Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди
Кеча Анқарадаги саммитда президент Трамп Эрон билан урушни тугатиш бўйича эришилган муваққат келишув «тугагани», улар билан ишламаслигини айтганди. Шундан сўнг, 9 июлга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари яна Эронга қарши зарбалар берди.
Трамп НАТО саммитидан қайтиш йўлида Буюк Британиядаги ҳарбий базада журналистларга баёнот берди.
«Биз уларга жуда қаттиқ – 20 га 1 нисбатда зарба бердик. Ҳар сафар улар бизга зарба берганда, биз уларга 20 баробар қаттиқроқ қайтарамиз. Ва биз буни ўтган кеча амалга оширдик», деди у.
АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, АҚШ кучлари сўнгги зарбаларда Эроннинг тахминан 90 та ҳарбий нишонига шикаст етказган. Буларга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, қирғоқни кузатиш воситалари, ракета ва дронлар сақланадиган омборлар ва ҳарбий логистика инфратузилмалари киради.
Эрон давлат ОАВлари жануби-ғарбдаги Аҳваз шаҳрида АҚШ ҳужумлари оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ва яна бир неча киши жароҳатланганини билдирди.
АҚШ зарбалари асосан Эроннинг жанубий қирғоқлари бўйлаб, Ҳўрмуз бўғозидан Уммон кўрфазигача бўлган ҳудудларда амалга оширилган.
Нишонга олинган жойлар орасида Эроннинг энг йирик порти — Бандар-Аббос ҳам бор. Бу ерда Муҳофизлар корпусининг асосий ҳарбий-денгиз объектлари жойлашган.
Шунингдек, Эроннинг Покистон билан чегараси яқинидаги қирғоқбўйи шаҳарлари — Конарак ва Чобаҳор ҳам ҳужумга учраган.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси пайшанба эрта тонгда – тунги зарбаларга жавобан Кувайт ва Баҳрайндаги АҚШ базаларининг ҳар бирига иккитадан ҳужум уюштирганини маълум қилди.
Агар АҚШ ўз ҳужумларини такрорласа, уларнинг жавоб чоралари минтақадаги бошқа базаларга ҳам кенгайиши айтилган.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф эса Ҳўрмуз бўғози АҚШ таҳдидлари билан эмас, балки фақат «Эрон тартиб-қоидалари» асосида очилишини айтди.
НАТО саммити тафсилотлари






