Жаҳон | 22:35 / 15.12.2023
15857
12 дақиқада ўқилади

Путиннинг жонли эфири, Украинага эшик очган Евроиттифоқ, Эроннинг АҚШга таҳдиди — кун дайжести

Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз. 

Ғазодаги вазият

АҚШ ҳукумати Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш имкон қадар тезроқ тугашини исташаётганини билдирди.

Жо Байден администрацияси ва Нетаняҳу ҳукумати ўртасида Ғазода урушдан кейинги ҳолат бўйича ихтилоф давом этмоқда. Оқ уйда манбаси бўлган кўплаб Америка ОАВ АҚШ шу йилнинг охиригача Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун муддат берганини ёзган.

«Исроил туннеллари сув билан тўлдира олмайди», дея хавотирларни тарқатишга уринмоқда ҲАМАС расмийлари.

Ҳаракатнинг расмий вакили Усома Ҳамдан вазиятни изоҳлар экан, туннеллар қаршиликнинг муҳим унсури эканини айтиб, у тажрибали инженерлар томонидан яратилгани ва потенциал хавф-хатарларга тайёр қилиб қурилганини эътироф этган.

Бундан ташқари у Исроил аскарлари Ғазодан майиб, мажруҳ ва руҳий саломатлиги ёмонлашган ҳолатда қайтаётганини айтган. «Ал-Қассам бригадалари Ғазони босқинчи кучларнинг мозорига айлантириш борасида берган ваъдаларини бажармоқда», деган Усома Ҳамдан.

Исроил армияси ҲАМАС билан ҳамкорликда гумон қилиб, фаластинлик юзга яқин эркакларни сектордан олиб чиққан.

Бироқ, ўғирлаб кетилганлар орасида қаршилик ҳаракати аскарлари йўқ, улар асосан тинч фуқаролар — врачлар, журналистлар, ўқитувчилар, фуқаролик соҳаси ва БМТ ишчи-хизматчиларидан иборат, дейилади маҳаллий нашрлар хабарида.

Исроил ҳокимияти Ғазодаги қаршилик кучлари етакчилари тўғрисидаги ҳар қандай ахборот учун катта пул мукофотлари таклиф қилмоқда. Шундай варақалари Ғазо секторида тарқатилмоқда.

Бу вақтда Ғазода уйсиз жойсиз қолган оилаларнинг болалари вақтини мазмунли ўтказиши учун уларга кўчада мульфилм қўйиб берилаётгани тасвирлари тарқалди. 

Путиннинг тўғридан тўғри линияси

Россия президенти Владимир Путиннинг сўнгги икки йилда илк марта ўтказилган ва 4 соатча давом этган тўғридан тўғри линиясида у махсус ҳарбий операция мақсадлари ўзгармаганини таъкидлаб, фронтга 617 минг  ҳарбий жалб қилинганини айтиб, «тинчлик қачонки биз ўз мақсадларимизга эришганимизда бўлади», деган.

Европа Иттифоқи билан муносабатлар масаласида берилган саволга Путин Россия муносабатларни бузмагани, улар Россия билан муносабатларни тўхтатишганини айтган.

Сафарбар қилинган аскарларнинг аёлларини қийнаётган савол — эрлари урушдан қачон қайтиши ҳақида Путин мутлақо гапирмаган.

Уруш масаласига тўхталар экан, «Руслар ва украинлар — ягона халқ. Ҳозир содир бўлаётган воқеалар фуқаролик урушига ўхшаш нарса», деган Путин.

У шунингдек Украинанинг жанубий-шарқий қисми доимо Россияники бўлгани, Одесса умуман руслар шаҳри эканини таъкидлаган.

«НАТОнинг чегараларимиз яқинига суқулиб киришга бўлган интилиши биз ҳозир гувоҳ бўлиб турган фожиаларга етаклади. Россияни махсус ҳарбий амалиётни бошлашга мажбур қилишди», — деган Путин.

Ўз чиқишида Владимир Путин мигрантлар масаласига ҳам тўхталиб ўтган. Хусусан, у 10 млндан зиёд мигрантларга инсоний шарт-шароитлар ҳозирлаш кераклигини айтган.

«Мигрантлар учун нормал инсоний шарт-шароитлар яратиш керак. Биз мигрантлар оилаларининг ижтимоий масалаларини ечишга қанча пул сарфлаймиз? Ҳа, мен бу масалага муносабат жуда нозиклигини тушунаман. Лекин биз инсонларни, уларнинг рафиқаларини, болаларини ташлаб қўйсак яхши бўлармиди?» — деган Путин.

«Барча мигрантлар бизнинг қонунлари ва анъаналаримизни ҳурмат қилишлари, тегишли органлар уларни кузатиши ва ўз вақтида қонунбузарликларни аниқлаши керак. Бунга эса тайёрланиш керак. Мигрантлар келаётган мамлакатлари рус мактаблари очишга, уларга дарсликлар ва ўқитувчилар жўнатишни сўрашмоқда», — деган Путин.

