12:51 / 22.11.2023
5183

Тожикистон қўшниларига электр энергияси етказиб беришни 15 баробарга қисқартирди

Октябр ойида республика электр энергияси экспортидан атиги 1,3 миллион доллар даромад олди.

Фото: gdb.rferl.org

Жорий йилнинг ўн ойида Тожикистон 106 миллион долларга яқин электр энергияси экспорт қилди, дея хабар беради мамлакат статистика бошқармаси.

Қайд этилишича, бу республика хорижга 101 миллион доллардан сал кўпроқ электр энергияси етказиб берган 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга кўпдир.

Шу билан бирга, жорий йилнинг октябр ойида Тожикистон электр энергияси экспорти сентябрга нисбатан 15 баравар камайган - жорий йилнинг сентябридаги 20 миллион доллардан октябр ойидаги 1,3 миллион долларгача.

Тожикистон фақат икки давлат – Ўзбекистон ва Афғонистон билан 2023 йил учун электр энергияси етказиб бериш бўйича шартномалар тузган.

«Барки Тожик» Ўзбекистонга электр энергияси фақат ёзда етказиб берилишини, Афғонистонга экспорт куз-қиш мавсумида ҳам давом этишини, бу фақат инфратузилмани сақлаб қолиш учун амалга оширилишини маълум қилди.

Компания раҳбарияти Тожикистоннинг ўзида электр энергияси танқислиги кузатилган совуқ мавсумда Афғонистонга етказиб бериш 10 баробарга қисқаришини таъкидлади: 400 МВтдан 40 МВтгача.

Сентябр ойи охирида «Барки тожик» компанияси келаётган куз-қиш мавсумида электр энергияси таъминоти чекланиши мумкинлигини маълум қилди. Сентябр ойининг сўнгги ўн кунлигидан бошлаб мамлакат қишлоқлари аҳолиси чекланган миқдорда электр энергияси олмоқда.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўн ойида республикада электр энергияси ишлаб чиқариш қарийб 18,4 миллиард киловатт/соатни ташкил этди, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 4,4 фоизга кўпдир.

Жорий йилда электр энергиясининг қарийб 96 фоизи гидроэлектростанцияларда, қолган қисми эса иссиқлик ва қуёш электр станцияларида ишлаб чиқарилди.

Top