Суриштирув: Ўзбекистонлик 22 талабанинг Кореядан ноқонуний депортацияси қандай рўй берган?
Корейс полицияси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот Ҳаншин университети устидан текширув бошлаган. Олийгоҳга нисбатан ноқонуний ҳибсга олиш, таҳдид қилиш ва одам ўғирлаш айбловлари қўйилиши мумкин. Кореялик бир гуруҳ талабалар университет олдида норозилик акцияси ўтказди.
Kun.uz ҳолат бўйича дастлабки тафсилотларни ёритган эди. Қўшимча маълумот олиш учун талабалар ва уларнинг яқинлари билан боғландик.
“2023 йилнинг 27 ноябр куни 15:30лар атрофида Ҳаншин университетидан менга қўнғироқ бўлди. Бир аёл укам Собиржоннинг ҳужжатларидан камчилик чиққани учун 1 соатдан кейин Инчеон аеропортидан Ўзбекистонга жўнатилишини айтди. Нима бўлганини тушунмай, аеропорт томон югурдим”, – дейди Ўзбекистонга юборилган 22 талабадан бирининг акаси, Кореянинг Инҳа университети 5-босқичида ўқиётган Шокир Абдулҳамидов билан боғландик.
Шокир укаси Собир билан боғланишга бир неча марта ҳаракат қилган, лекин бунинг иложи бўлмаган. Орадан 1 соат ўтиб, Собир акасига алоқага чиқиб, нима бўлганини гапириб берган.
Собиржон Абдулҳамидовнинг Kun.uz мухбирига ҳикоя қилиб беришича, 27 ноябр куни Ҳаншин университети тил курсида ўқийдиган талабаларга дарсдан кейин ID-карта олиш учун бир жойда йиғилиш айтилган. Талабалар белгиланган жойга боргач, уларни автобусда олийгоҳнинг икки ходими кутиб олган.
“Автобус 20 минутча юрганидан кейин метро ёнида тўхтади ва бу ердан гавдали 16 киши чиқиб, ҳар биримизнинг олдимизда туриб олди. Ўзимизни худди қўриқлаш тизими ўраб олгандек ҳис қилдик. Кейин бизга бир ҳужжат тарқатиб, унга қўл қўйиб беришимизни сўрашди”, – дейди Собиржон.
Бошқа бир талабанинг айтишича, автобусда уларга мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этганликларини тасдиқловчи ҳужжатни имзолаш айтилган.
“Бизга қандай ҳужжат беришганини тушунмадик. Университет ходимлари агар уни имзоламасак, ID-карта олмаганимиз учун бизни қамоқхонага жўнатишлари ва Кореяга қайтиб кела олмаслигимизни айтишди”, – дейди у.
Воқеанинг Ҳаншин университетига кўра талқини
Ҳаншин университети воқеани Hankyoreh нашрига шундай изоҳлаган:
“Ноябр ойида иммиграция хизмати талабаларнинг банк ҳисобрақами кўчирмасини сўраган ва кўпчилик талабалар мамлакатда қолиш шартларига риоя қилмагани аниқланган. Агар бу ҳақда талабаларга айтсак, улар қочиб, ноқонуний мигрант бўлиб қолишидан қўрқдик. Таълим муассасаси келажакда чет эллик талабаларни жалб қилишда ноқулай аҳволга тушиб қолади”.
Аммо таълим муассасалари чет эллик талабаларни депортация қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу ҳақда мигрантларга ҳуқуқий маслаҳат берувчи Friend маркази раҳбари Чо Ён Кван маълум қилди.
“Институт, эҳтимол, агар талабалар мамлакатда ноқонуний бўлгани аниқланса, жаримага тортилишидан хавотирга тушган. Бироқ, таълим муассасалари чет эллик талабаларни депортация қилиш ҳуқуқига эга эмас. Иммиграция идорасининг вазифаси эса талабаларга виза муддати тугагандан сўнг, ўз ихтиёри билан уйига қайтиши учун мамлакатни тарк этишни маслаҳат бериш ёки хабардор қилишдир”, деган у.
Жанубий Корея қонунчилигига кўра, тил бўйича ўқишга кирган чет эл фуқароларининг банк ҳисобрақамида камида 10 миллион вон (7600 доллар) бўлиши керак. Бу маблағлар уч ой ёки ундан кўпроқ вақт давомида сақланиши зарур.
Нашрнинг таъкидлашича, Ҳаншин университети ўқишга қабул қилиш вақтида чет эллик талабаларга керакли балансни фақат бир кун сақлаш лозимлигини маълум қилган. Шунга кўра, кўплаб талабалар Жанубий Кореяга борганидан сўнг банкдаги маблағларнинг бир қисмини сарфлаб юборган. Шундан сўнг, университет раҳбарияти талабаларни ноқонуний мигрант сифатида таснифланишидан қўрқиб, уларни депортация қилишга шошилган. Ҳаншин университети раҳбарияти пулни сақлаш муддати ҳақида нотўғри маълумотни Жанубий Корея Адлия вазирлиги берганини даъво қилмоқда.
Талабаларнинг 6 ойлик визаси бўлган
Бироқ, Шокиржон Абдулҳамидовнинг айтишича, университет огоҳлантирганидан кейин ҳисобрақамларига пулни қайта қўйишган.
“Виза олаётганда бу пул бизга 1 кун ҳисобимизда туриши кераклиги айтилди. Кейин 3 ой дейишди. Буни ҳам ҳал қилдик, ўзлари айтгандек, ҳозир ҳам ҳисобимизда ўша пул турибди, балки бошқа талабалар билан муаммо бўлгандир. Лекин ҳаммани бундай ёппасига автобусга миндириб олиб кетишлари тўғри эмас”, – дейди Шокиржон Абдулҳамидов.
Шундан келиб чиқиб, талабаларнинг ҳар бирига Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 6 ойлик – 2023 йилнинг 24 сентябридан 2024 йилнинг 24 мартигача бўлган муддатга виза берган.
Талабалар Ҳаншин университети тил курсига шу йил сентябр ойида жўнаб кетган. Уларнинг ўқишга киришида Тошкент, Андижон ва Намангандаги консалтинг фирмалари воситачилик қилган.
Элчихона талабаларни айблади
Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси талабаларнинг Ўзбекистонга қайтариб юборилишига уларнинг ўзи сабабчи деган мазмунда баёнот чиқарди.
Элчихонанинг университетга таяниб маълум қилишича, ўзбекистонлик талабалар орасида университет ички тартиб-қоидаларига амал қилмаслик, Корея Республикаси иммиграция қоидаларига мувофиқ университет томонидан сўралган ҳужжатларни тақдим этмаслик, рухсатсиз ва ноқонуний меҳнат фаолиятини юритиш ва бунинг оқибатида дарсларга қатнашмаслик ҳоллари кескин кўпайган. Бунинг олдини олиш мақсадида олийгоҳ талабаларни бир неча марта огоҳлантирган.
Дипломатик ваколатхонага кўра, кўрилган чораларга қарамасдан, талабалар қоидаларни бузишда давом этган. Университетда ўқиётган 8 нафар талаба 2023 йил 14 ноябр куни ноқонуний равишда ишлаб, ишдан қайтаётган вақтда автомашинада автоҳалокатга учраган. Бу воқеа кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Талабаларнинг ҳали суғуртмаси бўлмагани сабабли университет уларнинг даволаниш харажатларини тўлаб берган.
“Кореяда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (ID карта) олишга улгурмасдан бу каби ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Пёнгтек шаҳар Иммиграция хизмати тақдимномасига кўра университет раҳбарияти талабаларни университетдан четлатиш бўйича қарор қабул қилган. Натижада жорий йилнинг 27 ноябр куни 22 нафар щзбекистонлик талаба Корея Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилган”, – дейилади Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси ахборотида.
Элчихонанинг қайд этишича, ўзбекистонлик талабаларнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари Ўзбекистон фуқароларининг Кореяга виза олиши ва ўзбекистонлик талабаларнинг Корея олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнини қийинлаштириши мумкин.
Қўшимча қилинишича, дипломатик ваколатхона ўзбекистонлик талабаларнинг Ҳаншин университети томонидан мажбуран чиқариб юборилгани ҳолатининг қонунийлигини аниқлаш борасида Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари билан музокаралар олиб бормоқда.
Талабалар элчихона баёнотини рад этди
Kun.uz суҳбат қилган талабалар Ҳаншин университети уларни ўқишдан четлатиш ҳақида ҳеч қанақа огоҳлантириш бермаганини айтяпти.
“Олийгоҳ ҳамма айбни талабаларга тўнкаб қўйяпти. Университет айтган гап рост бўлган тақдирда ҳам талабани мамлакатдан чиқариб юбориш уларнинг ваколатига кирмайди. Агар талабалар муаммо қилган бўлса, Ҳанчин буни иммиграция ташкилотига хабар қилиши ва бу иш билан улар шуғулланиши керак”, – дейди Жанубий Кореядаги талабалар ва адвокат ўртасидаги таржимон Абдул Латиф.
Ҳолат Кореянинг бир неча ОАВда ҳам шов-шув бўлди. Кореялик бир гуруҳ талабалар олийгоҳ биноси ёнида намойишга чиқиб, ўзбек талабаларга нисбатан қилинган адолатсизлик учун Ҳаншин университетини қоралаяпти.

Ҳозирда маҳаллий полиция университетга нисбатан суриштирув бошланган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан бири ҳам ҳолатни ўрганмоқда.
Таржимон Абдул Латифнинг берган маълумотига кўра, олийгоҳ масъулларига нисбатан ноқонуний ҳибсга олиш, таҳдид қилиш ва одам ўғирлаш айбловлари қўйилиши мумкин.
“Агар имкон бўлса, ҳужжатларни соҳталаштириш, фирибгарлик, давлат номидан иш юритиш каби айбловларни ҳам қўшиш ниятимиз бор”, – деди таржимон.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz
Монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов
Тавсия этамиз
Импортга чекловлар: масъул ва фаоллар ўртасида қизғин тортишув
Ўзбекистон | 22:40 / 08.04.2025
ЕЧЛда чоракфинал. «Реал» ва «Арсенал» ўйинида ким фаворит?
Спорт | 19:34 / 08.04.2025
Тошкентдаги қаҳвахонада тил билан боғлиқ ҳолат муҳокамаларни келтириб чиқарди
Ўзбекистон | 23:03 / 07.04.2025
Хитойлик тадқиқотчилар Осиёда янги зилзилалар кузатилишидан огоҳлантирди
Жаҳон | 21:46 / 06.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Германияда мамлакат фуқаролигини уч йил ичида олиш имконияти бекор қилинади
Жаҳон | 21:33
-
АҚШ қашшоқ мамлакатлар учун илгари ёпилган бир нечта озиқ-овқат дастурларини тиклайди
Жаҳон | 21:15
-
Қирғизистонда давлат тўнтаришига уриниш бостирилгани эълон қилинди
Жаҳон | 21:07
-
Қозоғистон олти ойга тухум импортини чеклади
Жаҳон | 20:57
Мавзуга оид

18:28 / 08.04.2025
Жанубий Корея чегарани кесиб ўтган КХДР аскарларига қарата огоҳлантирувчи ўт очди

18:13 / 08.04.2025
«Кальмар ўйинлари» актёри 1 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

17:06 / 07.04.2025
Жанубий Кореяда навбатдан ташқари президентлик сайлови белгиланди

20:01 / 02.04.2025