Жаҳон | 15:10 / 15.11.2023
3423
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинага яна 110 млн евролик гуманитар ёрдам ажратади

Европа Иттифоқидан келадиган янги гуманитар ёрдамнинг умумий миқдоридан 100 миллион евро тўғридан тўғри Украинага юборилади. Яна 10 миллиони Молдовадаги украиналик қочқинларга ёрдам бериш учун мўлжалланган.

Фото: Yevhen Titov/REUTERS

Европа Иттифоқи Украинага қўшимча 110 миллион евро гуманитар ёрдам беради. Бу ҳақда 14 ноябр, сешанба куни инсонпарварлик ёрдами ва инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич маълум қилди. У қишнинг бошланиши аҳоли заиф қатламлари учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқаришини таъкидлаб ўтди.

«Россия ракеталари Украинада вайронагарчилик келтириб чиқарар экан, гуманитар ҳамжамият қаҳратон қиш ойларида азоб чекадиган аҳолининг энг заиф қатламларига ёрдам беришга тайёр бўлиши керак», деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Ленарчичнинг сўзларига кўра, янги маблағлар нақд пул, озиқ-овқат, сув, уй-жой, тиббий ёрдам, психологик-ижтимоий ёрдам ва ҳимоя билан таъминлаш учун мўлжалланган, дейилади Еврокомиссия баёнотида. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Украинага қўшимча электр генераторларини юборади. 

Жами 110 миллион евронинг 100 миллиони тўғридан тўғри Украинага тақдим этилади, яна 10 миллиони Молдовада украиналик қочқинларга ёрдам бериш учун мўлжалланган. 

Шу тариқа, Россиянинг Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Европа Иттифоқининг Киевга кўрсатган гуманитар ёрдами умумий ҳажми 843 миллион еврога етади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид