Ўзбекистон | 11:29 / 16.11.2023
5786
4 дақиқада ўқилади

“Бу техник хатолик” – суд ишидан бир кун олдин имзоланган ажрим воқеасига изоҳ берилди

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судяси Аҳмадбойдан мусодара қилинган мулк билан боғлиқ ишда ажримни суд ишидан бир кун олдин имзолагани техник хатолик билан боғлиқ. Ҳолат юзасидан Судялар олий кенгаши расмий муносабат билдирди. 

Фото: Yandex Maps

Kun.uz олдинроқ фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судяси Икромжон Қурбанбаев 2023 йил 13 октябр куни бўлиб ўтган суд иши ажримини бир кун олдин, 12 октябр куни имзолагани, унинг ушбу ҳаракати юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши белгилангани ҳақида ёзганди.

 Судялар олий кенгаши ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, бу техник хатолик эканлигини маълум қилди.

“Кутилганидек, хизмат текширувида ҳолат тасдиғини топди. Бироқ бу судя гўёки “сеҳргар” эканини англатмайди. Содир бўлган хатолик техник хусусиятга эга бўлиб, у оғир иш куни якунида судя томонидан айрим (шу санада қабул қилинган барча суд ҳужжатлари билан бирга) “ЕX-SUD” ахборот тизимига юклаш жараёнида юз берган. “Техник хатолик” дея вазият хаспўшланмоқда, дейишга шошманг. Хизмат текшируви жараёнида ҳолат ахборот коммуникация технологиялари мутахассиси жалб қилинган ҳолда ўрганилганда эътироз-у шубҳаларга сабаб бўлаётган суд ажрими электрон тизимга 2023 йил 13 октябр куни соат 12:52-12:54 вақт оралиғида юклангани аниқланди. “13” санаси “12” тариқасида ёзилгани эса, дарҳақиқат, хатолик ва у эътиборсизлик оқибати.

 Албатта, эътиборсизликни оқлаб бўлмайди. Бироқ шу ва шу каби жузъий техник хатоларга фуқаролик судларида иш ҳажми ва юкламалар кўплиги таъсир қилиши эҳтимоли мавжудлигини ҳам инсоф юзасидан айтиб ўтиш керак. Бир неча кундан буён “виртуал сазойи” қилинаётган судя фаолияти мисолида айтилса, ўша куни у нақ 13 та фуқаролик низосини кўриб чиққан, йил бошидан буён (1 январдан - 1 ноябргача) эса чекига тушган ишлар сони 3688 тани ташкил қилади (шундан 1494 таси даъво тартибида кўрилган фуқаролик низолари бўлса, 2194 таси суд буйруқларидир).

 Қисқаси, 3688 та ишни ўн ойга тақсимлаб, кунига нечта иш кўраётгани ҳисоби чиқарилса, судянинг эътиборсизлигидан кўз юммаган ҳолда, у қандайдир “соҳиби каромат” эмас, ҳеч муболағасиз ҳар куни қаттиқ (“тинкаси қуриб” дейиш тўғрироқ аслида) ишлаётган мутахассис эканига шубҳа қоладими?!

Айтганча, судянинг гўёки “сеҳргар” эканига “далолат” қилаётган ажрим ҳал қилув қарори ижросини вақтинча тўхтатиш ҳақида эди-а? Ижро ишини тўхтатиб туришга оид аризалар ўн кунлик муддатда тарафларни чақирмаган ва суд муҳокамаси ўтказмаган ҳолда кўриб чиқилишини таъкид этган ҳолда асосий гапга ўтсак. Эътиборли ҳолат шундаки, ижроси тўхтатилган ўша ҳал қилув қарори ўз вақтида айни шу судя (!) томонидан қабул қилинган бўлиб, юқори босқич судларида ўзгаришсиз қолдирилган: эндиям мазкур ажрим билан боғлиқ шубҳаларга ўрин қолмас?! Нега десангиз, судя устидан судда ютқазган эмас, аксинча, ютган тараф шикоят қилмоқда. Майлида, бу – унинг ҳуқуқи...

 Ажримнинг қонунийлиги алоҳида масала. Хизмат текшируви судянинг хатти-ҳаракати доирасида бўлиб, бу жараёнда у томонидан қабул қилинган ажримга ҳуқуқий баҳо бериш масаласи кўриб чиқилмаган. Негаки, илгари ҳам кўп таъкид этилганидек, фақат юқори инстанция судигина суд ҳужжатларига ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга”, дейилади расмий муносабатда

Қўшимча қилинишича, айни пайтда ажримга нисбатан хусусий шикоят келтирилган бўлиб, яқин кунларда у (хусусий шикоят) иш ҳужжатлари билан бирга тегишли тартибда Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилади. 

Мавзуга оид