Спорт | 16:44 / 18.12.2023
37298
21 дақиқада ўқилади

«Реал»да яна йўқотиш, «Арсенал» яна биринчи ўринга қайтди. Европада кун ўйинлари

«Ливерпул» 34 зарба йўллаб ҳам «МЮ» дарвозасига гол уролмади. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Арсенал»нинг доминант футболи ва Эмери номидаги рекорд

«Арсенал» – «Брайтон» 2:0
Голлар:
1:0 – 53 Габриэл Жезус, 2:0 – 87 Ҳавертц.
«Арсенал»: Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Кивер, 90), Эдегор, Райс, Ҳавертц (Смит-Роу, 89), Мартинелли (Троссар, 82), Сака (Нелсон, 89), Габриэл Жезус (Нкетиа, 81).
«Брайтон»: Вербрюгген, Велтман (Ҳиншелвуд, 27), Данк, ван Ҳекке, Милнер (Игор Жулио, 60), Лаллана (Буонанотте, 60), Гросс, Гилмор, Митома, Аденгра (Уэлбек, 79), Фергюсон (Жоао Педро, 60).
Огоҳлантиришлар: Уайт (38), Митома (43), Артета (43), Гилмор (76), Гросс (89).

«Брайтон» «Эмирейтс»да ўзига хос бўлмаган даражада камтарона кўринди. Жамоа биринчи бўлимни рақиб дарвозаси томон бирорта зарба бермасдан ўтказди ва бор эътиборини «Арсенал» ҳужумларини тўхтатишга қаратди. Роберто Де Дзерби ўз услубида қисқа паслар орқали ҳимоядан чиқишга эътибор қаратди, аммо мезбонларнинг юқори босими туфайли бу жуда катта таваккалчилик эди.

Биринчи бўлимда зарбалар бериш борасида мезбонларнинг катта устунлиги қайд этилди — 15:0. Сака ва Эдегор қатор хавфли вазиятлардан фойдалана олмади, Мартинелли эса жуда қулай позициядан туриб йўллаган зарба тўсин юқорисидан ўтиб кетди. Дастлабки 45 дақиқаликда голдан кўра алмаштириш кўпроқ бўлди. «Брайтон»да Велтман жароҳат олиб майдонни тарк этди.

Артета шогирдлари танаффусдан кейин ҳам рақибни жарима майдони ичида прессинг қилишда давом этди, шундай ҳужумлардан бири вақтида бурчак зарбаси ишланди ва узоқ устун яқинида бўш қолдирилган Габриэл Жезус ҳисобни очди. Навбатдаги корнер эса Данк тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб юбориши билан якунланди. «Брайтон»га дарвозабон Вербрюггеннинг сейвлари ҳам ўйин охиригача интригани сақлаб қолиш имконини берди. Агар меҳмонлар шу куни очко олганида бунда дарвозабоннинг ҳиссаси катта бўларди. Аммо ўйин охирида Гросс дарвозабон ҳудудида туриб аниқ зарба бера олмади ва амалда «Брайтон»нинг АПЛда 32 ўйин давом этган голли сериясига нуқта қўйди. Мезбонларнинг зарбалар бериш бўйича устунлиги иккинчи бўлимда ҳам давом этди ва 26:6 кўринишига келди (аниқ зарбалар бўйича 9:1). Ўйин охирида эса сўнгги вақтларда ўз ўйинини топиб бораётган Ҳаверц қарши ҳужумда аниқ ҳаракат қилиб интригага барҳам берди. Турнир жадвалидаги пешқадамликни ўзига қайтарган «Арсенал» қаторасига 13 та уй учрашувида мағлуб бўлмасдан, сўнгги беш йилликдаги энг яхши сериясини қайд этди.

«Брентфорд» – «Астон Вилла» 1:2
Голлар:
1:0 – 45 Люис-Поттер, 1:1 – 77 Морено, 1:2 – 85 Уоткинс.
«Брентфорд»: Флеккен, Роэрслев (Олакигбе, 89), Йоргенсен, Ми, Пиннок, Нергор, Янелт (Ярмолюк, 88), Дамсгор (Онека, 68), Висса (Коллинз, 76), Люис-Поттер (Мопе, 68), Годдос.
«Астон Вилла»: Мартинес, Кэш (Бэйли, 65), Диего Карлос, Пау Торрес (Дзаниоло, 81), Конса, Морено, Макгинн, Камара, Рэмзи (Дендонкер, 90), Диаби (Дуран, 65), Уоткинс.
Огоҳлантиришлар: Нергор (46), Бэйли (80), Годдос (86), Конса (86), Дуран (87), Янелт (88), Оньека (90), Мопе (90), Мартинес (90), Ярмолюк (90).
Четлатишлар: Ми (71), Камара (90).

«Астон Вилла» «Манчестер Сити» ва «Арсенал» устидан қозонилган ғалабалардан кейин Конференциялар лигаси ўйинида етакчиларга дам берди, аммо бу бирмингҳемликликларга «Брентфорд»да осонроқ бўлишини таъминламади. Меҳмонлар 77-дақиқага қадар ҳисобда ортда боришди, фақат 71-дақиқада мезбонлар бир киши кам бўлиб қолгач, ўйинда бурилиш ясалди. Аввалига Бэйлининг узатмасини олис устун олдида бўш қолдирилган Морено голга айлантирди. Кейин эса бурчак зарбасидан кейин Уоткинс яна ғалаба голи муаллифига айланди. Унинг бош билан йўллаган бу аниқ зарбаси «Вилла»га рекорд ўрнатиш имконини берди — Эмери шогирдлари йил бошидан буён Англия чемпионати ўйинларида 25-ғалабасини нишонлади.

«Ливерпул» – «Манчестер Юнайтед» 0:0
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Цимикас, Эндо, Собослаи (Гомес, 61), Гравенберҳ (Гакпо, 61), Салоҳ, Диас (Жонс, 78), Нунес (Эллиотт, 78).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Диогу Далот, Эванс, Варан, Шоу, Амрабат, Мактоминей, Майну (Межбри, 82), Антони (Пеллистри, 82), Гарначо (Рэшфорд, 71), Ҳойлунд.
Огоҳлантиришлар: Нунес (21), Майну (27), Амрабат (35), Эндо (45), Шоу (88), Рэшфорд (90), Диогу Далот (90).
Четлатиш: Диогу Далот (90).

«Ливерпул» «МЮ» билан ўйинда яққол фаворит эди. Ва гап ким мезбонлигида эмасди. Тен Ҳаг чемпионатдаги сариқ карточкалари сони ортиб кетгани (5) туфайли жамоа сардори Фернандешдан фойдалана олмасди. Умуман олганда ҳам «Юнайтед» таркиб борасида қийин даврни бошдан кечирмоқда ва натижалар ҳам шунга монанд бўлмоқда, ўйин арафасида бош мураббий истеъфоси ҳақида ҳам чақириқлар пайдо бўлганди. Мавсум стартида мемлар қаҳрамони бўлган, кейин формасини тиклаб олган Магуайр ўтган турда жароҳат олгани ҳам жамоага зарба бўлди, натижада «МЮ» 2016 йилдан буён ғалаба қозонмаган «Энфилд»да Варан ва Эванс жуфтлиги илк бор биргаликда ҳаракат қилишига тўғри келди.

Кутилганидек, «Ливерпул» илк дақиқалардан кучли бошлади ва ташаббусни ўз қўлига олди. Лекин мезбонларнинг ҳужумлари кўпинча Нунес яхши позиция танламаслиги, яхши зарба бера олмаслиги ва офсайдга тушиб қолиши туфайли охирига етмай қолди. Бурчак зарбаси ижро этилган вақтда ван Дейк хавфли зарба йўллади.

Умуман олганда, биринчи бўлимдаги бурчак зарбалари статистикаси кўп нарсани кўрсатиб турарди – 9:0 (рақиб жарима майдони ичида тўпга тегиниш бўйича – 21:1). Трансляция режиссёри бурчак зарбалари статистикасини айнан 28-дақиқада, бу борада «Ливерпул» 7:0 ҳисобида устунлик қилаётган чоғда намойиш этиш орқали ўтган мавсумдаги натижани эслатди.

Лекин биринчи бўлимда мезбонлар яққол устунликка қарамай, яққол голли вазиятга эга бўлишмади.

«МЮ» яримҳимоя чизиғи Фернандеш ва Каземиросиз заиф кўринарди. Мактоминей ҳужумкор ҳавбек сифатида тушди, унинг ортида Амрабат ва 18 ёшли Майну жойлаштирилди. Ва айнан ёш таянч яримҳимоячиси Антони билан биргаликда жамоадаги энг яхши футболчилардан бири бўлди ва ҳимояга ҳам, ҳужумга ҳам ёрдам беришга улгурди.

55-дақиқада Майнунинг пасидан кейин Гарначо амалда дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди, аммо дарвоза соҳасига аниқ зарба йўллай олмади. «Ливерпул» барибир рақибдан яхшироқ эди, аммо вақт ўтган сайин ўйин тенглаша бошлади. Яна бир қарши ҳужумда Ҳойлунд АПЛдаги дебют голини уриши мумкин эди, аммо у ҳам тахминан 10 метр масофардан туриб хато зарба берди.

Мезбонларда эса Трент хавфли зарба йўллади, Диасда яхши вазият бўлди ва «Ливерпул» футболчилари «МЮ» дарвозасига пеналти ҳам талаб қилишди. Ўйин охирларида тўп жарима майдони ичида Шоунинг қўлига тегди, аммо бош ҳакам ҳам, VAR ҳам 11 метрлик зарба қўйишга асос кўришмади. Катта эҳтимол билан, ҳакамлар бу вазиятда ҳам рикошет бўлгани, ҳам футболчининг қўли табиий ҳолатда турганини инобатга олишган.

Учрашувдаги сўнгги ёрқин воқеа – 90+4-дақиқада Далот ҳакам билан баҳслашгани учун беш сония ичида икки сариқ карточка олгани бўлди. У тўп рақибга теккан ҳолда майдонни тарк этишига эришганди, аммо ҳакам тўпни рақиблар майдонга киритиши кераклигини кўрганида унинг асаблари дош бермади. Шунга қарамай, «МЮ» «Энфилд»да бардош бера олди – 0:0. Бу «Юнайтед» учун АПЛнинг жорий мавсумидаги илк дурангги бўлди. «Ливерпул» эса турнир жадвалидаги биринчиликни «Арсенал»га бўшатиб берди. Кейинги турда ушбу жамоалар ўртасида йил ўйини бўлиши мумкин.

Испания: Анчелотти Алабадан ҳам айрилди

«Реал» – «Вилярреал» 4:1
Голлар: 1:0 – 25 Беллингҳем, 2:0 – 37 Родриго, 2:1 – 54 Моралес, 3:1 – 64 Браим Диас, 4:1 – 68 Модрич.
«Реал» – Лунин, Алаба (Начо, 35), Рюдигер, Менди (Фран Гарсия, 46), Валверде, Беллингҳем (Себалос, 78), Модрич, Кроос (Тчуамени, 79), Васкес, Браим Диас (Хоселу, 84), Родриго.
«Вилярреал» – Йоргенсен, Альтимира, Альбиоль (Куэнка, 46), Манди, Педраса, Алекс Баэна (Терратс, 29), Капу, Парехо, Ахомаш (Тригерос, 74), Жерар Морено (Серлот, 46), Моралес (Бреретон, 79).

«Барселона»да жароҳатлар кўплигидан ҳақли равишда шикоят қилади, аммо «Реал»да ҳам вазият бундан яхшироқ эмас. Ва якшанба куни мадридликлар навбатдаги йўқотишга учради. Алаба майдон марказида рақибга ўзи ортдан ҳужум қилган вазиятда тиззасини шикастлаб олди.

Унинг дастлабки реакцияси ҳам, австриялик тиббиёт штаби вакилларига таянган ҳолда майдонни тарк этгани ҳам вазият жиддийлигини кўрсатиб турарди. Ўйиндан кейин эса у мавсум охиригача майдонга қайта олмаслиги маълум бўлди. Унинг ўрнига Начо майдонга тушди ва дарҳол Модричдан сардорлик боғичини қабул қилиб олди.

Бунгача Лука бошқа бир жамоадошини хурсанд қилганди, унинг нозик узатмасидан кейин Беллингҳем бош билан ҳисобни очганди. Карло Анчелоттида кадрлар муаммоси бор, аммо ўйин борасида муаммо йўқ. Якшанба куни жамоанинг бошқа вакиллари ҳам яхши ҳаракат қилишди. Мавсумни ёрқин ўтказаётган Родриго ўзи гол урди ва Модричга узатма берди, Браим Диас эса яна бир бор чиройли ҳаракат билан дарвозани ишғол этди. Ҳисоб қалтис 2:1 ҳолатида ушбу ҳавбек майдон марказида рақибдан қочиб кетди ва жарима майдонида ҳам ҳимоячиларни доғда қолдирди.

Энди мадридликлар камида «Жирона»нинг сешанбага ўтар кечаси бўладиган ўйини охиригача турнир жадвалида биринчи ўринда қолади. «Сантяго Бернабеу»да йиғилган мухлислар ўйин охирида октябр ойида «Барселона»га қарши класикода жароҳат олганидан буён ўйнамаган Тшуаменини олқишлар билан кутиб олишди.

Италия: Леау «Милан»ни жонлантирди

«Милан» – «Монца» 3:0 
Голлар:
1:0 – 3 Рейндерс, 2:0 – 41 Симич, 3:0 – 76 Окафор.
«Милан» – Менян, Флоренци, Кьер (Бартезаги, 67), Томори, Побега (Симич, 24), Эрнандес, Лофтус-Чик (Беннасер, 67), Рейндерс, Пулишич, Рафаэл Леау (Окафор, 67; Чуквуэзе, 80), Жиру.
«Монца» – Ди Грегорио, Педру Перейра, Калдирола, Д`Амброзио, Карбони (Иццо, 80), Кирякопулос (Чурриа, 54), Галярдини, Пессина (Акпа-Акпро, 64), Колпани (Карбони, 63), Мота, Коломбо (Марич, 54).

Рафаэл Леау бир ойлик танаффусдан қайтиши билан «Милан» ишлари жойига туша бошлади. Аввалига россонерилар Нюкаслда камбэк қилиб, Европадаги кампаниясини Европа Лигасига йўлланма олиш орқали давом эттирадиган бўлди. Энди эса — А серия доирасида «Сан-Сиро»даги қаторасига учинчи ғалабасини нишонлади. «Монца» билан ўйин Рейндерснинг рақиб жарима майдонига ёриб кириши ва тезкор гол уриши билан бошланди, танаффус арафасида эса Леау ўз узатмаси билан 18 ёшли Шимични бахтиёр қилди. Ушбу йигитча Италия чемпионатидаги дебютини бир умрга эслаб қоладиган бўлди, у Побегининг жароҳати туфайли майдонга тушиш имкониятини қўлга киритганди.

Бунгача бўлим давомида меҳмонлар дарвозабони бир неча кучли сейвлар билан ҳисоб йирик кўриниш олишига йўл қўймаганди, Пулишичнинг зарбаси эса тўсинга текканди. Пиоли жамоаси иккинчи бўлимда куч тежаб ўйнашга ўтган бўлса-да, барибир ҳисобни йирик кўринишга келтира олди, Окафор Жиру ташлаб берган тўпни дарвоза тўрига жойлади. Лекин бу ўйин ҳам миланликлар учун идеал кечмади, учинчи гол муаллифи жароҳат олиб сафдан чиқди. Бу вақтга келиб барча алмаштиришлар амалга ошириб бўлинганди ва қолган вақтни мезбонлар бир киши кам бўлиб ўтказишига тўғри келди. Ва бу ноодатий таркиб билан амалга оширилди, мудофаада 17 ёшли ҳимоячи Бартезаги ҳаракат қилди.

«Болоня» – «Рома» 2:0
Голлар:
1:0 – 37 Моро, 2:0 – 49, автогол Кристенсен.
«Болоня» – Раваля, Пош, Бекема (Лукуми, 58), Калафиори, Кристиансен (Ликояннис, 75), Фройлер, Моро (Эбишер, 75), Фергюсон (Фаббиан, 88), Салемакерс (Урбански, 88), Ндойе, Зиркзее.
«Рома» – Руй Патрисиу, Кристенсен, Лиоренте (Озмун, 64), Манчини (Челик, 82), Ндика, Спинаццола (Саншеш, 46; Бове, 64), Паредес, Кристанте, Пеллегрини (Пизилли, 81), Ал-Шаъровий, Белотти.

Бу натижани «Рома» ва Жозе Моуринионинг мағлубияти эмас, Тиагу Мотта ва «Болоня»нинг ғалабаси деб қабул қилиш тўғрироқ бўлади. Париждагилар ўз вақтида собиқ футболчисига ишонч билдирмасдан, Кристоф Галтени танлаганидан афсусда бўлса ажаб эмас. «Рома» сафида муаммолар, жамоа асосий юлдузлари Дибала ва Лукакуни йўқотгани ҳам натижага таъсир кўрсатди. «Болоня» эса алоҳида футболчиларга таяниб қолмаган ва айнан жамоавий ўйин яхши йўлга қўйилгани туфайли Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи квартетда жойлашган.

«Лацио» – «Интер» 0:2
Голлар:
0:1 – 40 Мартинес, 0:2 – 66 Тюрам.
«Лацио» – Проведел, Казале, Хила, Марушич, Камада (Луис Алберто, 65), Гендузи, Ровелла (Каталди, 75), Ладзари, Фелипе Андерсон (Кастелянос, 80), Дзаккани (Педро, 75), Иммобиле.
«Интер» – Зоммер, Дармиан, Ачерби, Бастони, Биссек, Димарко (Карлос Аугусто, 70), Мхитарян, Чалхонўғли (Аслани, 89), Барелла (Фраттези, 70), Тюрам (Арнаутович, 78), Мартинес (Классен, 89).
Четлатиш: Ладзари (86).

«Интер» яна бир бор ўз даражасини намойиш этган ҳолда жума куни «Ювентус» очко йўқотганидан фойдаланиб қолди ва орадаги фарқни тўрт очкога етказди. Қийин даврни бошдан кечираётган «Лацио» қанчалик ҳаракат қилмасин, нерадзурриларга ҳисобни очиш учун римликларнинг биргина хатоси етарли бўлди. Марушич ўз дарвозаси томон эҳтиётсиз узатма бериб, чемпионатнинг энг яхши тўпурари Лаутаро Мартинесга 15-голини уришда ёрдам берди. Аргентиналик футболчи тўққиз голни сафар ўйинларида урган ва бу билан ўз шахсий рекордини мавсум ярмидаёқ такрорлади. Иккинчи бўлимда эса Тюрам Барелланинг нозик узатмасини голга айлантириб, учрашув тақдирини ҳал қилди.

Германия: «Байер» ва «Бавария» рекордларни қайта ёзмоқда

«Байер» – «Айнтрахт» Ф 3:0
Голлар:
1:0 – 14 Бонифасе, 2:0 – 51 Фримпонг, 3:0 – 57 Виртц.
«Байер» – Градецки, Фримпонг (Телла, 82), Та, Тапсоба, Коссуну, Грималдо, Чака, Ҳофманн (Гложек, 83), Паласиос (Инкапиэ, 82), Виртц (Амири, 87), Бонифасе (Шик, 72).
«Айнтрахт» Ф – Трапп, Бута, Кох (Смолчич, 64), Тута, Пачо, Нкунку, Гетце (Схири, 64), Ларссон (Баум, 73), Дина-Эбимбе (Хеуге, 72), Шаиби (Нганкам, 82), Кнауфф.

«Айнтрахт» «Бавария»ни йирик ҳисобда тор-мор этганидан (5:1) кейин фақат ютқазмоқда. Франкфуртликлар бу ўйинда рақиб Германиянинг бу мавсумдаги энг яхши жамоаси (натижа борасида ҳам, ўйин сифати бўйича ҳам) эканини инобатга олган ҳолда ўз ўйинига тузатишлар киритиши талаб этиларди.

Амалда эса Бонифасе рейд уюштириб, ўзи аниқ зарба берди, иккинчи бўлим бошида Фримпонг рақиб ҳужумни қайтарганида ҳам гол уриб кетди, немис футболининг янги авлодидаги энг ёрқин истеъдод бўлиб турган Вирц эса ҳимоячилардан қочиб кетиб, тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлаган ҳолда ўйиндаги интригани батамом ўлдирди. Кучли ва чиройли ўйин намойиш этишда давом этаётган «Байер» етакчиликни мустаҳкамлади, шунингдек «Ҳамбург»нинг 1982 йилги рекордини такрорлади. Ҳаби Алонсо жамоаси мавсум стартидан буён 24 ўйинда ютқазмади.

«Бавария» – «Штутгарт» 3:0
Голлар:
1:0 – 2 Кейн, 2:0 – 55 Кейн, 3:0 – 63 Ким Мин Жэ.
«Бавария» – Нойер, Упамекано, Ким Мин Жэ, Дэвис (Крэтциг, 89), Геррейру, Павлович, Лаймер, Мюллер (Шупо-Мотинг, 83), Сане, Мусиала (Тел, 83), Кейн.
«Штутгарт» – Нюбел, Вагноман (Стергиу, 83), Антон (Руо, 59), Загаду, Миттелштедт, Каразор, Штиллер, Фюрих (Мвумпа, 59), Мийо (Левелинг, 59), Гирасси, Ундав (Жон Ву Ен, 77).

«Бавария» ҳам ортда қолмасликка ҳаракат қилмоқда ва мавсумнинг кашфиёт жамоасини, ҳақли равишда кучли тўртликдан жой олиб турган жамоани йирик ҳисобда мағлуб этди. Биринчи ҳужумдаёқ Сане Кейнни бўш дарвоза қаршисига чиқарди. Меҳмонлар дарвозабони Нюбел бу эпизодда тўпга чиқишда жуда ишончсиз ўйнаган бўлса-да, кейинроқ бир неча ажойиб сейвлар ижро этди. Танаффусга қадар яна икки ҳолатда VAR меҳмонларга ёрдамга келди - биринчи вазиятда техник носозлик туфайли Ким Мин Жэнинг ҳаққоний голи инобатга олинмади (кейинроқ у барибир ўз мақсадига эришди).

Лекин бу меҳмонларни йирик мағлубиятдан қутқара олмади ва иккинчи бўлимда Кейн бундеслиганинг 15 ўйинида урган голлари сонини 20 тага етказиб қўйди. Бундеслигадаги илк мавсумида ҳеч ким бундай тезкорлик намойиш эта олмаганди. Ҳатто Ҳоланд ҳам 20 голга етиш учун 22 ўйин ўтказишига тўғри келганди, норвегиялик ҳужумчи ўшанда Уве Зеелернинг рекордини янгилай олмаганди. Кейн эса келди, кўрди ва рекордлар китобини қайта ёзишга киришди. Якшанба кунги инглиз ҳужумчиси «Бавария»га ўзининг тарихий рекордини такрорлашга ёрдам берди — жамоа 1970 йилдан 1974 йилга қадар бўлган муддатда ҳам қаторасига 64 уй учрашувида гол урганди.

Франция: Мбаппенинг голи етарли бўлмади

«Лилл» – «ПСЖ» 1:1
Голлар:
0:1 – 66, пеналти Мбаппе, 1:1 – 90+4 Дэвид.
«Лилл» – Шевале, Диаките (Сантуш, 71), Йоро, Алессандро, Исмаили, Гудмундссон (Кабелла, 71), Андре (Унас, 90), Бенталеб, Гомес, Жегрова, Язижи (Дэвид, 81).
«ПСЖ» – Тенас, Маркинос, Эрнандес, Данилу Перейра (Шкриняр, 75), Заир-Эмери, Ли Кан Ин, Угарте (Ҳакими, 67), Витиня, Дембеле (Асенсио, 81), Барколя (Коло-Муани, 67), Мбаппе.

Ҳакимининг Франция чемпионатидаги 100-ўйинида унинг клубдаги энг яхши дўсти Мбаппе пеналтидан урган гол парижликларга ғалаба олиб келиши мумкин эди. «Лилл» — Килиан учун «Монпеле» билан биргаликда энг «севимли» рақиб ҳисобланарди, бу жамоалар билан ўйинларда форвард 17 тадан самарали балл ишлаган. У «итлар» жамоаси дарвозасига 11 гол уриб, 6 голга узатма берган. Ундан шу куни натижасини янгилаши талаб этиларди, чунки бир гол ғалаба учун етарли бўлмади, қўшимча дақиқаларда Дэвид мезбонларни мағлубиятдан қутқарди. Натижада «ПСЖ» иккинчи ўриндан у қадар узоқлашиб кета олмади (беш очко), «Лилл» эса тўртинчи ўринга кўтарилди, шу билан бирга «Марсел» ва «Ланс»га ўзига яқинлашиб олиш имконини берди. Лигада Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун кураш қизғин кечиши шубҳасиз.

Кун статистикаси

  • «Вест Ҳэм» яримҳимоячиси Лукас Пакета Роберто Фирминодан кейин АПЛда ассистлар бўйича ҳет-трик қайд этган иккинчи бразилиялик футболчига айланди.
  • «Марсел» декабр ойида 4 ғалабага эришди. Бу май ойидан ноябргача бўлган ғалабалар сонига тенг.
  • «Фейеноорд» Нидерландия чемпионатида ўз тарихида илк бор бир календар йилида сафар ўйинларида 47 гол урди.
  • «Арсенал» ҳужумчиси Габриэл Жезус АПЛда урган голлари сонини 59 тага етказди ва у гол урган ўйинларда жамоаси бирор марта мағлуб бўлмаган (+54=5).
  • ПСВ ҳужумчиси Люк де Йонг голлари сонини 120 тага етказди, энди у клубнинг энг яхши тўпурарлари рўйхатида иккинчи ўринни ўтган аср ўрталарида порлаган Коэн Диллен билан бўлишиб турибди. 308 голга эга Вилли ван ден Кейлен эса деярли етиб бўлмас узоқликда.
  • Аргентиналик ҳимоячи Никлас Отаменди «Бенфика» сафида 150 ўйин ўтказди. У бошқа бир юбилейига — клублар миқёсидаги 600 учрашувга етишига яна тўрт ўйин қолган.
  • «Сассуоло» ҳужумчиси Берарди А серияда 200 (122+78) самарали балл ишлади. Унинг дебютидан буён лигада бундан кўпроқ гол ва голли узатма берган футболчи биргина Иммобиледир (236 очко).

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери