Жаҳон | 12:22 / 22.11.2023
5463
3 дақиқада ўқилади

Туркия Ғазо сектори бўйича Москвадаги учрашув ҳақида эълон қилди

Етти давлат вакилларидан иборат алоқа гуруҳи Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга эришиш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш устида ишламоқда, деди Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан.

Фото: AP

Етти давлат вакилларидан иборат алоқа гуруҳи: Туркия, Индонезия, Нигерия, Иордания, Миср, Қатар ва Саудия Арабистони Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасидаги урушда ўт очишни тўхтатишга интилиш ниятида. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фиданнинг баёнотида айтилган, у Туркиянинг Star газетаси томонидан 21 ноябр, сешанба куни келтирилди.

«Гуруҳнинг асосий мақсади тезда ўт очишни тўхтатишга эришиш ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами жўнатишдир», - дея Туркия ТИВ баёнотидан иқтибос келтирган Reuters. Таъкидланишича, алоқа гуруҳи 11 ноябр куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг қўшма саммитида тузилган. 

Ушбу гуруҳнинг биринчи йиғилиши 21 ноябр куни Пекинда, кейинги йиғилиши эса 22 ноябр куни Москвада бўлиб ўтади. Туркия дипломатияси раҳбари Хоқон Фидан таъкидлашича, Анқара Яқин Шарқдаги можаро икки давлат мавжудлигини таъминлаш қарори билан тугатилиши учун бор кучини сарфлайди. 

20 ноябр куни Туркия Ташқи ишлар вазирлиги 21 ноябр куни Туркия ташқи ишлар вазири ўринбосари, элчи Бурак Акчапар ҳамда Россия ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари Сергей Вершинин ва Александр Грушко иштирокида «икки томонлама ва минтақавий масалалар бўйича» Россия билан сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш режасини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 12 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид