Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Боку Парижни Кавказда янги уруш қўзғатишга уринишда айблади
Озарбойжон раҳбарининг фикрича, Франция БМТ Хавфсизлик кенгашидаги мақомини «ўзининг нохолис сиёсатини юритиш» учун суиистеъмол қилмоқда. У Париждан Ереванни қуроллантирмасликни сўради.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Франция ҳукуматини Арманистонни қуроллантириш орқали Кавказда янги урушга ундашда айблади. Бу ҳақда Алиев 21 ноябр, сешанба куни Бокуда бўлиб ўтган халқаро конференциядаги ёзма изоҳларида маълум қилди. «Франция милитаристик сиёсат олиб бормоқда, Арманистонни қуроллантирмоқда, Арманистондаги реваншист кучларни рағбатлантирмоқда ва минтақада янги урушларни қўзғатишга замин яратмоқда», — деди Озарбойжон президенти.
Боку ва Ереван ўртасида 30 йилдан ортиқ вақтдан бери Озарбойжоннинг асосан этник арманлар истиқомат қиладиган Тоғли Қорабоғ минтақаси юзасидан ҳудудий зиддият ҳукм сурмоқда. Сентябр ойида Боку тезкор ҳарбий операция натижасида Тоғли Қорабоғни ўз назоратига олди.
Ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчи томонидан ўқиб эшиттирилган баёнотда Алиевнинг таъкидлашича, Париж «нафақат ўзининг собиқ ва ҳозирги мустамлакаларида, балки Жанубий Кавказда ҳам бўлгинчи ҳаракатлар ва айирмачиларни қўллаб-қувватлаган ҳолда барқарорликни бузяпти».
Боку Франциядан «ақл ўргатмасликни» сўради
Катта арман диаспорасига эга бўлган Франция Боку томонидан Кавказ давлатлари ўртасидаги ҳудудий можарода «арманпарастлик» учун мунтазам равишда танқид қилинади.
Озарбойжон расмийларининг фикрича, Париж БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси сифатидаги мақомини «ўзининг нохолис сиёсатини олиб бориш учун суиистеъмол қилмоқда, турли минтақаларда геосиёсий интригалар билан шуғулланмоқда ва Ғарб давлат ташкилотларидан босим воситаси сифатида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда». Мурожаатномада Озарбойжон давлати раҳбари Франциядан «бошқа давлатларга ақл ўргатиш амалиётига чек қўйишни» талаб қилди.
Арманистон-Озарбойжон тинчлик битими ҳақида
Ўтган шанба куни Ереванда бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг кузги сессияси очилиш маросимида Арманистон бош вазири Никол Пашинян Боку билан тинчлик битими асосий тамойиллари бўйича келишувларга эришилганини маълум қилди. «Арманистон-Озарбойжон тинчлик жараёни ҳақида яхши ва ёмон хабарларимиз бор. Озарбойжон билан тинчликнинг асосий тамойиллари келишиб олингани яхши», - деди у ва «асосий ёмон хабар» - Ереван ва Боку ҳали ҳам «турли дипломатик тилларда» гаплашаётганида эканини қўшимча қилди.
Октябр ойи охирида Пашинян яқин ойларда Боку билан тинчлик битими тузиш имкониятини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Арманистон ва Озарбойжон 1991 йилдаги Олмаота декларацияси асосида бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олиш тўғрисида келишиб олган, унга кўра Арманистон ҳудуди 29,8 минг квадрат километрни, Озарбойжоннинг ҳудуди эса 86,6 минг квадрат километрни ташкил қилади. Тинчлик шартномаси икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилишини ҳам англатади.
Икки собиқ совет республикаси ўртасида халқаро воситачилик асосида олиб борилган тинчлик музокараларида унчалик катта муваффақиятга эришилмаган, бироқ ҳар икки давлат раҳбарлари йил охиригача кенг қамровли тинчлик шартномаси имзоланиши мумкинлигини айтган. Арманистон бош вазири ва Озарбойжон президенти Европа Иттифоқи воситачилигида бир неча музокаралар ўтказди. Бироқ ўтган ой Алиев француз тарафкашлигини баҳона қилиб, Пашинян билан Испаниядаги музокараларда иштирок этишдан бош тортди. Ўтган ҳафтада у Вашингтоннинг «нохолис» позицияси туфайли шу ойда АҚШда ўтказилиши режалаштирилган Арманистон билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокараларда иштирок этишини рад этди.
Мавзуга оид
20:54 / 28.06.2026
Францияда парашютчилар мактабига қарашли самолёт қулаши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди
10:27 / 27.06.2026
Ўзбекистонда Франция визаси учун воситачиларсиз ҳужжат топшириш имконсиз бўлиб қолгани айтилмоқда
18:00 / 25.06.2026
Франция яна Россия «яширин флоти»га мансуб танкерни қўлга олди
14:14 / 22.06.2026