Зеленский америкалик сенаторлар билан «очиқ учрашув» ўтказди
Украина президенти АҚШ Конгресси сенаторлари билан учрашиб, ўз мамлакатидаги вазият ва унинг эҳтиёжларини батафсил баён қилди. Демократлар етакчиси Чак Шумер учрашувни «кучли» деб атади.
Украина президенти Володимир Зеленский Вашингтонга ташрифи чоғида АҚШ Сенати аъзолари билан учрашди. 12 декабр, сешанба куни АҚШ Конгрессида ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган учрашувда Зеленский сенаторларни Украина учун қўшимча маблағ ажратишни маъқуллашга чақирди.
Украина президентининг сўзларига кўра, АҚШ Сенатидаги учрашув «дўстона ва самимий» ўтди. Бу «Украинанинг мустақиллик, эркинлик ва демократия учун курашда қўллаб-қувватланишининг муҳим тасдиғидир», деб ёзди Володимир Зеленский Telegram-каналида. Унинг сўзларига кўра, у сенаторларга Украинадаги хавфсизлик ва иқтисодий вазиятни баён қилган ва «Американинг ҳаётий ёрдамини сақлаб қолиш» зарурлигини таъкидлаган.
Зеленский, шунингдек, Сенатдаги Демократик партия етакчиси Чак Шумер ва Сенатдаги Республикачилар етакчиси Митч Макконнелга Украинага икки партиявий ёрдамни кучайтиргани учун миннатдорчилик билдирди.
Шумер: Зеленский билан кучли учрашув
Ўз навбатида Шумер сенаторлар ва Зеленский ўртасидаги учрашувни «жуда кучли» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Украина раҳбари ўз мамлакатининг эҳтиёжлари ва АҚШдан Украинага мумкин бўлган ёрдам вариантларини «муфассал тушунтириб берган», шунингдек, бу ёрдам Киевнинг ғалаба қозонишига қандай ёрдам бериши мумкинлигини айтган. «Агар у керакли ёрдамни олса, ғалаба қозонади», - дея Шумер сўзларини келтирган CNN. Сенатдаги демократлар етакчиси, агар Украина мағлуб бўлса, Россия президенти Владимир Путин ғалаба қозонишини ва «бу Қўшма Штатлар учун жуда ва жуда хавфли» эканини таъкидлади.
Ўз навбатида республикачи Том Тиллиснинг CNN телеканалига айтишича, учрашув чоғида Украинадаги коррупция муаммоси ҳам кўриб чиқилди.
АҚШ Конгресси ҳозирча Киевга кўмак учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаган
Октябр ойида АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга Украинага бир йилга 61,4 миллиард доллар, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Қонун чиқарувчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келишолмаган.
Агар АҚШ Конгресси Киевга ёрдам учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, Вашингтонда жорий йил охиригача Украинага қурол-яроғ ва жиҳозлар сотиб олиш ресурслари тугайди, деди Оқ уй бошқарув ва бюджет бўлими директори Шаланда Янг спикер Майк Жонсонга. Унинг сўзларига кўра, Америка қурол-яроғи ва жиҳозларини етказиб беришни тўхтатиш «нафақат Украина эришган муваффақиятларни хавф остига қўяди, балки Россия ҳарбийларининг ғалаба қозониш эҳтимолини ҳам оширади».
Бу Володимир Зеленскийнинг Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бери Вашингтонга учинчи ташрифи.
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
15:44 / 13.11.2024