Жаҳон | 22:12 / 23.11.2023
6747
2 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳнинг кучга кириш санаси маълум бўлди 

Оташкесим ҳақидаги келишув 24 ноябрдан амал қилади. 

Фото: Ashraf Amra/Anadolu via Getty Images

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги оташкесим ҳақидаги келишув 24 ноябр (жума) куни соат 7:00 дан (Тошкент вақти билан 10:00) кучга киради. Бу ҳақда Қатар ташқи ишлар вазирлигига таяниб Interfax хабар берди. 

Қайд этилишича, ҲАМАС гаровга олинганларнинг дастлабки 13 нафарини соат 16:00 да қўйиб юборади. Бироқ шу куни Исроил томонидан қанча фаластинлик маҳбус озод этилиши ҳақида маълумот берилмаган. 

ҲАМАС 24 ноябрда тўрт кунлик сулҳ бошланишини тасдиқлади. 

«Тўрт кун ичида гаровга олинган 50 киши озод қилинади», дейлади Иззаддин ал-Қассам бригадалари баёнотида. 

Ўз навбатида, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу маъмурияти ҲАМАС томонидан гаровга олинганларнинг дастлабки рўйхатини олганини, улар жума куни озод этилишини маълум қилди. Бу масалага масъул Исроил расмийлари рўйхатни текширмоқда ва унга киритилган фуқароларнинг яқинлари билан боғланмоқда. 

Келишув шартларига кўра, ҲАМАС Ғазо секторида гаровга олинган 237 нафар фуқародан 50 нафар аёлни ва болани озод қилади. Ўз навбатида, Исроил 150 нафар фаластинлик маҳбусни, жумладан аёллар ва вояга етмаганларни қамоқдан озод қилиши айтилган. Маҳбуслар гаровга олинган исроилликлар мамлакатга қайтганидан кейингина озод қилинади. 

Гаровга олинганларнинг Ғазо секторини тарк этиши учун тўрт кунлик сулҳ жорий этилади, бу келишувнинг биринчи босқичи бўлади. Иккинчи босқичда сулҳ муддати узайтирилиши мумкин. Жумладан Исроил келишилган 4 кунга гаровдан озод қилинган ҳар ўн нафар фуқароси учун 1 кун қўшиб беришга тайёр. 

Келишув туфайли гаровдаги жами 100 нафар исроиллик ва 300 нафар фаластинлик маҳбус озод этилиши мумкин. Келишувга кўра, сулҳ 10 кундан ортиқ давом этиши мумкин эмас. 

Шунингдек, келишув доирасида Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами оқими кўпайтирилади.

Мавзуга оид