2024 йил учун бюджет қонуни лойиҳаси эълон қилинди: асосий маълумотлар

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган ҳужжатга кўра, консолидациялашган бюджет даромадлари 375 трлн сўм, харажатлари 427 трлн сўм бўлиши кутилмоқда. Давлат бюджети даромадлари эса 270,3 трлн сўмни, харажатлари 279,6 трлн сўмни ташкил этади.

Бюджет тақчиллигининг юқори чегараси 52,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Ҳукумат 2022 йилдан бери дефицитни 3 фоиздан оширмаслик мақсадини бюджет қонунига киритиб келади, бироқ тақчиллик ўтган йили 4 фоизга, жорий йилнинг 9 ойида эса қарийб 6 фоизга етди. Йил якунигача ҳукумат дефицитни 5,5 фоиздан оширмасликни режа қилган. 3 фоизлик мақсад эса 2025-2026 йилларга қолдирилди.

2024 йил учун ялпи ички маҳсулот 1 квадриллион 301 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. ЯИМ ўсиш суръати прогнози – 5,6-5,8 фоиз.

Инфляция 2024 йилда 8−10 фоиз, 2025 йилда 7,5−8,5 фоиз, 2026 йилда 5,7 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажмини 5 млрд доллар этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Асосий солиқ ставкалари ўрта муддатли истиқболда ўзгаришсиз қолади. 2024 йил 1 апрелдан таркибида шакар мавжуд бўлган газланган ичимликларга 1 литр учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилмоқда.

2024 йил 1 апрелдан юк кўтариш қуввати 10 тоннадан оғир юк машиналари учун йиллик базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида йўл йиғимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

2024 йил 1 апрелдан дори воситалари, шунингдек ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария буюмларини реализация қилиш, олиб кириш ҳамда уларни ишлаб чиқариш учун четдан олиб келинган хомашёга ҚҚС имтиёзи бекор қилиниши мумкин.

Ўзини ўзи банд қилганларнинг йиллик даромади 100 млн сўмдан ошганда 4 фоизлик ягона солиққа тортиш кўзда тутилмоқда.

2024 йил давлат бюджети прогнозларида геосиёсий зиддиятлар билан бирга олтин ва мис нархларининг пасайиши, энергия ресурслари тарифларининг оширилмай қолиши, пенсия ва иш ҳақларининг оширилиши бюджет харажатларини кўпайтирувчи асосий рисклар сифатида кўрилмоқда.