Иқтисодиёт | 17:55 / 11.11.2023
24447
8 дақиқада ўқилади

Биржада қатнашадиган фермерлар, РФдан миллион тонна нефт, икки томонлама дефицит — Иқтисодий таймлайн

Ўзбек фермерлари тарихда биринчи марта ўзлари етиштирган пахтани ўзлари биржада сотиши мумкин бўлади. Марказий банк давлат харажатларининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетаётганининг хавфли оқибатларидан огоҳлантирди. Ўзбекистонда АИ-95 бензини тақчиллиги юзага келди, айни пайтда, бензин ишлаб чиқариш учун Россиядан нефт импорти бир неча баробарга оширилади. Якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари – иқтисодий таймлайнда.

Россиядан нефт импорти 3 баробардан ортиқроққа кўпайтирилади

Сўнгги ҳафтада Тошкентда АИ-95 маркали бензин тақчиллиги пайдо бўлди. Бир неча кун ичида айрим шохобчаларда бу маркадаги бензин пайдо бўлди, лекин нархи сезиларли кўтарилиб, 18 500 сўмгача нархда сотила бошлади. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз”га қарашли айрим ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятида узилишлар кузатилди.

Шундай шароитда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бензин дефицити кузатилаётганини инкор қилгани кўпчиликнинг эътиборини тортди. Ўзбекистонда бензин тақчиллиги йўқ, деди у Самарқандда бўлиб ўтган иқтисодий форумда. Вазир Рақобат қўмитаси томонидан биржада АИ-80 бензинини сотиб олиш лимити оширилганига ҳам изоҳ бериб, бу мамлакатда ёқилғи дефицити билан боғлиқ эмаслигини айтган.

“Чеклов нархларни манипуляция қилишнинг олдини олиш учун киритилди. Бу аҳолининг арзон бензинга эга бўлишини таъминлаш учун қилинган. Бу импорт ҳажмига боғлиқ эмас. Дефицит йўқ”, – деган Жўрабек Мирзамаҳмудов.

3 ноябр куни Москвада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия энергетика масъуллари нефт етказиб бериш масаласида шартнома имзолади.  Унга кўра, Ўзбекистон Россиядан нефт хомашёси импортини 2024 йилдан бошлаб йилига 1 миллион тоннага етказади. Таққослаш учун, Ўзбекистон 2023 йилда Россия билан бундан 3 баробар кам – 300 минг тонна нефт харид қилиш бўйича келишув тузганди. Импортни миллион тоннага етказишда нефт қувурларидан ҳам фойдаланилиши айтилмоқда. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бу шартнома бензин ишлаб чиқаришни кўпайтиришга имкон беришини маълум қилди.

Фермерларга енгилликлар

9 ноябр кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев энди фермерлар бир вилоят ичида ўзлари хоҳлаган кластер билан фючерс шартномаси тузиши мумкин бўлишини таъкидлади. Яна бир асосий янгилик – фермерлар шартномадан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади. Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кластерлар орқали эмас, тўғридан тўғри фермерларнинг ўзига ажратилади.

Умуман, мутасаддиларга кластер ва фермерларни молиялаштиришнинг янги тартибини йўлга қўйиш топширилди.

Маълумот учун, фермерлар пахта етиштиришда ўзлари фаолият юритаётган вилоятдаги кластерлардан истаганини танлаши ёки ҳеч қайсисини танламай, ўзаро кооператив ташкил қилиши мумкинлиги қонунчиликда аллақачон белгиланган, лекин амалда кўплаб ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар бунга риоя этмай келаётганди.

Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити

Саммитда Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Озарбойжон ва Эрон президентлари ҳамда Қозоғистон ва Покистон бош вазирлари иштирок этди. Саммит арафасида ташкилотга аъзо давлатларнинг ишбилармон доиралари вакиллари ўзаро бизнес учрашувлар ўтказди.

Давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги саммитда президент Шавкат Мирзиёев минтақавий ташкилот доирасида савдони соддалаштириш тўғрисида битим қабул қилишга чақирди.

“Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу ҳолатларни очиқ тан олишимиз ва уларни ижобий томонга ўзгартириш учун вазиятга янгича қараш билан ёндашиш керак”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатларнинг аксарияти денгизга тўғридан тўғри чиқа олмаслиги, шу сабаб транспорт коридорларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, “Ипак йўли” сайёҳлик бренди асосида умумий туристик дастурларни кўпайтириш ва бошқа таклифлар илгари сурилди.

