Жаҳон | 21:08 / 29.11.2023
7592
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Эрон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Саудия Исроил-ҲАМАС можаросида Эрон ва унинг ҳамкорлари аралашувини чеклашни истамоқда.

Саудия Арабистони Эронга ҳамкорликни кенгайтириш таклифи билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Bloomberg ёзди.

Қайд қилинишича, Саудия Арабистони Эроннинг «санкцияга учраган» иқтисодиётига сармоя киритишни таклиф қилган. Эвазига Эрон ўзининг минтақавий ҳамкорларини Исроил ва ҲАМАС можаросини кучайтиришдан тўхтатиши лозим. Масаладан хабардор араб ва ғарб расмийларига кўра, таклиф бевосита ва билвосита йўллар билан қилинган.

Ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконияти ҳақида таклифлар Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг ноябр ойида Ар-Риёзда бўлиб ўтган учрашувида ҳам билдирилган. Раисий ҲАМАС ҳужумидан кейин Муҳаммад бин Салмон билан суҳбатлашган раҳбарлардан бири бўлган.

Шу билан бирга, АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Барбара Лиф сўзларига кўра, Вашингтон Саудия Арабистони ва бошқа араб иттифоқчилари билан иш олиб бормоқда. Мақсад – Теҳрон ва унинг иттифоқчиларини Исроил-ҲАМАС можаросида «қуролдан фойдаланишига» йўл қўймаслик.

Эроннинг Саудия таклифига қандай муносабат билдиргани ҳозирча номаълум.

Мавзуга оид