдасини, бир қўлимда озодлик курашчиси қуролини ушлаб келдим. Қўлимдан зайтун новдаси тушмасин. Такрор айтаман, зайтун новдаси қўлимдан тушмасин», деган эди Ёсир Арафот 1974 йилда. БМТ Бош Ассамблеяси залида Фаластин раҳбари қарсаклар билан қутланди.
Орадан 14 йил ўтгач, БМТ аъзо давлатларининг аксарияти яна Фаластинни қўллаб-қувватлади. Бунга фақат АҚШ ва Исроил қарши чиққан. ФОТ раҳбари Ёсир Арафот 1988 йил 15 ноябрда Жазоирда Фаластин давлати тузилгани ва унинг мустақиллигини эълон қилди. Шундан сўнг, кўплаб мамлакатларда ФОТ ваколатхоналари тўла ҳуқуқли элчихоналарга алмаштирилди.
«Биз яҳудийларга қарши эмасмиз. Аксинча, ҳақиқий мусулмон ва ҳақиқий насроний ишонадиган қадриятлар яҳудий эътиқодида ҳам бор. Исроил билан музокара олиб бораётган делегациямиз таркибида икки нафар яҳудий бор. Биз бундан фахрланамиз», деди Арафот. «Асосий душман ким?» деган саволга у «истило» деб жавоб берди.
Фаластин мустақиллигини эълон қилиб, Арафот моҳиятан Исроилни ҳам давлат сифатида тан олди. Бу тинчлик сари ишончли қадам эди.
Ўнлаб йиллар давом этган можаро 90-йилларнинг ўрталарида амалда ҳал қилинди. Норвегия пойтахтида Фаластин маъмуриятини ташкил этиш бўйича келишувлар имзоланди. Кейинроқ эса Ёсир Арафот, Исроил бош вазири Исҳоқ Рабин ва сиёсатчи Шимон Перес тинчлик битимларини имзолагани учун Нобел мукофотини олишди.
Исҳоқ Рабин 1995 йилда ўлдирилди, шундан кейин музокаралар жараёни амалда музлатиб қўйилди.
Мавзуга оид
09:20
Европада яккаланаётган Исроил футболи
20:37 / 15.11.2024
Исроил Эрондаги махфий ядро лабораториясини йўқ қилди — ОАВ
08:08 / 14.11.2024
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
20:47 / 12.11.2024