Жаҳон | 15:57 / 23.11.2023
5805
5 дақиқада ўқилади

Исроил қўйиб юборилиши мумкин бўлган фаластинлик маҳбуслар рўйхатини эълон қилди

Исроил рўйхатида 300 нафар маҳбус бўлиб, улар ҲАМАС гаровидагиларни озод қилиш эвазига Исроил қамоқхоналаридан қўйиб юборилиши мумкин. ОАВ маълумотларига кўра, уларнинг 287 нафари 18 ёшгача бўлган йигитлар, 13 нафари ёши катта аёллардир.

Фото: AA/ABACA / Abaca Press / Forum

Исроил Адлия вазирлиги 22 ноябр, чоршанба куни ҲАМАС ташкилоти билан тузилган гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув доирасида Исроил қамоқхоналаридан қўйиб юборилиши мумкин бўлган фаластинлик маҳбуслар рўйхатини эълон қилди. 

Times of Israel интернет нашрига кўра, рўйхатда 300 нафар маҳбус бор. Уларнинг 287 нафари 18 ёшгача бўлган йигитлардир. Уларнинг аксарияти, деб ёзади газета, Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусдаги тартибсизликлар ва тош отишлар туфайли қамоққа ташланган. Рўйхатдагиларнинг 13 нафари катта ёшли аёллар бўлиб, уларнинг аксарияти пичоқ билан ҳужум қилгани учун судланган. 

Times of Israel газетаси таъкидлашича, Исроил ҳукумати қарорига кўра, рўйхатдаги барча 300 киши Исроил қамоқхоналаридан фақат 100 нафар ҲАМАС гаровида бўлган Исроил фуқаролари ёки Исроилда яшовчилар Ғазо секторини тириклайин тарк этиши ва Исроилга қайтиши шарти билан чиқиши мумкин.

Аввалроқ ҲАМАС жангчилари «гуманитар сулҳ»ни олқишлаб баёнот тарқатган эди. Ҳужжатда айтилишича, Қатар воситачилигида тузилган келишув 150 нафар фаластинликни Исроил қамоқхоналаридан озод қилиш ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказишни кўзда тутади. 

Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув 

Исроил ва ҲАМАС ўртасида 22 ноябрга ўтар кечаси эълон қилинган келишувга кўра, Ғазо секторида дастлаб тўрт кунлик оташкесим ўрнатилади. Бу вақт ичида ҲАМАС жангчилари 7 октябр куни Исроилга уюштирилган ҳужум чоғида гаровга олинган 240 га яқин кишидан 50 нафарини озод қилиши кутилмоқда. ОАВ хабарларига кўра, гап 30 нафар бола ва 20 нафар аёл ҳақида кетмоқда. «Ҳар сафар яна ўн нафар гаровга олинганнинг озод этилиши ўт очишни тўхтатиш режимини яна бир кунга узайтиришига олиб келади», — дейилади Исроил ҳукумати баёнотида. 

Шу билан бирга, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу кабинети вакиллари матбуот анжуманида келажакда Ғазо секторидан Исроилга таҳдидни бартараф этиш мақсадида ҲАМАС ташкилотига қарши курашни давом эттиришга ваъда берди. 

Европа Иттифоқининг Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувга муносабати 

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувни олқишлади. «Биринчи йирик гаровга олинган гуруҳнинг озод этилиши ютуқдир – ҳаттоки дунёда ҳеч нарса улар бошдан кечирган азоб-уқубатларни бартараф эта олмаса ҳам», деб ёзади X ижтимоий тармоғида Бербок. «Гуманитар танаффус Ғазо сектори аҳолисига ўта зарур ёрдамни етказиш мақсадида ишлатилиши керак», — дея қўшимча қилди Германия ташқи ишлар вазири. 

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам худди шундай фикрни билдирди. Еврокомиссия урушдаги бу паузадан Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиш учун қўлдан келганини қилади, дея ишонтирди у. 

Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам гаровга олинганларни озод қилиш ҳамда Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни олқишлади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 14 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид