Жаҳон | 23:36 / 06.12.2023
9701
2 дақиқада ўқилади

Гайана президенти Венесуэланинг эҳтимолий босқинига тайёргарлик кўрилаётганини эълон қилди 

Мамлакат минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун бир қанча эҳтиёт чораларини кўраётгани айтилди. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Гайана президенти Ирфон Али ўз мамлакати Венесуэла томонидан босиб олиниши мумкин бўлган Эссекибо ҳудудини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўраётганини айтди. 

«Биз бу таҳдидни жуда жиддий қабул қиламиз ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун бир қанча эҳтиёт чораларини кўрдик», деди Али. 

Унинг қўшимча қилишича, мамлакат расмийлари Эссекибони ҳимоя қилиш учун иттифоқчилар ва минтақавий ҳамкорлар билан боғланмоқда. Гайана қуролли кучлари бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари билан ҳам музокаралар олиб бормоқда, бироқ президент қайси давлатлар эканига аниқлик киритмади. 

Алининг таъкидлашича, агар Венесуэла «қуюшқондан чиқишга» уринса, минтақа давлатлари жавоб беришга мажбур бўлади. 

3 декабр куни Венесуэлада референдум бўлиб ўтди. Унда иштирок этганларнинг кўпчилиги Эссекибонинг Венесуэла таркибига кириши тарафдори бўлгани ҳақида хабар берилди. Венесуэла ҳукумати ва Миллий хавфсизлик кенгаши ушбу референдум натижаларини амалга ошириш учун бир қатор устувор чора-тадбирларни белгилаб олди. 

Венесуэла ва Гайана юз йилдан ортиқ вақтдан бери Эссекибо бўйича баҳслашмоқда. Венесуэла уни ҳар доим ўзиники деб ҳисоблаган, чунки мустамлакачилик даврида бу ҳудуд замонавий Венесуэланинг бошқа ҳудудлари каби Испания қироллигига тегишли эди. 1899 йилда, Гайана Британия мустамлакаси бўлганида, халқаро арбитрлар Эссекибони Британия таркибига кирадиган чегараларни тасдиқлашди. 

Венесуэла ҳукумати фикрича, ҳозир можарони ҳал қилишнинг ягона йўли Гайана мустақиллигидан олдин Буюк Британия билан тузилган 1966 йилдаги Женева келишувидир. 

Эссекибо инқирози 2015 йилда минтақа қирғоқлари яқинидаги Гайана ҳудудий сувларида нефт ва газ конлари топилганидан кейин янада кучайди. Венесуэла ҳам ушбу ҳудудий сувларга даъвогарлик қилади. 2023 йил сентябрида Гайана олтита хорижий нефт компаниясига, жумладан Американинг ExxonMobil компаниясига ушбу сувларда бурғулаш учун рухсатнома берди.

Мавзуга оид