Бюджет ва ташқи савдо балансидаги дефицит: Марказий банк Шри-Ланка кейсини эслатди

Ўзбекистон Марказий банки давлат харажатлари ўсишининг мамлакат ташқи савдо балансига таъсирини ўрганди. Монетар сиёсат органининг эътибор қаратишича, 2022 йилда Ўзбекистон ташқи савдо балансидаги тақчиллик, яъни экспорт ва импорт миқдорлари ўртасидаги манфий фарқ ЯИМга нисбатан 14,2 фоизга етган. Бу кўрсаткич 2017 йилда валюта эркинлаштирилганидан кейин 10 фоиздан кам бўлмай келяпти.

Ташқи савдодаги манфий дисбаланснинг ортиб бориши – сўнгги йилларда бюджет тақчиллигининг ҳам ортиши фонида рўй бермоқда. Давлат харажатларининг ошиши импортга қўшимча талабни юзага келтирмоқда, импортнинг ўсиши эса мамлакат ташқи савдо балансига босим ўтказяпти. Таҳлилларда давлат харажатлари ва импорт ҳажми ўртасида катта боғлиқлик борлиги тасдиқланган.

Марказий банк икки томонлама дефицит, яъни ҳам бюджет, ҳам ташқи савдо балансидаги тақчиллик узоқ давом этса, яхши оқибатларга олиб келмаслигидан огоҳлантирмоқда. Экспертлар бу борада 2022 йилда дефолтга учраган Шри-Ланкани мисол қилиб келтирган.

Марказий банкка кўра, ҳозирги вазият фискал харажатлар самарадорлигини ошириш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва экспорт ҳажмини оширишга қаратилган таркибий ислоҳотларга заруратни кучайтиряпти.

Юридик шахслар ва норезидентлар учун валюта сотиб олиш қоидалари қатъийлаштирилиши кутиляпти

Марказий банк тегишли ҳужжат лойиҳасини эълон қилди.

Амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлар чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун хизмат кўрсатувчи банкка буюртма берганда, мақсади ва асословчи ҳужжатларни тақдим этиши керак. Регулятор бу ҳужжатлар қайсилар бўлишини аниқ белгилаб қўймоқчи, лекин эълон қилинган рўйхатни қисқа деб бўлмайди.

Лойиҳа тасдиқланса, хўжалик юритувчи субъектлардан:

  • валюта операциясини амалга ошириш заруратини кўрсатувчи битим ёки инвойс;
  • чет эл валютасидаги лизинг ва кредитларга хизмат кўрсатишда – асосий сумма ва фоиз тўловларини қайтариш жадвали,
  • хорижий инвесторларнинг фойдаси, дивидендлари ва бошқа даромадларини репатриация қилишда – фойда тақсимлангани ва дивидендлар тўлангани тўғрисидаги ҳужжат, аудиторлик фирмаси ёки солиқ органининг хулосаси ҳамда даромад солиғи тўлангани тўғрисидаги солиқ органлари тасдиқномасини тақдим этиш талаб этилади.

Норезидентлар томонидан маблағларни уларнинг чет элдаги ҳисобварақларига ёки ушбу норезидентларни ташкил этган хориждаги корхоналарга ўтказишда – миллий валютадаги маблағларнинг қонуний йўл билан топилганини асословчи ҳужжатлар сўралади.

Қатор мутахассислар буни тадбиркорлар ва хорижликлар учун валюта операцияларини амалга оширишда бюрократияни кўпайтириш ва жараённи мураккаблаштириш деб ҳисоблаяпти. Хусусан, “Тошкент” республика фонд биржаси раиси Георгий Паресишвили бу лойиҳа қабул қилинса, Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигига жиддий путур етишидан огоҳлантирди.

Марказий банк бу хавотирларни рад этиб, лойиҳада валюта операцияларини чеклаш ёки қатъийлаштириш эмас, балки амалда мавжуд нормаларга аниқлик киритиш, айрим операцияларни амалга оширишни янада соддалаштириш, тарқоқ нормаларни умумлаштириш назарда тутилганини билдирди.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид