Исроил олдига талаб, АҚШга чақирилган Зеленский, иш бошлаган Аргентина «Трампи» — кун дайжести
Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек, душанбадан бошлаб кун дайжестида таништириб борамиз.
АҚШ Янги йилгача Исроилдан ҲАМАСга қарши урушни тугатишни талаб қилган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўзининг Тел-Авивга қилган сўнгги сафари чоғида Исроил томонидан урушни янги йилгача тугатиши шартлигини айтган, деб ёзади The Economist ўз манбаларига таяниб. Уларнинг сўзларига кўра, Америка маъмурияти Исроилдан 2 млн фаластинлик қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ иш қилиши кераклигини ҳам талаб қилган.
Аммо Исроил на АҚШнинг, на БМТнинг бу тахлит талабларига қулоқ солишига ишониш қийин.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС тарафдорларига мурожаат қилди.
«Сўнгги кунларда ўнлаб ҲАМАС террорчилари бизнинг кучларга таслим бўлди ва улар қуролларини топширмоқда. Бу сал кўпроқ вақт талаб қилади, уруш қизғин палласида, лекин бу ҲАМАС интиҳосининг ибтидоси», — деган Нетаняҳу.
Нетаняҳу ҲАМАС аъзоларига мурожаат қилиб: ҳаммаси тугади, етакчи Синавар учун ўзларингни қурбон қилманглар, ҳозироқ таслим бўлинглар, деган.
Исроилнинг ярим яланғоч фаластинликларнинг қурол ташлаб таслим бўлаётгани тўғрисидаги видеоси саҳналаштирилгани шов-шув келтириб чиқарди.
Асирга олинганлар ёнида портловчи модда йўқлигига амин бўлиш учун ички кийимигача ечиртирилиб, сўнгра уларнинг қўлига қурол бериб қўйилгани саволлар уйғотмоқда.
Исроил Ғазода ҲАМАС устидан ғалаба қозонилгач, Ливанга уруш очишини ваъда қилмоқда. Исроил миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Цаҳи Ҳанегби ҲАМАСга қурши кураш муваффақиятли якунлангач, агар дипломатик чоралар иш бермаса, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан олиб бориладиган уруш истиқболлари ҳақида баёнот берган.
Аллақачон Исроил ҳарбий самолётлари Ливан пойтахти Байрут узра бемалол парвоз қилиб юришибди. Ливанда уларни уриб тушира оладиган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг ўзи йўқ.
Исроил бу орада Ғазонинг жанубидаги Рафаҳ ва Хон-Юнус шаҳарларини боғловчи сув ўтказувчи қувурни вайрон қилган. Исроил ҳарбий самолётлари сув етказишни тўхтатиш учун Рафаҳдан Хон юнус томон тортилган сув қувурларини бомбалаган.
Воқеани ўз кўзи билан бевосита кўриб турганлар жаҳон афкор оммаси Ғазодан кўзини юмиб олганини таъкидлашмоқда.
«Мен жаҳон нега Ғазодан кўзини юмиб олганини тушунмаяпман», деган ЮНИСЕФ вакили Жеймс Элдер. Унинг айтишича, Ғазода ҳақиқий ҳуманитар фалокат пишиб етилмоқда. Айни пайтда Ғазо бирор бир хавфсизлик зонаси яратишнинг имкони йўқ.
Ғазода ҳалок бўлганлар сони сўнгги 24 соат ичида 297 кишига ошган ва 17 минг 997 нафарга етган.
Хавиер Милей Аргентина президенти сифатида қасамёдга келтирилди. Инаугурациядан сўнг у фахрий китобга «Яшасин озодлик, жин урсин уни!» деб ёзган.
Аргентина президенти Хавиер Милейнинг инаугурация маросимига борган Украина президенти Володимир Зеленский Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан тик туриб суҳбатлашган.
Эслатиб ўтамиз, россияпараст Орбан бошқараётган Венгрия Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолигига қарши чиқиб келади. Шунингдек Евроиттифоқнинг Украинага ажратилаётган ёрдамларини мунтазам блоклаб туради.
Венесуэла ва Гайана Эссекибо бўйича музокаралар ҳақида келишиб олди
Венесуэла ва Гайана чегарасидаги вазият декабр ойи бошида Николо Мадуро Эссекибо ҳудуди Венесуэла таркибига қўшилишини эълон қилганидан кейин кескинлашган.
Венесуэла ва Гайана Эссекибо провинцияси атрофидаги вазият юзасидан музокаралар олиб боради. Учрашув 14 декабр, пайшанба кунига белгиланган ҳамда Сент-Винсент ва Гренадин оролларида бўлиб ўтади.
Венесуэла 1811 йилда мустақил давлат бўлганидан бери Эссекибога даъво қилиб келади. Гап худди шу номдаги Эссекибо дарёсининг ғарбий қисмидаги умумий майдони 160 минг квадрат километр бўлган ҳудуд ҳақида бормоқда, у Гайана ҳудудининг тўртдан уч қисмини эгаллаган ва ҳозирда унинг назорати остида. Эссекибо асосан ўтиб бўлмайдиган ўрмонлардир, аммо нефт, газ, олтин ва миснинг катта захираларига эга.
Бошқа воқеа ва ходисаларнинг қисқача шарҳи билан таништирамиз:
Байден ва Зеленский Оқ уйда учрашади. АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Володимир Зеленскийга 12 декабр куни Оқ уйда учрашув ўтказиш ҳақида таклифнома юборди.
Украина раҳбарининг АҚШга ташриф 11 декабрда бошланади. Бундан ташқари, Зеленский АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон билан учрашишни ҳам режалаштирмоқда.
Мисрда президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда. Кеча якшанба, 10 декабр куни бошланган сайловлар бугун ва эртага ҳам давом эттирилади.
Сайловда амалдаги президент Абдулфаттоҳ ас-Сисийга «Республика халқ партияси» етакчиси Ҳазим Умар, «Вафл» либерал партияси етакчиси Абдулсанад Ямама, «Миср социал-демократик партияси» раиси Фарид Заҳрон рақиблик қилмоқда.
Жаҳонда яқинда порох тақчиллиги юзага келади, деб ёзади Newsweek нашри. Ўқотар қурол ишлаб чиқарувчи Vista Outdoor компанияси Украина ва Яқин Шарқдаги уруш ўқ-дориларга талаб ниҳоятда ортишига олиб келганини айтган.
«Жаҳонда рўй бераётган воқеалар сабабли етказиб берувчилар бизни порохга талаб ниҳоятда ортгани ва глобал етишмовчилик ҳақида огоҳлантиришди. Шу сабабли бу вазият нархларимиз ошишига албатта таъсир кўрсатади», — деган компаниянинг савдо бўйича вице-президенти Бретт Нелсон.
Исроил матбуотининг ёзишича, Яман ҳусийчиларининг таҳдиди туфайли Қизил денгиздан кемалар йўналишини ўзгартириши Исроил иқтисодиётига 3 миллиард доллар зарар етказган. Ҳинд океанидан келаётган Исроилга тегишли кемалар Қизил денгиз ва Сувайш канали орқали юрмасдан, Африка қитъасини айланиб Ўрта Ер денгизига киришга мажбур бўлишмоқда.
Мавзуга оид
14:38 / 23.11.2024
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024