Ўзбекистонда йиллик инфляция ноябр ойида 8,8 фоизни ташкил этди. Бу 2016 йил августидан кейинги энг паст кўрсаткич. Humo устав капиталидаги давлат улуши Марказий банкдан олиниб, Давактивга ўтказилади. МТРК олган 22,5 млн евро кредитнинг 93 фоизи давлат бюджетидан қопланади. Якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари “Иқтисодий таймлайн”да.

“Нархоз” ва Молия институти шаҳар четига кўчирилиши мумкин

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институти шаҳар марказидан Сергели туманига кўчирилиши мумкин. Бу борада лойиҳа ишлаб чиқилган, аммо ҳали тасдиқланмаган.

Kun.uz манбасига кўра, таълим муассасаларини марказдан бошқа жойга кўчириш ва иккита ОТМни бирлаштириш таклифи Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги расмийлари томонидан илгари сурилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, айни пайтда иккита ОТМ ҳам аввалгидай фаолият юритяпти, лойиҳа ҳали тайёр эмас. Бу борада янгилик бўлса, қўшимча маълумот берилади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ислом Каримов шоҳкўчасида, Молия институтининг бош биноси эса Амир Темир шоҳкўчасида жойлашган. ОТМларнинг бўшатиладиган биноларининг кейинги тақдири маълум эмас.

МТРК'нинг 22,5 млн евролик қарзини халқ тўлайди

Миллий телерадиокомпанияга замонавий ускуналар сотиб олиши учун 2016-2017 йилларда 10 йиллик муддатга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 22,5 миллион евро кредит ажратилган. Шартнома шартларида қарз МТРК ва давлат томонидан тенг улушларда -11,25 млн евродан тўланиши керак бўлган. Аммо ўтган йиллар давомида корхона олган қарзи учун умуман пул тўламаган.

Президент қарори билан кредит муддати 10 йилдан 13 йилгача узайтирилиб, давлат бюджетининг қарзни қайтаришдаги улуши 21,1 млн еврогача оширилди.

Маълумот учун, 2024 йилда МТРКга давлат бюджетидан 560 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. Бу миқдор 2023 йил учун 556 млрд сўмни, 2022 йил учун 463 млрд сўмни, 2021 йил учун 427 млрд сўмни, 2020 йил учун эса 399 миллиард сўмни ташкил қилган.