Жаҳон | 15:11 / 24.11.2023
7280
2 дақиқада ўқилади

Германия Украинага ҳарбий техника ва снарядларни беради

Украина Қуролли кучлари 20 та немис пиёда жанговар машинаси, 2500 га яқин артиллерия снарядлари, миналардан тозалаш машинаси ва бошқа жиҳозларни олади.

Фото: AP

Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини топширади. Бу ҳақда Германия ҳукумати 22 ноябр куни ўз сайтида маълум қилди. Хабарда айтилишича, Украина Қуролли кучлари ўқ-дорилар билан жиҳозланган 20 та Marder пиёда жанговар машинаси, 2380 та 155 мм артиллерия снарядлари, Wisent 1 минадан тозалаш машинаси, 2428 та крипто-шифрланган алоқа ускуналари, шунингдек, Warthog зирҳли тез тиббий ёрдам машиналари, транспорт воситалари, микроавтобуслар, юк машиналари ва оддий тез ёрдам машиналарини олади.

Бундан олдин мудофаа вазири Борис Писториус Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича 17-«Рамштейн» конференциясида 2025 йилга топширилиши режалаштирилган IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизимининг тўртта қўшимча блокини, шунингдек, 20 мингта 155 мм артиллерия снарядлари ва танкка қарши миналарни етказиб беришга ваъда қилганди. Германиянинг Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети умумий қиймати 1,3 миллиард еврога баҳоланмоқда. Писториус, шунингдек, Германия «ҳозир ҳам, узоқ муддатда ҳам» Украина томонида бўлишда давом этишини таъкидлади.

Украинага кейинги ҳарбий ёрдам

Аввалроқ Bloomberg вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, Германия расмийлари 2024 йилда Украинага ҳарбий ёрдам харажатини икки баробарга – 8 миллиард еврогача оширишни режалаштираётгани ҳақида ёзган эди. Бироқ, ҳозирда Германия Молия вазирлиги мамлакатнинг деярли барча вазирлик ва идораларига янги молиявий мажбуриятлар олишни тақиқлаган, бу масала сўроқ остида.

Германия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Митко Мюллер DW'нинг Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақидаги саволига жавоб берди. Унга кўра, Писториус ваъда қилган таъминот учун пул тўланади. Бироқ, келаси йил бюджети қабул қилинишидан олдин Киевга ёрдам учун ажратилиши режалаштирилган бошқа маблағлар ҳақида гапиришга ҳали эрта: «Маълумки, келаси йил учун бюджетни режалаштириш ҳали тугалланмаган, парламентдаги тегишли жараён ҳали ҳам давом этмоқда», - деб тушунтирди Мюллер.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид