Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ҳамас Ғазодаги ҳукуматни тарқатиб юборди
Душанба куни Ҳамас Ғазода амалдаги ҳукуматни тарқатиб юборганини ва ҳокимиятни фаластинлик технократлар гуруҳига топширишга тайёрлигини маълум қилди. Ҳамаснинг билдиришича, вазирликларнинг ўзи ва тайинланган ходимлар ўз жойида қолади. Шунингдек, гуруҳ ўз назорати остида қолган Ғазо ҳудудларида хавфсизлик ва тартибни сақлашни давом эттиради.
Ғазо шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Ҳамас ҳукумати медиа идораси раҳбари Исмоил ал-Славабта назорат органи ҳисобланган «Ҳукумат фавқулодда қўмитаси» тарқатиб юборилганини айтди.
«Бу келишилган чораларни амалга оширишдаги жиддийлигимизни кўрсатади ва маъмурий ўтиш жараёнини осонлаштириш мақсадини кўзлайди», деди Исмоил.
Трамп томонидан қўллаб-қувватланаётган режага кўра, Ҳамас назоратни фаластинлик технократлар гуруҳи — Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмитага топшириши керак.
Мазкур Миллий қўмита раҳбари Али Шаъаснинг маълум қилишича, 15 нафардан иборат қўмита «зарур ресурслар ва иш фаолияти учун тегишли шароитлар яратилиши» билан Ғазода масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр.
Тинчлик кенгаши Ҳамаснинг ушбу қадами қайд этилганини маълум қилди. Бироқ кенгаш якуний баҳо — амалий ишларга асосланишини қўшимча қилди.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар эса Ҳамаснинг баёнотини рад этди. «Ҳамаснинг технократик ҳукуматга жой бўшатишга тайёрлиги шунчаки гуруҳнинг ўзини қуролсизлантиришдан қочишига қаратилган», деб ёзди Саар.
Унинг айтишича, «модомики Ҳамас ўз қуролларини сақлаб қолар экан, ҳар қандай фуқаролик ҳукумати Ҳамаснинг айтгани билан иш юритади.
Исроил Трамп режасининг тўлиқ бажарилишини, жумладан, Ҳамаснинг қуролларини топширишини талаб қилмоқда.
Ҳамас эса Исроилни оташкесимни мунтазам бузишда ва ўз қўшинларини Ғазодан олиб чиқиб кетиш шартларини бажармасликда айблади. Шу боис Ҳамас Исроил Ғазодаги ҳужумларини тўхтатмагунча қуролсизланишдан бош тортмоқда.
Трамп Эрдўғанни хурсанд қилмоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп Анқарада президент Эрдўған билан бўлиб ўтадиган учрашувида Туркияни F-35 қирувчи самолётлари дастурига қайтаришга тайёр эканини маълум қилиши мумкин. Бу ҳақда New York Times нашри Оқ уйдаги тўрт нафар юқори мартабали мулозимга таяниб хабар берди. Ушбу қадам миллий хавфсизлик расмийларининг бир неча ҳафта давомида парда ортида олиб борган саъй-ҳаракатлари самарасидир.






