1898 йил ва 1900 йилда Германиядаги Бавария федерал ерида жойлашган Херцогенаур шаҳрида яшовчи Дасслерлар оиласида кетма-кет иккита ўғил туғилади. Каттасини Рудолф, кичигини Адолф деб аташади.

Биринчи жаҳон уруши бошланганда Рудолфни армияга чақиришади ва у Ғарбий фронтда жангларда қатнашади. Адолф эса урушнинг охирроқларида армияга чақирилади ва кўп ўтмасдан уруш тугайди.

Ака-укалар омон қолишган, ҳатто жароҳат ҳам олмаган эди. Бироқ атрофда урушнинг машъум асоратлари билан юрган ногиронлар жуда кўп эди.

1919 йилда Адолф отаси ёрдамида оёқ кийимлари тайёрлайдиган корхона очади. Ўша пайтда урушда енгилган Германияда иқтисодий инқироз юз берган, одамларда ҳатто ўртача нархдаги оёқ кийимини сотиб олишга ҳам пул йўқ эди.

Шу сабабли ота-бола оёқ кийимларини асосан эски ҳарбий кийимлар, буюмлар ва автомобил шиналаридан фойдаланиб тайёрлашади.

Рудолфнинг тақдири бироз бошқача кечади. Фронтдан қайтгач у Мюнхенга кетади ва полицияга ишга киради. Бироқ у ерда узоқ қолмайди ва икки-уч йилда бир нечта жойда ишлаб кўради.

1924 йилда Адолф акаси Рудолфни ёнига чақиради ва оёқ кийимларни бирга ишлаб чиқаришни таклиф этади. Рудолф рози бўлади ва укаси ёнига қайтиб келади. Улар ташкил этган компания «Ака-ука Дасслерлар» («Gebrüder Dassler») деб аталарди.

«Ака-ука Дасслерлар» компаниясининг тикув биноси

Ака-ука компаниядаги ишни ўзаро бўлиб олишади: Рудолф маҳсулотларнинг сотилишини, Адолф эса ишлаб чиқаришни назорат қилади.

«Ака-ука Дасслерлар»да тайёрланган оёқ кийимлар тез орада оммалашиб кетади. Кўп ўтмай ўтмай улар аввалига темир тишли, сўнг ортопедик тагчармлар билан жиҳозланган оёқ кийим ишлаб чиқаришни бошлашади.

Ҳар икки турдаги оёқ кийимлар спортчилар орасида тез оммалашади. Темир тишли оёқ кийим ишлаб чиқариш ғояси Адолфга тегишли эди. 1928 йилда бу ихтиро учун компания патент олади.

1928 йилда Ёзги олимпиада ўйинлари Нидерландия пойтахти Амстердам шаҳрида ўтказилади. Рудолф савдога масъул шахс сифатида Амстердамга боради ва у ерда ўз компанияси маҳсулотларини тарғиб қилади.

Ана шу мусобақаларда германиялик спортчиларининг бир қисми «Ака-ука Дасслерлар»да тайёрланган оёқ кийимлардан фойдаланади ва ғолиб чиқади.

Медаллар сони бўйича умумий ҳисобда германиялик спортчилар АҚШ жамоасидан сўнг иккинчи ўринни эгаллашади. Шундан сўнг компания маҳсулотларига бошқа давлат спортчилари ҳам қизиқа бошлашади.