Германия Марказий Осиёда савдо-сотиқни осонлаштиришга қандай ёрдам бермоқчи?
Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг МОда савдони енгиллаштириш лойиҳаси менежери Юдит Бланк минтақада савдони енгиллаштиришга оид масалалар ва уларнинг ечимлари, шунингдек, халқаро савдода сунъий интеллектдан фойдаланишнинг афзаллиги ҳақида гапириб берди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) 20 йилдан бери “Марказий Осиёда савдо жараёнларини енгиллаштириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирок этаётган бу лойиҳанинг мақсади – консалтинг ёрдамини кўрсатиш орқали минтақада савдони осонлаштиришга кўмаклашишдир.
Юдит Бланк лойиҳа менежери сифатида 2023 йил декабр ойдан иш бошлайди. У Kun.uz билан суҳбатда минтақага оид айрим саволларга жавоб берди.
– Айни пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқни осонлаштириш бўйича лойиҳанинг янги босқичига тайёргарлик кўрилмоқда. Марказий Осиё давлатлари ўртасида қандай савдо чекловлари ва тўсиқлар сақланиб қолмоқда?
– Ижобий суръатга қарамасдан, Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ва глобал савдодаги иштироки салоҳияти рўёбга чиқарилмасдан қолмоқда. Масалан, минтақадаги давлатларнниг ўзаро савдоси умумий савдо ҳажмининг атиги 9 фоизини ташкил қилади. Бунинг турли сабаблари бор, лекин улардан энг асосийси баъзи жараёнларнинг рақамлаштирилмаганидир. Шу сабабли бундай жараёнларни уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, транспорт коридорларида давлатлараро чегаралар билан ишлаш, аёллар билан ишлаш, шунингдек транспорт ҳаракатининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш йўлларини топишга ҳаракат қилиш керак..
– Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўзаро савдони соддалаштиришга ҳаракат қилмоқда, аммо уларнинг саъй-ҳаракатлари ҳали кутилган натижага эришмаганини тан олишади. Сизнингча, бунинг асосий сабаби нимада?
– Бунинг бир нечта сабаблари бор. Биласизми, асосий сабаблардан бири компаниялар тақдим этадиган маҳсулотларнинг рақобатбардош эмаслиги билан боғлиқ. Менимча, савдо ва савдони осонлаштириш ҳақида гап кетганда асосий муаммолардан яна бири жараёнлар ўзаро уйғунлаштирилмагани ва стандартлаштирилмаганига оид. Шу сабабли сиз турли мамлакатларда турли хил жараёнлардан ўтишингиз керак бўлади ва бу, албатта, мамлакатлар ўртасидаги савдони қийинлаштиради.
Мен юқорида рақобатбардошлик ҳақида гапиргандим, айтмоқчиманки, барча истеъмол товарлари ҳали рақобатбардош эмас. Денгизга чиқиш имконияти йўқлиги ва савдо харажатларининг юқорилигини ҳисобга олсак, буларнинг барчаси мамлакатлар ўртасида савдони қийинлаштиради.
– Марказий Осиё давлатларида бу чекловлар ва тўсиқларни юмшатиш учун қандай имкониятлар мавжуд?
– Геосиёсий вазият ҳам Марказий Осиё учун маълум имкониятларни тақдим этади, чунки муқобил савдо йўллари ўрганилмоқда ва Марказий Осиё ўз савдо йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш имкониятига эга.
GIZ (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти) 20 йил давомида Марказий Осиёда савдо ва савдони осонлаштириш бўйича фаол иш олиб боряпти ва кўплаб ютуқларга еришилди. Имкониятлар ҳақидаги саволингизга жавобан, савдони осонлаштириш бўйича куйидаги ишларни кўриб чиқиш кўзда тутилган: :
1. Давлат корхоналари ходимларининг трансчегаравий савдо билан боғлиқ рақамли компетенцияларини ривожлантириш.
2. Савдони осонлаштириш самарадорлигидаги бўшлиқларни тўлдириш учун икки томонлама ва миллий даражаларда савдони осонлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
3. Минтақавий савдо йўллари бўйлаб савдони осонлаштириш ва рақамлаштиришга минтақавий ёндашувларни илгари суриш учун минтақавий мулоқотни рағбатлантириш.
4. Марказий Осиё мамлакатларидаги транспорт ва логистика компанияларига амалий ёрдам бериш.
– Яқинда Марказий Осиёда савдога кўмаклашиш миллий қўмиталари ўнинчи минтақавий йиғилишида трансчегаравий савдо маълумотларига кириш учун сунъий интеллектдан қандай фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинганди. Минтақа бу борада сунъий интеллектдан қандай фойдаланишни кўзлаяпти?
– Сессиянинг ғояси, асосан, савдода ва савдони осонлаштиришда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг баъзи имкониятларини кўрсатиш эди. Иштирокчилар Google Bard ва ChatGPT билан ҳамкорликда муайян товарларни бир мамлакатдан бошқасига сотишда савдо тартиб-қоидалари ҳақида тегишли маълумотларни олиш имконига эга бўлдилар. Асосий мақсад – иштирокчилар статик ахборот манбалари/веб-сайтлардан кўра кучлироқ бўлиши мумкин бўлган сунъий интеллектдан фойдаланиш қўрқувини енгиш эди. HS кодларини автоматик равишда таснифлаш ёки шубҳали нарсаларни аниқлаш учун сканерларга уланган сунъий интеллектдан фойдаланиш мумкин. Ушбу мухум мавзу устида ишлашни давом эттиш керак.
– Суҳбатимиздан олдин гендер муаммоси ва савдони осонлаштириш ҳолати ўртасидаги корреляция ҳақида гапирган эдинги. Бу ҳақда батафсил гапириб бера оласизми?
– Таъкидлашим лозимки, аёллар кўпинча савдода баъзи қийинчиликларга дуч келишади. Улар ўз муаммоларини айтишлари учун майдон керак, шунинг учун биз Қозоғистонда ва бу йил Ўзбекистонда Марказий Осиёда савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича Миллий қўмиталарнинг минтақавий учрашувлари доирасида Савдода аёллар учун тармоқлар ташкил қилиш ва уларнинг етакчилигини оширишга қаратилган конференциялари ташкил қилинди.Тадбир Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан савдо вазирликларининг, божхона хизмати, карантин ва ветеринария хизмати, хамда хусусий сектор аёл вакилларини бирлаштирди. Конференция аёлларнинг савдо ва савдони осонлаштиришдаги ролини ошириш, уларнинг етакчилик кўникмаларини ошириш ва уларнинг рақамли тажрибасини ривожлантириш учун имкониятлар яратишга қаратилган эди. Жаҳон божхона ташкилоти спикери божхона хизматларида аёллар улушини ошириш бўйича ўз ишларини намойиш этди.
Бошқа мамлакатларда, GIZ чегаралар бўйлаб майда савдо билан шуғулланаётган аёллар билан ишлаяпти. Бу, масалан, уларга чегарадаги идоралар билан мулоқот қилиш имкониятларини оширади..
Бу келажакда батафсил кўриб чиқилиши мумкин бўлган яна бир йуналишлардан бири.
Мавзуга оид
18:58 / 14.11.2024
Германия Ўзбекистонга «яшил» иқтисодиёт учун яна 3 млн евро грант ажратади
17:42 / 14.11.2024
Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
14:00 / 14.11.2024
ХДИ раҳбари Мерц Германия сиёсатини тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда
11:47 / 14.11.2024