Жанубий Корея университети 22 нафар ўзбекистонлик талабани алдаб уйга қайтаргани маълум бўлди
Hanshin университети талабалар Ўзбекистонга қайтиш учун самолётга ўз ихтиёри билан ўтирганини таъкидламоқда, бироқ ўзбекистонликлар алдов йўли билан мамлакатдан чиқариб юборилганини айтмоқда. Маҳаллий полиция университетга нисбатан текширув бошлаган.
Жанубий Кореянинг Кёнги провинциясидаги Hanshin университети ўзбекистонлик 22 талабани мажбуран уйига жўнатгани аниқланганидан сўнг, можаро марказига тушиб қолди. Бу ҳақда Hankyoreh хабар берди.
Университет талабалар Ўзбекистонга қайтиш учун самолётга ўз ихтиёри билан ўтирганини таъкидламоқда, бироқ ўзбекистонликлар нашрга алдов йўли билан мамлакатдан чиқариб юборилганини айтишган. Маҳаллий полиция университетга нисбатан текширув бошлаган.
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ҳодиса юзасидан Жанубий Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари билан музокара олиб бормоқда.
Hankyoreh нашрининг таъкидлашича, Hanshin университети қошидаги Корейс тили институтида таълим олаётган Ўзбекистоннинг 23 нафар фуқароси 27 ноябр куни эрталаб автобусга ўтқазилиб, Инчхон халқаро аэропортига етказилган.
Дастлаб талабаларга хорижлик фуқароларнинг регистрация картасини олиш учун иммиграция идорасига борилиши айтилган. Бироқ, автобус Ҳвасонда хусусий қўриқлаш идораси ходимларини миндириб, тўғри халқаро аэропортга жўнаган. У ерда институт ходимлари ва қўриқчилар талабаларни Ўзбекистонга олдиндан буюртма қилинган рейсга ўтқазишган. Соғлиғи туфайли ёрдам сўраган бир нафар талаба рейсдан тушиб қолган. Қолганлари Ўзбекистонга учиб кетган.
Талабалар сўзларига кўра, уларга Ўзбекистонга депортация қилинаётгани ҳақида аэропортга кетаётганда айтишган. Институт ходимлари баъзи ўзбекистонликларнинг ҳужжатларида муаммолар борлиги, агар улар ҳозир иммиграция идорасига борса, қамоққа олинишини тушунтиришган. «Агар кейинчалик Кореяга қайтмоқчи бўлсангиз, ҳозироқ учиб кетишингиз керак», дейишган. Шундан кейин, институт ходимлари қўриқчилар ёрдамида талабаларнинг телефонларини олиб қўйишгани таъкидланмоқда.
Шу куниёқ Hanshin университети ўзбекистонлик талабаларни «иммиграция ҳужжатларини тақдим этмаслик, ётоқхонадан рухсатсиз чиқиб кетиш, таълим олишга ёмон муносабатда бўлиш ва университет қадриятларига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлари учун» ўқишдан четлатиш ҳақида буйруқ чиқарган.
Hanshin университетининг Hankyoreh нашрига хабар беришича, ноябр ойида иммиграция хизмати талабаларнинг банк ҳисобрақами кўчирмасини сўраган ва кўпчилик талабалар мамлакатда қолиш шартларига риоя қилмагани аниқланган.
«Агар бу ҳақда талабаларга айтсак, улар қочиб, ноқонуний мигрант бўлиб қолишидан қўрқдик. Таълим муассасаси келажакда чет эллик талабаларни жалб қилишда ноқулай аҳволга тушиб қолади», деб тушунтирган университет.
Аммо таълим муассасалари чет эллик талабаларни депортация қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу ҳақда мигрантларга ҳуқуқий маслаҳат берувчи Friend маркази раҳбари Чо Ён Кван маълум қилди.
«Институт, эҳтимол, агар талабалар мамлакатда ноқонуний бўлгани аниқланса, жаримага тортилишидан хавотирга тушган. Бироқ, таълим муассасалари чет эллик талабаларни депортация қилиш ҳуқуқига эга эмас. Иммиграция идорасининг вазифаси эса талабаларга виза муддати тугагандан сўнг, ўз ихтиёри билан уйига қайтиши учун мамлакатни тарк этишни маслаҳат бериш ёки хабардор қилишдир», деди Чо Ён Кван.
Жанубий Корея қонунчилигига кўра, тил бўйича ўқишга кирган чет эл фуқароларининг банк ҳисобрақамида камида 10 миллион вон (7600 доллар) бўлиши керак. Бу маблағлар уч ой ёки ундан кўпроқ вақт давомида сақланиши шарт.
Нашрнинг таъкидлашича, Hanshin университети ўқишга қабул қилиш вақтида чет эллик талабаларга керакли балансни фақат бир кун сақлаш лозимлигини маълум қилган. Шунга кўра, кўплаб талабалар Жанубий Кореяга борганидан сўнг банкдаги маблағларнинг бир қисмини сарфлаб юборган. Шундан сўнг, университет раҳбарияти талабаларни ноқонуний мигрант сифатида таснифланишидан қўрқиб, уларни депортация қилишга шошилган. Hanshin университети раҳбарияти пулни сақлаш муддати ҳақида нотўғри маълумотни Жанубий Корея Адлия вазирлиги берганини даъво қилмоқда.
Ўзбекистонлик талабаларга кўра, уларга ҳатто ётоқхонадан нарсаларини олишга ҳам рухсат берилмаган ҳолда Ўзбекистонга қайтариб юборилган. Кейинчалик Hanshin университети, агар улар Жанубий Кореяни ўз ихтиёри билан тарк этганини ёзма равишда тасдиқласа, қолган муддат учун шартнома пулини қайтариб беришини маълум қилган.
Маҳаллий полиция университетга нисбатан текширув бошлагани таъкидланмоқда.
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси Hanshin университети раҳбарияти билан вазиятни муҳокама қилиб, талабалар Жанубий Кореяда қолиш ва университетда ўқиш қоидаларини бузганини маълум қилди. Хусусан, улар «университетнинг ички талабларига риоя қилмай, ноқонуний ишлаб, дарс қолдирган». Ноябр ойи ўрталарида 8 нафар талаба ноқонуний ишдан қайтаётганда автоҳалокатга учраган. Бу воқеа Корея матбуоти ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Жабрланган талабаларда тиббий суғурта йўқлиги туфайли, уларни кўрикдан ўтказиш ва даволаш учун барча харажатлар университет томонидан қопланган.
«Жанубий Кореяда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (ID карта) олишга улгурмасдан, бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Пёнгтек шаҳар Иммиграция хизмати тақдимномасига кўра, университет раҳбарияти талабаларни университетдан четлатиш бўйича қарор қабул қилган. Натижада, 27 ноябр куни 22 нафар ўзбекистонлик талаба Жанубий Корея ҳудудидан чиқариб юборилган. Ўзбекистонлик талабалар томонидан амалга оширилган бундай ҳатти-ҳаракатлар Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон фуқароларига виза бериш тартибини мураккаблаштириб, ўзбекистонлик талабаларнинг Корея олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнини қийинлаштириши мумкин», дейилади элчихона хабарида.
Мавзуга оид
19:03 / 18.11.2024
Ўзбекистонда хорижликларни номақбул шахс деб топиш ҳақидаги қонун кучга кирди
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024