Жаҳон | 16:42 / 14.12.2023
8249
2 дақиқада ўқилади

Путин Россияда сафарбарликнинг иккинчи тўлқини бўлмаслигига ваъда берди

Россия ҳукумати ўз вақтида биринчи тўлқин бўлмаслигига ҳам ваъда берганди. 

Alexandr Kryazhev / Sputnik / Scanpix / LETA

РФ президенти Владимир Путин Россияда сафарбарликнинг иккинчи тўлқини бўлмаслиги ҳақида гапирди.

«Сафарбарлик нега керак? Бундай зарурат йўқ», — деган у жонли мулоқот вақтида.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда сафарбарлик доирасида чақирилган 244 минг ҳарбий хизматчи Украинада бўлиб турибди. Бундан ташқари, яна 486 минг кўнгилли РФ мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган.

«Бизда «қисман сафарбарлик» ўтказилди, унинг доирасида 300 минг киши хизматга чақирилди. Бу борада кўп истеҳзолар бўлди, уларга «мобиклар» лақабини ёпиштиришди. Йигитлар эса яхши жанг қилмоқда, 14 нафар Россия қаҳрамонлари, бошқа орденлар ҳақида гапирмай қўя қолай. Ҳозирда 244 минг киши ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлиб турибди. Улар орасида яхши мутахассислар кўплаб топилади. 41 минг киши маълум ёшга етгани туфайли, саломатлиги ва бошқа сабаблар билан хизматдан бўшаган.

Шундан сўнг биз одамларни шартнома имзолашга жалб этиш кампаниясини бошладик. Йил охиригача 412 минг киши режа қилинганди, кечаги кунга келиб 486 минг киши бўлди. Ватанни қурол кўтарган ҳолда ҳимоя қилишга тайёр эркакларимиз оқими камаймаяпти. Ҳар куни 1500 киши хизматга ёзилмоқда», деган РФ президенти.

  • Россияда қисман мобилизация (амалда у қисман бўлмаганди) 2022 йил сентябр ойи охирида эълон қилинганди. Ноябр ойи бошида РФ ҳукумати сафарбарлик бўйича чақирув якунланганини эълон қилди, аммо бу ҳозирга қадар юридик жиҳатдан расмийлаштирилмаган. Яъни президент сафарбарлик якунлангани тўғрисидаги фармонини имзоламаган.
  • Шундан кейин бир неча марта ҳукумат сафарбарликнинг «иккинчи тўлқини»ни бошлаши ҳақида хабарлар тарқалди. Кремлдагилар буни рад этишган. Лекин ҳукумат аввалроқ уруш ҳам, «қисман сафарбарлик» ҳам бўлмаслигини ваъда қилганди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид