Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дублиндаги тартибсизликлар, урушни давом эттирмоқчи бўлаётган исроилликлар ва КХШТ йиғилишига бормаган Пашинян — кун дайжести
Кун давомида жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг қисқа ва лўнда тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.
Исроил-ҲАМАС можароси
Бугун, 24 ноябрдан бошлаб Ғазо секторида тўрт кунлик оташкесим амал қила бошлайди. ҲАМАС гаровда ушлаб турилганларнинг бир қисмини қайтариши, Исроил эса бунинг эвазига қамоқхоналарда сақланаётган фаластинлик маҳбусларни озод этиши эълон қилинган.
Исроил кучишлатар тизимлари раҳбарлари муваққат оташкесимдан сўнг жанглар яна давом эттирилишини таъкидлашмоқда.
«Агар уруш муваққат оташкесимдан кейин давом эттирилмаса, мен бу ҳукумат билан ҳеч бир умумий жиҳатим бўлишини истамайман», — деган Исроил ички хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир.
Қайғули статистика эса ўсишда давом этмоқда: Ғазода Исроил зарбалари оқибатида ўлдирилганлар сони 14 минг 845 нафарга етди. Яна 36 мингдан ортиқ киши яраланган. «Ал-Ҳадас» телеканали маълумотига кўра, ўлдирилганларнинг 6150 нафари ёш болалар, 4 мингдан ортиғи аёллар.
Украинадаги уруш
Россия қўшинлари Донецк яқинидаги Авдийивка шаҳарчасига штурмнинг учинчи тўлқинини бошлади. Улар яна зирҳли техника колонналари билан бостириб киришга уринмоқда.
Украинанинг «Таврия» қўшинлар гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавскийга кўра, бир сутка ичида Россия қўшинлари 706 киши ва 51 та техникаси, жумладан 8 та танкидан айрилган.
Россияликлар штурм ҳаракатларини 25–30 фоизга оширишган, шунингдек, бир нечта зирҳли техника колонналари билан ҳужумга ўтишган, бироқ техникаларининг 80 фоизидан айрилгани хабар қилинмоқда.
Россий «ҳарбий мухбирлари» ҳам ҳужум ҳақида ёзиб, айрим участкаларда россияликлар бироз олға силжишганини қайд этишган. Россия армияси ҳам кассетали снаярдлардан фойдаланаётганини хабар қилишган.
Бу орада БМТ Украинада уруш бошланганидан буён 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини тасдиқлади. Ўлдирилганлар орасида расман тасдиқланган болалар сони — 560 нафар. БМТ мониторинг миссияси ўтган давр ичида 18,5 минг киши яраланганини ҳам қайд этган.
Дублинда тартибсизликлар
Ирландия пойтахти Дублин шаҳрида кутилмаганда тартибсизликлар юзага келди. Ҳозирча расман тасдиқланмаган, бироқ жазоирлик экани айтилаётган мигрант пичоқ билан уч нафар ёш болани жароҳатлагач, норозилик намойишлари бошланиб кетган.
Полицияга кўра, намойишчилар ортида ўнг экстремистлар турибди. Sky News агентлигига кўра, намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлган тартибсизликлар иштирокчилари сони бир неча юз кишини ташкил қилган. Намойишчилар ҳуқуқ-тартибот ходимларига шиша ва петардалар улоқтириб, бир неча автобус ва полиция машинасини ёқиб юборган.
Кўчага чиққанлар муҳожирларга қарши шиорларни айтиб қичқиришган. Улар ҳукуматнинг миграция сиёсатига қарши чиқиб, мигрантлар учун чегараларни ёпишни талаб қилмоқда. Жамоат транспортларига ўт қўйишмоқда.
Минскда КХШТ йиғилиши
Беларус пойтахти Минскда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммити бўлиб ўтди ва унда Арманистон томони иштирок этмади. Беларус президенти Александр Лукашенко КХШТ учрашувида Арманистоннинг иштирок этмаганини «сабабсиз демарш» деб атади.
Россия, ўз навбатида, Минскда ўтган саммитда Арманистон вакиллари иштирок этмаганидан афсусда эканини изҳор этди.
Эслатиб ўтамиз, Арманистон Россия бош бўлган КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкилотлари йиғилишларида қатнашишни рад қилмоқда.
КХШТ саммитида бир қатор янги таклифлар берилди. Жумладан, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев КХШТ коллектив кучларини оператив ёйиш, контингентларни, ҳарбий авиацияни тўсиқсиз ўтказиш масаласида меъёрий ҳуқуқий база яратилиши лозимлигини таъкидлади.
КХШТга қарши турувчи куч — НАТОда ҳам худди шу масала кўтарилган. Улар алянс қўшинлари эркин ҳаракатланиши учун «ҳарбий Шенген» яратишмоқчи. НАТО бирлашган қўмондонлиги раҳбарига кўра, айни пайтда инсонлар ва техникалар ҳаракатланишида миллий давлатларнинг регламентлари билан боғлиқ жуда кўп муаммолар бор.
БАА Россия молиявий оқимлари устидан назоратни кучайтирмоқда
Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган Россия фирмалари маҳаллий банкларнинг синчков назорати остига олинади.
Россияга ёки учинчи давлатларга пул ўтказмалари энди ғарб давлатлари босими остида янада қатъийроқ текширилмоқда ва кўпроқ вақтни талаб қилмоқда. Айрим банклар кўпроқ ҳужжат талаб қилишмоқда, баъзан ўтказмани асослаб бериш ёки пулларнинг келиб чиқиш манбасини кўрсатишни талаб қилиб, маблағларни блоклаб қўймоқда.
Қатъийлаштирилаётган қоидалар барча давлатлардан келган фуқаролар билан боғлиқ, бироқ санкциялар ҳажми туфайли Россия компаниялари учун вазият ниҳоятда оғирлашиши мумкин.
Бу ўзгаришларга қарамасдан, БАА Россиянинг ҳали санкцияларга дучор бўлмаган кўплаб компаниялари учун афзал марказлигича қолмоқда.
Россия билан ҳамкорликдан қочиш борасида яна бир янгилик: Грециянинг йирик кема ташувчилик компаниялари (Minerva Marine, Thenamaris ва TMS Tankers) Россия нефтини ташимай қўйишди. Улар ғарб санкцияларидан қўрқишмоқда.
Грециянинг энг йирик уч компанияси ноябр ойи бошларидан буён нефт ташишга Россиядан бўлган буюртмаларни рад этмоқда. Бу компанияларнинг жами нефт танкерлари 100 дан ошади ва уларнинг рад этиш тўғрисидаги қарори Россия учун катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Компаниялар аввалроқ уруш ҳомийлари рўйхатига ҳам қўшилган эди, энди эса уларнинг бундай статуси тўхтатилган.
Дарвоқе, Украина президенти Володимир Зеленский имзолаган янги фармонда санкциялар рўйхатига киритилганлар орасида Ўзбекистон корхоналари ва фуқаролари ҳам бор. Жумладан, Akkermann Cement, «Оҳангаронцемент» АЖ, шунингдек, икки нафар фуқаро санкциялар рўйхатидан жой олган.
Мавзуга оид
15:45 / 19.06.2026
Британияда қамалган Хитой жосуслари ва Евроиттифоқ-Исроил можароси – кун дайжести
16:00 / 18.06.2026
Келишув имзолаган президентлар ва Москва осмонида юзлаб дронлар – кун дайжести
14:41 / 17.06.2026
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
15:42 / 16.06.2026