Ўзбекистон | 21:04 / 22.11.2023
28413
13 дақиқада ўқилади

“Аномал совуқ такрорланиши эҳтимоли инобатга олинган” — Вазир қишга тайёргарлик бўйича ҳисобот берди

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, 2023 йилда истеъмолчиларга 2022 йилга нисбатан 6,5 фоиз кўпроқ электр энергияси етказиб берилади. У ўтган мавсумдагидек аномал совуқ такрорланиши эҳтимоли бўйича ҳисоб-китоблар қилингани, бундай кунларда, хусусан, газ-шохобчаларига таъминотни 30 фоизга қисқартириш кўзда тутилганини маълум қилди.

Архив фото: Kun.uz

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, жорий куз-қиш мавсумида электр энергияси истеъмоли 45 млрд kWh ёки ўтган мавсумга нисбатан 8,5 фоизга кўп (3,5 млрд kWh) бўлиши кутиляпти.

Шундан республика бўйича ноябрда 7,9 млрд kWh, декабрда 8,4 млрд kWh, январда 8,1 млрд kWh, февралда 7,5 млрд kWh, мартда 7,4 млрд kWh электр энергияси истеъмол қилиниши тахмин қилинмоқда.

Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 22 ноябр куни Қонунчилик палатасидаги чиқишида маълум қилди.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

“Ушбу талабни қондириш учун жами 42,6 млрд kWh ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 млрд kWh кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шундан иссиқлик электр станцияларида 39,3 млрд, гидро электр станцияларда 2,4 млрд, қуёш фотоэлектр станцияларида 732 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Бунинг учун, мавсумда иссиқлик электр станцияларига 8,5 млрд кубометр (кунига ўртача 46,6 млн кубометр) табиий газ, 2,9 млн тонна (кунлик 15 минг тоннадан) кўмир – шундан 1,1 млн тоннаси импорт, ҳамда кунига ўртача 2,5 минг тонна мазут сарфланиши кўзда тутилган.

Бизда қўшни давлатлардан айирбошлаш бор, яъни электр энергиясини ҳам экспорт, ҳам импорт қиламиз. Қўшни давлатлардан 5,2 млрд kWh импорт қилиниши кўзда тутилган.

2023 йил давомида истеъмолчиларга 66,8 млрд kWh (ўтган даврга нисбатан 4,1 млрд kWh кўпроқ), шу жумладан аҳолига 19,8 млрд kWh (+2,4 млрд kWh), ижтимоий соҳа объектларига 1,8 млрд kWh (+187 млн kWh), иқтисодиёт тармоқларига 45,2 млрд kWh (+1,3 млрд kWh) электр энергияси етказиб бериш таъминланади”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ўзбекистонда бу йилги куз-қиш мавсумида ўтган йилгидек қаттиқ совуқ кутилмаяпти. Шундай бўлса-да, энергетиклар аввалги мавсумдаги каби аномал совуқ бўлиши эҳтимолига ҳам тайёрлангани маълум қилинди.

“Биз ўтган йилги аномал совуқ пайтида ҳосил бўлган дефицитни ҳисоб-китоб қилиб, худди шундай об-ҳаво такрорланса, қандай таъминлаймиз, қандай ишларни олиб борамиз, деган масалада ҳисоб-китобларни қилдик.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, агарда январ ойининг энг совуқ кунлари, яъни -20, -25 градусгача бўлган вақтда, 273-280 млн kWh электр энергияси истеъмоли кутиляпти. Шуни қоплаш учун 253-255 млн kWh ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминлаймиз, 19,4 млн kWh кунлик импорт ҳисобидан қопланади.

Шунингдек, биз қўшимча равишда 28 млн kWh эҳтимолий, яъни дефицит бўладиган бўлса, ниманинг ҳисобидан қопланиши бўйича... Бу энг аввало электр энергия экспортини кунига 6 млн kWh'га қисқартириш ҳисобидан, мазут ёқилғиси кунига 10 минг тоннагача ошириб, қўшимча 10 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш ҳисобидан, ҳамда электр энергияни иқтисод қилиш орқали ўртача кунлик 12 млн kWh'ни тежаш назарда тутилган.

Бунда, 12 млн kWh энергияни тежаш учун 838 та истеъмолчиларнинг юкламаси тунги режимга ўтказилиши мумкин, бу тиғиз вақтларда 1450 MW қувватни бўшатиш имкониятини беради”, – деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Вазир мавсумни беталафот ўтказиш учун тармоқдаги корхоналарда қилинган ишларни санаб ўтди:

  • Режа-графикка мувофиқ, жорий йилда ИЭСларда 55 та энергоқурилма, шундан 14 та энергоблок, 31 та қозон, 9 та буғ-газ қурилмаси ва 1 та газ турбинаси мукаммал таъмирдан чиқарилди.
  • Электр таъминоти бўйича ҳудудларда жами 831 км магистрал ҳамда 29 562 км тақсимловчи электр тармоқлари, 8 та магистрал подстанциядаги трансформаторлар ҳамда 10 158 та трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди.
  • Фарғона, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги подстанцияларнинг қуввати 400 MW амперга, Чирчиқ подстанцияларининг умумий қуввати 125 MW амперга оширилди.
  • Тошкент шаҳридаги электр таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йил якунига қадар пойтахтнинг ўзида умумий қуввати 664 MW ампер бўлган 5 та 110 kW кучланишли подстанция, 101 км 35 kW ва 110 kW кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилиб, 4 та подстанцияни реконструкция қилиш орқали уларнинг ўтказиш қувватлари 179 MW амперга оширилади.

“Кўпчилик кўрди, ёз бўйи, яқин кунларгача Тошкент шаҳрининг ҳатто марказий кўчаларида ерларни кавлаб, анча ноқулайликлар келтириб, шу ишларни бажаришимизга тўғри келди. Тармоқ тарихида биринчи марта биз 110 kW линия тармоғини ер остидан олиб ўтдик. Бунинг учун хорижий экспертларни, лойиҳалаштириш институтларини жалб қилдик. Президентимиз топшириқларига асосан, хориждан ўзимизда чиқмайдиган махсус кабеллар, махсус мосламаларни олиб келдик. Бу ишлар ҳозирги кунда ҳам давом эттириляпти”, – деди Мирзамаҳмудов.

  • Эскирган 35 kW, 110 kW электр узатиш тармоқлари замонавий турдаги 32,5 км сим, 18,1 км кучланиш кабелларига алмаштирилди.
  • Ҳудудий электр тармоқлари корхоналарида қиш даври учун 258 та ҳар хил қувватли трансформаторлар, 70 тонна симлар, 80 км кабел, 490 тадан ортиқ муфталардан иборат авариявий захира яратилди.

“Жорий йилдагидек захира олдинги йилларда умуман бўлмаган. Авариявий ҳолатлар бўлганида, аварий бригадаларнинг жиҳозланиши [қониқарсиз бўлган]. Мана, биргина ерости кабелларининг таҳлилини ўтказадиган лаборатория республика бўйича битта бўлган бўлса, ҳозир Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманига биттадан, республиканинг ҳар бир вилоятига биттадан олинди, кейинги босқичда қўшимча яна биттадан олинади. Олдинлари биз қандайдир авария бўлса, уни 7-8 соатда аниқлаб, топишга қийналган бўлсак, ҳозир авария бўлган жойларни 2 соат ичида аниқлаб, уни бартараф қилиш бўйича зарур чоралар кўрилиши таъминланяпти”, – деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Табиий газ

Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, куз-қиш даврида табиий газга бўлган талаб 28 млрд кубометрни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 2,5 млрд кубометрга кўп бўлиши кутиляпти. Шундан ноябрда 4,7, декабрда 5,4, январда 5,45, февралда 4,5, мартда 4,4 млрд кубометр табиий газга талаб бўлиши кутилмоқда.

“Ушбу талабни қоплаш учун 26,3 млрд кубометр (ўтган йилга нисбатан 1,1 млрд кубометрга кўпроқ) газ қазиб олинади. Шундан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тарафидан 16,2 млрд кубометр, хорижий ва қўшма корхоналар тарафидан 10 млрд кубометр газ қазиб чиқариш таъминланади.

Бундан ташқари, хабаринглар бор, эришилган келишувларга асосан, ҳозирги кунда қўшни давлатдан ҳамда шимолдан қўшимча газни импорт қилиб, ички бозорга йўналтиряпмиз”, – деди вазир Туркманистон ва Россиядан импортни назарда турган ҳолда.

Мирзамаҳмудов табиий газ инфратузилмасини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича қилинган ишларни санаб ўтди:

  • Газ-транспорт тизимида 5,7 км магистрал газ қувурларининг нуқсонли қисми алмаштирилди. 2675 км қисми ички-сиртқи қисми тозаланди, 119 км қувурлар янгитдан қурилди, компрессор станцияларида 8 та газ ҳайдаш агрегатлари мукаммал, ўрта ва жорий таъминдан чиқарилди.
  • 273,7 газ тақсимлаш тармоқлари мукаммал таъмирланиб, реконструкциядан чиқарилди. 250 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди. 62 799 та техник тафтишдан ўтказилиб, 6345 км қувурлар босим остида синалди, тозаланди. 6686 км ерости газ қувурларининг ҳолати текширилиб, ишлар тўлиқ якунланди.
  • Республика бўйича газ соҳасида 231 та авариявий бригада ташкил этилиб, 255 та махсус автотранспорт воситалари, 480 та пайвандлаш аппаратлари ва бошқа керакли эҳтиёт қисмлари, жумладан турли диаметрдаги 23 км қувурлар, 2,4 минг комплект эҳтиёт қисмлар, 505 та монометр, 5,6 тонна карбид ва 2,5 тонна мойлаш материаллари захираси яратилди.
  • 3,5 млрд кубометр табиий газ захираси газ сақлаш омборларида яратилди.

“Ўтган йилги аномал совуқ кунларини симуляция қилиб, ҳисоб-китоб қилганимизда, ўтган йили кунига 21,6 млн кубометр газ дефицит бўлган. Шунинг ўрнини қоплаш манбалари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар қилдик. Бу энг аввало ерости газ сақлаш омборлари. Ўтган йили омборлардан кунлик 18-20 млн кубометр табиий газ олинган бўлса, бу йил 35-40 млн кубометргача олиш имконияти яратилди. Яъни дефицитнинг бир қисми ерости газ сақлаш омборларидан газ олиш ҳисобига ёпилади.

Шунингдек, иқтисод қилиш чоралари ҳам кўрилади. Агарда аномал совуқ кунлар бўлса, биз GTL заводига газ беришни қисқартириб, 5 млн кубометр газни шунинг ҳисобидан таъминлаймиз. Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари ҳозирда кунига 15 млн кубометр газ олаётган бўлса, уларни 30 фоизга қисқартириш ҳисобидан, газ дефицитини тўлиқ қоплаш – фақатгина аномал совуқ кунларда – режалаштирилган”, – деди вазирлик раҳбари.

Суюлтирилган газ

Маълум қилинишича, жорий йилда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига жорий йилда 630 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Шундан 332 минг тоннаси фақат куз-қиш даврида, яъни 5 ой ичида етказиб берилади.

Бунинг учун 96 та газ тўлдириш иншоотларида суткалик қуввати 11,7 минг тонна суюлтирилган газ ташувчи 380 та ва аҳолига газ баллонлари етказиб берувчи 836 та махсус автотранспорт воситаси тайёрлаб қўйилган.

Ҳозирда кунига 1,8–2 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилаётган бўлса, эҳтиёж ошган пайтда кунига 2500–2700 тонна суюлтирилган газни кафолатли етказиб бериш имконияти бор.

Кўмир

2023 йилда 5 млн тоннага яқин кўмир ёқилғиси импорти режалаштирилган бўлиб, йил бошидан 4,8 млн тоннаси етказиб келинди, ички бозорга тақсимланди. Шундан 1,5 млн тоннаси ИЭСларга етказиб берилган, 2 млн 381 минг тоннаси эса хусусий тадбиркорлар тарафидан импорт қилинган. Айни пайтда кунига 5-6 минг тонна кўмир импорт қилинмоқда, деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Автомобил бензини

Энергетика вазири АЁҚШларда айрим маркадаги бензин тақчиллиги кузатилганига муносабат билдирди.

“Айниқса, охирги кунларда автобензин ижтимоий тармоқларда жуда кўп муҳокама бўляпти. Жойларга чиқиб ўрганяпмиз. Тақчиллик деб бўлмайди, лекин жойларда сунъий манипуляция қилган “заправка”ларга нисбатан чоралар кўриляпти, ўрганиляпти.

Эҳтиёжни қондириш учун ички ишлаб чиқаришни ошириш ва импортдан қўшимча олиб келиш чоралари кўриляпти. Россия ҳукумати тарафидан маълум бир муддатга киритилган чеклов ҳам таъсир қилди. Лекин мана, хабаринглар бор, 5-6 октябр кунлари президентимиз ташрифлари давомида ҳукуматлараро келишувга эришилдики, бу чеклов бўлса-бўлмаса бизга кафолатланган олиб чиқиб кетиш имконияти яратилди. Ва ҳозирги кунда Россия компанияларидан импорт бензини олиб келиш бошланди. Яъни октябрда тузилган шартномалар ва умуман ҳамма жараёнларни якунлаганимиз бўйича мана ноябр ойида дастлабки партиялар киришни бошлади.

Агар ўтган даврда ҳозирги кунгача жами 1 млн 160 минг тонна автобензин ўзимизда ишлаб чиқарилган, 371 минг тонна бензин импорт қилиш режалаштирилган; шундан “Ўзбекнефтгаз” 100 минг тонна, тадбиркорлар тарафидан 270 минг тонна бензин импорт қилиш режалаштириляпти. Йил якунига қадар эса 1 млн 329 минг тонна бензин ўзимизнинг ресурслардан ва ташқаридан олиб келинаётган хомашё ҳисобидан етказиб берилади.

Ноябр–декабр ойларининг ўзида 80 минг тонна бензин импорт қилиниб, эҳтиёж ортган пайтда кафолатланган тарзда таъминлаш кўзда тутилган”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Мазут

Энергетика вазири совуқ пайтларда иссиқлик электр станцияларига газ билан бирга, мазут етказиб беришга ҳам тайёргарлик кўрилаётганини айтиб ўтди.

“Ўтган йилги сабоқлардан хулоса қилиб, йил бошидан президентимиз топшириқларига асосан тегишли чоралар кўрилиб, ҳатто ёзда истеъмол ортган пайтда мазут ёқишга мажбур бўлдик. Ўтган йили 22 ноябр ҳолатига бизда ИЭСларда 46 минг тонна мазут захираси бўлган бўлса, ҳозирги кунда 340 минг тоннадан ортиқ мазут захираси яратилди. Йил охиригача бу захира 500 минг тоннага етказилиши таъминланади. Бу – фақатгина йирик ИЭСлар учун.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларидаги 3- ва 4-иссиқлик марказларини бу йил мукаммал таъмирладик. Булар штган йили энг оғир ҳудудлар бўлган. Газ босими тушиб кетган эди, шу сабаб иссиқлик таъминланмаган. Бу йил ушбу иссиқлик марказларига ҳам алоҳида газ тармоғи тортилди, ҳам эҳтимолий босим тушиб кетган пайтлар учун қўшимча мазут ёқиш учун қозонхоналар тўлиқ алмаштирилиб, мослаштирилди. Уларга 2 минг тоннадан кафолатланган мазут захираси яратилди. Яъни бу 40 кун энг аномал совуқ пайтларда мазут ҳисобидан 65 градус ҳароратда иссиқлик билан таъминлаш имкониятини беради”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Мавзуга оид