Жаҳон | 23:30 / 12.12.2023
8550
2 дақиқада ўқилади

Навалний янги тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Москвага жўнатилди – ОАВ 

Унга «Вандализм» моддаси бўйича янги жиноят иши очилган. 

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний Мелехово шаҳридаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясидан Москвага жўнатилган. Бу ҳақда Baza ўз манбаларига таяниб ёзди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, у вандализм бўйича янги жиноят иши доирасида тергов ҳаракатларини ўтказиш учун юборилган. 

Янги жиноят иши ҳақида Навалний 1 декабр куни маълум қилган эди. Жиноят Кодексидаги 214-модда 2-қисми («Вандализм») уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади. 

Аввалроқ, Навалний ўзига нисбатан очилган жиноят иши бўйича суд мажлисларида иштирок этмади. Шунингдек, адвокатларга у билан кўришишга рухсат берилмади. Бундан ташқари, Мелехово шаҳридаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колонияси раҳбарияти уни маҳбуслар рўйхатидан чиқарилганини маълум қилди. Бироқ, қаерга юборилгани ҳақида маълумот бермаган эди. Шундан сўнг, Навалний вакиллари у билан алоқа узилиб қолгани ҳақида хабар беришди. 

Алексей Навалний Москва шаҳар суди томонидан «экстремизмни молиялаштириш», «экстремизмга даъват қилиш» ва «экстремистик ташкилот тузиш» моддалари бўйича айбдор деб топилган ва ҳозир 19 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид