Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди, Туркиядан санкциялар ечилмоқда – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон зарбалар алмашди
АҚШ ҳарбийлари ўтган ойда эришилган тинчлик келишуви ва давом этаётган музокараларга қарамай, Эронга қарши зарбалар бериб, ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлади.
Вашингтоннинг билдиришича, сўнгги зарбалар Эрон кучларининг Ҳўрмуздан ўтаётган учта тижорат кемасига қилган ҳужумларига жавобан амалга оширилган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги Ҳўрмуз бўғози ва унинг атрофидаги Эрон ҳаво мудофаа тизимлари, қўмондонлик ва назорат тармоқлари, қирғоқ радар объектлари, кемаларга қарши ракета мажмуалари ҳамда Муҳофизлар корпусининг кичик қайиқларига 80 дан ортиқ зарба берганини маълум қилди.
Эрон олий қўшма ҳарбий қўмондонлиги АҚШ «очиқдан очиқ тажовузкорлик ҳаракатини» содир этганини маълум қилди ва бунга «ҳалокатли жавоб» қайтаришини билдирди.
Шундан сўнг Баҳрайн ва Кувайтда сиреналар чалингани ҳамда улар ракета ва дронлар ҳужумига учрагани ҳақида хабарлар тарқалди.
Муҳофизлар корпуси АҚШнинг 85 та асосий ҳарбий объектини нишонга олган ҳолда қўшма ракета ва дрон операциясини амалга оширганини маълум қилди.
Нишонга олинган объектлар қаторида Баҳрайндаги АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг 5-флоти базаси ва Кувайтдаги Али ал-Салем авиабазаси ҳам бор.
Шунингдек, Эрон мамлакат жанубида «Reaper» номи билан танилган АҚШнинг MQ-9 дрони уриб туширилганини эълон қилди. АҚШ ҳарбийлари чоршанба тонгида хабарга муносабат билдирмаганди.
Баҳрайн ёки Кувайт ҳужум бўлганини тасдиқлади, аммо қурбонлар ёки жиддий талафотлар ҳақида маълумот бермади.
АҚШ–Эрон нозик сулҳини синовдан ўтказаётган ҳарбий кескинлик – Доналд Трамп Туркияда НАТО етакчилари билан учрашаётган вақтда юз берди.
Трамп ва Эрдўған учрашуви
АҚШ президентининг 11 йил ичида Туркияга амалга оширган илк ташрифида Трампни аэропортда президент Эрдўған дабдабали маросим билан кутиб олди.
Ҳар икки етакчи ҳам оммавий чиқишларида бир-бирларини мақтаб гапирди. Хусусан, журналистлар билан суҳбатда Трамп Эрдўған билан ораларида ўзаро тушуниш борлигини ва Анқара билан муносабатлар ҳеч қачон ҳозиргидек яхши бўлмаганини айтди.
Трамп АҚШ томонидан Туркиянинг Россия мудофаа ракеталарини сотиб олгани сабабли жорий этилган санкцияларни бекор қилишини эълон қилди. Шунингдек, Трамп НАТО бўйича иттифоқчисига F-35 қирувчи самолётларини сотишга тайёрлигини билдирди.
«Биз санкцияларни олиб ташлаймиз», деди Трамп журналистларга. «Вақти келди. Биз дўстларимизга санкция қўллашни хоҳламаймиз», дея қўшимча қилди у ва унинг давлат котиби ҳамда молия вазири бу масала устида ишлаётганини билдирди.
Анқаранинг ҳали ҳам Россия С-400 тизимларига эгалик қилаётгани борасида бирон бир хавотири бор-йўқлиги сўралганда, у «менда Туркия билан боғлиқ ҳеч нарса борасида хавотир йўқ», деди.
Эрдўған ҳам F-35 қирувчи самолётларини сотиб олиш истаги бўйича ижобий натижа бўлишига умид билдирди. «Биз буни илгари АҚШ билан муҳокама қилган эдик ва бизга бешта самолёт ва ваъда қилинганди», деди Эрдўған ва қўшимча қилди: «мен жаноб Трамп ҳар доим ўз ваъдалари устидан чиқишини биламан».
АҚШ Конгресси – Туркия С-400 тизимларини ўзида сақлаб қолар экан, унга ҳар қандай F-35 савдосини тақиқловчи қонун қабул қилган. Чунки Россия тизими АҚШда ишлаб чиқарилган жанговар самолётлар хавфсизлигига таҳдид солади деб ҳисобланади. Трамп маъмурияти бу қонунни қандай «айланиб ўтиши» ҳозирча номаълум.
Бугун, 8 июн куни НАТОнинг асосий тадбирлари давом этади. Таҳлилчиларга кўра, НАТО бўйича иттифоқчилар Туркияни – жанубий-шарқий қанотда Россия тажовузига қарши тобора кучли қалқон сифатида кўрмоқда. Шу сабабли Анқара билан учрашувларда инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги борасидаги хавотирлар камдан кам ҳолларда тилга олинади.
Дамашқда портлашлар
Сешанба куни Дамашқда Франция президенти Эммануэл Макрон тунаб қолган меҳмонхона яқинида иккита бомба портлади. Оқибатда 18 киши яраланди.
Сурия хавфсизлик кучлари бомбаларни аниқлагани ва уларни зарарсизлантиришга тайёргарлик кўраётган пайтда портлаш содир бўлганини маълум қилди. Йўл четида тўхтаб турган машинага ва ахлат қутисига жойлаштирилган ушбу бомбалар Макрон истиқомат қилаётган жой атрофидаги хавфсизлик тўсиғидан ташқарида ўрнатилган бўлиб, унинг ташрифига ҳеч қандай хавф туғдирмаган. Ички хавфсизлик кучлари айбдорларни аниқлаш учун қидирув ишларини бошлаган.
Портлашлардан бироз аввал Макрон меҳмонхонани тарк этган ва президент саройида Аҳмад аш-Шаръа билан учрашаётганди. Унинг маъмурияти президент портлаш овозларини эшитмаганини билдирди.
Сешанба кунги ҳужум учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олмади. Шаръа суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтди.
Портлашлардан сўнг ижтимоий тармоқда пост қолдирган Макрон ташрифи давом этаётганини маълум қилди ва учрашган сурияликларнинг «ғурури, жасорати ва қатъияти»ни юқори баҳолади.
Макрон Франция Сурия билан хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорликни қайта кўриб чиқиш устида ишлаётганини билдирди. Жумладан, ИШИДга қарши курашда Франция махсус кучларининг эҳтимолий қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Шунингдек, Франциянинг йирик компанияси Дамашқ аэропортида ҳаво юкларини қайта ишлашни бошлайди. Франция Башарнинг амакиси, марҳум Рифат ал-Ассаддан мусодара қилинган 58,3 миллион долларлик активларни Сурияга қайтариш жараёнини бошлайди.
Ҳозирги вақтда Франциянинг Дамашқда доимий бўлмаган муваққат ишлар вакили ишламоқда. Макрон ҳар икки давлат элчиларни тайинлашини, Шаръа эса элчилар имкон қадар тезроқ алмашилишини айтди.
Тўқаевнинг муддати ноллаштирилди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев янги конституцияга мувофиқ яна президентлик муддатига ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига эга. Бу ҳақда Қозоғистон Конституциявий суди 7 июл куни Тўқаевнинг мурожаатига жавобан шундай қарор қабул қилди.
Президент ўз мурожаатида эски конституцияга мувофиқ лавозимларни эгаллаб турган шахслар — янги конституциянинг нормаларида кўрсатилган лавозимларга сайланиши ёки тайинланиши мумкинми деган саволни берганди.
Конституциявий суднинг қарори давлат раҳбарининг амалдаги президентлик муддатини ноллаштиради. Ваҳоланки, унинг ваколатлари битта етти йиллик давр билан чекланган бўлиб, 2029 йилда якунланиши керак эди.
Бу қадам Қозоғистон Конституциясига киритилган ўзгартишлар туфайли амалга ошди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу ўзгартишлар март ойида бўлган референдумда фуқароларнинг 87 фоизи томонидан қувватланган.
2022 йилда Қозоғистон Конституциясига президентлик ваколатларини фақат битта – 7 йиллик муддат билан чекловчи ўзгартишлар киритилганди. Тўқаевнинг ўзи эса бир неча марта «қайта сайланиш мақсадида асосий қонунни ўзгартириш нияти йўқлиги»ни айтганди.
Монакодаги теракт гумондори ўлик ҳолда топилди
Украиналик олигарх Вадим Ермолаевга Монакода суиқасд қилишда гумонланган 39 ёшли Анастасия Березовскаянинг жасади Киев яқинида топилди.
Украина бош прокуратураси маълумотларига кўра, гумонланувчи Украинага 1 июл куни келган. Қайтганидан кейин у собиқ ҳуқуқ-тартибот ходими ҳамда Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ходими билан мулоқотда бўлган. Терговнинг аниқлашича, ушбу шахслар Березовскаянинг криптовалюта ва банк ҳисобларига пул ўтказмаларини амалга оширган.
Бош прокуратурага кўра, разведкачи Березовскаяни бошқа бир фигурант билан биргаликда ўлдирганини маълум қилган. Иккинчи фигурант Березовскаяга пул ўтказганини тасдиқлаган. Бироқ у ўз ҳаракатлари ҳақида раҳбариятга хабар бермаганини ва ўз хоҳишига кўра иш тутганини қўшимча қилган.
Собиқ ходимининг уйида ўтказилган тинтув пайтида қийноқ хонасига ўхшаш ертўла аниқланган. Ҳозирда ҳар икки фигурант қасддан одам ўлдиришда гумонланиб қўлга олинди ва уларга айблов эълон қилинди.
Березовская украиналик тадбиркор Вадим Ермолаев ортидан кузатув олиб бориб, 29 июн куни Монакода – унинг уйи кириш қисмига портловчи мослама ўрнатишда гумон қилинганди.
«Le Figaro» маълумотларига кўра, европалик терговчилар суиқасдда Украина Хавфсизлик хизмати иштирок этган, деган версияга мойиллик билдираётганди.
Ҳозирда Украина Бош прокуратураси Монако ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилмоқда.
Мавзуга оид
15:35 / 07.07.2026
Сурияга келган Макрон ва Украинанинг энг узоқ масофали зарбаси – кун дайжести
14:36 / 06.07.2026
Россияга таклиф қилинган Трамп ва Туркияда намойишлар – кун дайжести
16:46 / 03.07.2026
Албанияда кучаяётган намойишлар ва Ташиевга ўқилган ҳукм – кун дайжести
14:52 / 02.07.2026