Жаҳон | 22:04 / 25.11.2023
15305
2 дақиқада ўқилади

Аргентинанинг янги президенти миллий валютани долларга ўзгартириш ҳақидаги фикрини ўзгартирди

Шунга қарамай, Марказий банкни тугатиш режасидан қайтмади.

Фото: Tomas Cuesta/Getty Images

Аргентинанинг янги президенти Хавиер Милей миллий валюта – песони долларга алмаштириш режасидан воз кечди. Бу ҳақда Financial Times (FT) ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Милей президент бўлгач, Аргентина Марказий банкига раҳбарлик қилиши кутилаётган Эмилио Окампо сиёсий келишмовчиликлар туфайли лавозимдан воз кечган. Бунга айнан песони долларга алмаштириш режаси сабаб бўлган.

«У ўзи рози бўлмаган режани амалга ошириш учун Марказий банкка бормайди», деди манба.

Хавиер Милей 10 декабрда президент лавозимига киришади. Ўзининг сайловолди кампаниясида у Аргентина иқтисодий тизимини кескин ислоҳ қилиш тарафдори эканини маълум қилди. Шу сабабдан «аррали иқтисодчи» лақабини олди.

Хусусан, Милей мамлакат Марказий банки ва кўплаб вазирликларни, жумладан меҳнат ва таълим вазирлигини тугатишни, шунингдек, иқтисодиётни песодан долларга ўтказишни таклиф қилган эди.

24 ноябр куни Милей маъмурияти Марказий банкни тугатиш режасидан воз кечмаслигини яна бир бор маълум қилди. Аммо, иқтисодиётни «долларлаштириш» режасини тилга олмади.

Мавзуга оид