Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Хоминаий дафн қилинди
Пайшанба куни Эроннинг Машҳад шаҳрида олий раҳбар Али Хоминаийнинг якуний дафн маросими бўлиб ўтди.
Хоминаий билан видолашув маросимлари олти кун давом этди. Маросим Эрон ва қўшни Ироқнинг бир нечта шаҳарларида бўлиб ўтди. Олий раҳбарнинг жасади пайшанба куни эрталаб вертолётда Машҳадга олиб келинди.
Хоминаий Машҳад шаҳрида жойлашган Имом Ризо мақбараси ҳудудида дафн этилди. Шунингдек, Исроилнинг ҳаво ҳужуми вақтида ҳалок бўлган Хоминаийнинг оила аъзолари ҳам шу ерга қўйилди.
Мазкур мақбарада 2024 йилда вертолёт ҳалокатида вафот этган Эроннинг собиқ президенти Иброҳим Раисий ҳам дафн этилган.
Маросимда ўн минглаб аҳоли Хоминаийнинг суратлари, Эрон байроқлари ҳамда Доналд Трамп ва Бинямин Нетаняҳуни ўлдиришга чақирувчи плакатларни кўтариб олганди.
Али Хоминаий ва унинг оила аъзолари жорий йил 28 феврал — урушнинг илк кунида АҚШ–Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида вафот этган.
Орадан 3 ой ўтиб томонлар сулҳга келишди. Аммо сўнгги кунларда яна Ҳўрмузда эскалация бошланди.
Эрондаги Муҳофизлар корпуси пайшанба куни АҚШ зарбаларига жавобан Иорданиядаги Қўшма Штатларнинг «Азрақ» авиабазасига ўнта баллистик ракета отганини билдирди. Унга қадар Қатар, Кувайт ва Баҳрайнга ҳам зарбалар берилганди.
Россиянинг денгиздаги йўқотишлари
Украина армияси аннексия қилинган Қрим ҳудудидаги Россия логистика занжирига зарбаларни кучайтирмоқда. Қуруқликдаги коридордан кейин яриморолнинг денгиз орқали таъминот йўллари ҳам зарба остида қолди.
Украина армиясининг дронлар бўлинмаси қўмондони Роберт Бровдининг маълум қилишича, ўтган тўрт сутка ичида Азов денгизида камида 25 та кема ҳужумга учраган ва ёқиб юборилган. Уларнинг аксарияти Россиянинг ёқилғи ташувчи танкерларидир.
Дронлар бўлинмаси бошлиғи «Мадяр» бир неча кун ичида FVP-дронлар орқали тасвирга олинган рус кемаларига ҳужум қилинаётгани акс этган ўнлаб видеоларни эълон қилди.
Расман бу маълумотлар ҳозирча тасдиқланмади. Бироқ дастлабки маълумотлар ва уларни тасдиқловчи видео-далиллар унинг ҳақиқийлигини кўрсатмоқда, содир бўлган воқеа кўлами эса ҳайратланарли.