Тўғридан тўғри линияда Путин сайлов ва сайловолди кампанияси ҳақида сўз очмаган. Шунингдек, саккиз кундан буён қаердаги номаълум бўлган мухолифатчи Алексий Навалний борасида ҳам ҳеч ким савол бермаган. 

Россиянинг украинадаги режалари

Путиннинг тўғридан тўғри эфири тугагач Россия армияси Украина шаҳарларига гипертовушли «Кинжал» ракеталари билан ҳужум уюштирган. Хмелницкий областидаги Староконстантинов аэродроми нишонга олинган бўлиши мумкин. Киев областида битта «Кинжал» ракетаси уриб туширилган.

Россия Украинада 2026 йилгача жанг олиб боради ва Запорижжя, Харкив ва Днипропетровск областларини эгаллаб олишни режалаштирмоқда — деб ёзади Германиянинг BILD нашри.

Нашр манбаларининг маълумотларига кўра, 2024 йил сўнгига қадар Россия Донецк ва Луҳанск областлари устидан тўлиқ назорат ўрнатиб, Харкив областидаги Оскил дарёсигача бормоқчи.

2026 йил охиригача Россия Харкив, Днипропетровск ва Запорижжя областларини ўз назоратига олмоқчи. Бунинг учун Россия Украинада йилига 100 минг аскаридан айрилишга тайёр. Путинда ҳозирча Херсон ва Одессага ҳужум қилиш режаси ҳозирча йўқлиги ҳам айтилган. 

Евроиттифоқ саммити

Европа Иттифоқи саммитининг биринчи кунида Украина ва Молдованинг евроиттифоққа аъзо бўлиши борасида музокараларни бошлашини ёқлаб овоз берилди. Гуржистон эса Евроиттифоққа аъзо бўлишга нозод статусини олди. Буни блокка аъзо 27 давлатдан 26 тасининг ҳукумат раҳбарлари қўллаган. Овоз бериш жараёнида Венгрия бош вазири Виктор Орбан зални тарк этган. У масала бўйича овоз бермагани билан, қарши овоз бермагани учун қарор қабул қилинган.

Бироқ Виктор Орбан Украинага 2027 йилгача ажратилиши кўзда тутилган 50 млрд евро қўшимча ёрдам пулини Евроиттифоқ бюджетига киритиш масаласи бўйича вето қўйган.

Украина президенти Володимир Зеленский Орбаннинг кўзига ёмон кўринмаслик учун саммитга чақирилмади, деб ёзади Politico нашри. Гарчи у самимитда шахсан қатнашишни жуда истаган. Евроиттифоқ етакчилари Орбаннинг реакциясидан чўчиб, унга таклифнома юборишмаган.

Украинанинг ЕИга аъзолик масаласини блоклай олмай қолган Венгрия бош вазири Виктор Орбан евроиттифоқ раҳбарларининг учрашуви 8 соатга чўзилгани, Киев ҳали музокараларга тайёр эмаслиги борасида Будапешт позицияси ўзгармагани ва ўзгармаслигини таъкидлаган.

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш ва уларни айланиб ўтишга қарши курашиш учун қатъиятга тўла.

Шунингдек, Европа етакчилари Украинани сиёсий, молиявий ва ҳарбий жиҳатдан «қанча вақт талаб этилса — шунча» қўллаб-қувватлаш, Киевга кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб бериш, 1 млн ўқ-дориларни етказишни тезлаштиришга чақиришган.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи келгуси йилнинг ёзигача иттифоқни янада кенгайтириш учун ички ислоҳотлар йўл харитасини келишиб олишни истамоқда. Бироқ, Украина ва Молдованинг Евроиттифоққа келгусида аъзо бўлиши бўйича музокараларни бошлаш муддатини аниқлаштириб олмаган. Музокара доираси 2024 мартида тасдиқланиши мумкин.

Европарламент кенг кўламли ислоҳотлар лойиҳасини ҳам қабул қилмоқда. Мамлакатлардан вето қўйиш ҳуқуқи қарийб олиб қўйилади, Брюссел эса кўпроқ ваколатларга эга бўлади. Бундан кўзланган мақсад — қарорларни тезроқ қабул қилиш бир мамлакат позициясига боғланиб қолмаслик. 

Финландия яна чегарани ёпди

Россия билан асосий чегара назорат ўтказиш пунктини бор-йўғи икки кунга очган Финландия уни зудтар қайта ёпишга мажбур бўлган. Яна сомали ва суриялик 62 нафар мигрант чегарага ёпирилиб келган. Финландия томони бугундан бошлаб 14 январгача чегаралар мутлақо ёпиқ туришини таъкидлашган.

«Бу Россия ҳокимияти Финландияга қарши гибрид операцияни давом эттираётганидан нишона. Бунга Финландия асло тоқат қилолмайди», — деган мамлакат ички ишлари вазири Мари Рантанен.

Боз устига, Финляндия 18 декабр куни АҚШ билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзолайди.

«Энди барча нарса бўйича алоҳида алоҳида келишилмайди, бу келишув тинчлик вақтида операцияларни уюштиришни енгилаштиради, лекин энг асосийси, кризис рўй берган чоғда бу ҳаётий муҳим келишув бўлади», деган мамлакат ташқи ишлар вазири Элина Валтонен.

Келишув имзолангач, Америка қўшинлари Финландияга зудлик билан келиб жойлаша олади. Тайёргарлик учун 15 та объект ва зонага тўсиқсиз кириш имкони берилади ва у ерда ҳарбий техника ва ўқ-дорилар сақлаш учун имконият яратилади, деб ёзади Reuters. 

Таътилга чиққан конгрессменлар

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг республикачи депутатлари Украина учун янги ёрдам сўровини маъқулламасдан, янги йил таътилига чиқиб кетишмоқда.

Оқ уй матбуот октиби Карин Жан-Пиер бундай ҳатти ҳаракатлар шлобал дунёда потенциал агрессорларни янада чоғлантириши айтган. АҚШ Конгрессининг ҳаракатларини Москва, Пекин ва Теҳронда синчковлик билан кузатиб туришганини эслатган.

«АҚШ ва дунё хавфсизлиги борасида ҳаётий муҳим қарорлар қабул қилиш керак бўлиб турганида Вакиллар палатасидаги республикачилар байрам таътиллари учун уйларига кетмаслиги керак эди», — деган Карин Жан-Пиер.

Бироқ АҚШ Сенати байрам таътилларига чиқмасдан келгуси ҳафтада ҳам иш олиб боради. Чунки Украинага ёрдам ва чегаралар хавфсизлиги бўйича музокаралар давом этмоқда.

Сенатдаги кўпчилик демократлар етакчиси Чак Шумер Оқ уй маъмуриятининг Украинага 61 млрд ёрдамни ўз ичига олган бюджет сўрови бўйича овоз бериш келгуси ҳафтада бўлиб ўтишини айтиб ўтган.

Сенат ҳам пайшанбадан рождество таътилларига чиқиши керак эди. Бироқ демократлар, республикачилар ва Оқ уй маъмурияти ўртасидаги музокараларга кўпроқ вақт керак бўлади. Республикачи сенаторлар Украинани қўллаб-қувватлаш эвазига Мексика билан чегарадаги режим қатъийлаштирилишини талаб қилишмоқда. 

Эрдўған ва байден мулоқоти

АҚШ зиммасида Ғазода ўт очишнинг тўхтатилиши учун тарихий масъулият бор, деган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ президенти Жо Байденга телефон орқали суҳбатда.

Вашингтонни Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлашдан воз кечиши ўт очишнинг тезда якунланишига олиб келади, деган Эрдўған Байденга.

Оқ уй раҳбари эса Туркияга F-16 қирувчи самолётлари сотилишини қўллаб-қувватлашини айтган.

Бу борада Эрдўған ва Байден ўртасидаги мулоқот боргани ҳақида Оқ уй миллий хавфсизлик кенгаши координатори Жон Кирби матбуот анжуманида таъкидлаб ўтган. 

Эроннинг таҳдиди

АҚШ Қизил денгизда коалиция тузса жиддий муаммоларга дучор бўлади, деган Эрон мудофаа вазири Муҳаммадризо Аштиёний.

Аштиёний АҚШнинг Қизил денгизда ҳаракатланувчи кемаларни ҳусийчилардан қўриқлаш бўйича халқаро гуруҳ тузиш ташаббусини танқид остига олди.

«Агар улар бундай ўйланмаган қадамни қўйишса, жиддий муаммоларга дучор бўлишади. Эрон етакчи позицияга эга минтақада ҳеч ким бундай қадам қўйишга ҳақли эмас», — деган Аштиёний.

Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Қизил денгизда ғарбий денгиз кучларининг оператив гуруҳини шакллантириш борасида иттифоқчилар билан музокаралар олиб борилаётганини эълон қилган эди. Америка томони кемаларга ҳужум уюштираётган яманлик ҳусийчиларни минтақани беқарорлаштирувчи, хавфли ва халқаро ҳуқуқларни поймол қилувчи куч деб атаган. 

Спорт сиёсатдан холи

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах россиялик ва беларуслик спортчиларга нега Париж олимпиадасида иштирок этишга рухсат берилганини тушунтирди.

Бахнинг фикрича, Украинадаги уруш жаҳонда содир бўлиб турган 28 та уруш ва можаролардан бири, бироқ спортчилар ҳамма жойда бир бири билан мусобақалашишда давом этмоқда.

«Спортчилар ўз ҳукуматларининг хатти-ҳаракатлари учун жазоланмаслиги керак», — деган Томас Бах.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Беларус спортчиларига олимпиадада нейтрал статусда иштирок этишга рухсат берилган. Улар чемпион бўлса давлат байроғи кўтарилмайди ва мадҳия чалинмайди.

Мавзуга оид