Англия: «МЮ» ўз тарихидаги энг ёмон жамоа

«Манчестер Юнайтед» — «Брайтон» 1:3
Голлар: Фернандеш (23, пеналти) — Минте (5), Митома (60), Рюттер (76).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Йоро, Магуайр, де Лигт, Фернандеш, Диалло, Далот, Майну (Гарначо, 64), Угарте (Коллиер, 64), Мазравий (Антони, 84), Зиркзе (Ҳойлунд, 84).
«Брайтон» – Вербрюгген, Эступинян (Лэмпти, 84), Данк, ван Ҳекке, Велтман, Митома, Айяри, Балеба (Гомес, 90+5), Минте (Марч, 69), Уэлбек (Рюттер, 69), Жоао Педро (Энсисо, 90+5).
Огоҳлантиришлар: Балеба (21), Минте (43), Угарте (61), Магуайр (90+5), Марч (90+8), Йоро (90+8).

«Манчестер Юнайтед» сўнгги вақтларда Европа топ-клублари орасидаги энг ёмон натижаларни қайд этмоқда. Навбатдаги мағлубият – бу сафар «Брайтон»дан қабул қилиб олинди, ҳолбуки ушбу жамоа ҳам инқироз ҳолатида эди (сўнгги тўққиз турда фақат бир ўйинда – «Ипсвич» устидан ғалаба қозонган).

Аморим шогирдлари ўйинни ўта суст бошлашди. Бешинчи дақиқада Балеба майдоннинг ўз жамоаси дарвозаси томонидан туриб ҳеч қандай прессингга учрамасдан бир узатма билан «МЮ»нинг биратўла 10 нафар футболчисини вазиятдан узиб қўйди. Асосий таркибга қайтган Магуайр орқароқда қолиб кетиб, офсайд чизиғини бузиб қўйди.

Бундай узатмадан кейин Митома осонлик билан жарима майдонига кириб борди ва тўпни янада қулайроқ вазиятда турган Минтега ташлаб берди, у эса амалда бўш дарвозани ишғол этди. Шундан кейингина «МЮ» уйғонди ва ҳужумкорликни оширди. Ўйиндаги кейинги тўрт зарба мезбонлар томонидан берилди. Фернандеш яхши вазиятдан фойдалана олмади, унинг жарима майдони чизиғидан йўллаган зарбаси ўхшамади.

Аммо кўп ўтмай Бруну пеналтини бенуқсон амалга оширди – дарвозабон бошқа томонга сакради, тўп бошқа томонга йўл олди. «МЮ» учун 11 метрлик жарима зарбасини Зиркзее ишлаганди, жарима майдони ичида Балеба унинг бўйнидан ушлаб қолди. Бир томондан фол у қадар қўпол эмас, аммо футболчи тўпга ҳам ўйнамаганди.

Танаффус арафасида «Брайтон» ўйинни тенглаштирди ва бўлим якунларига кўра тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи бўйича олдинга чиқиб олди. Бу ҳолат иккинчи бўлим бошида ҳам давом этди. 53-дақиқада Жоао Педро мезбонлар дарвозасини ишғол қилди, аммо VAR вазиятга аралашиб, ҳужум вақтида ван Ҳекке Далотнинг оёғига тепгани аниқланди. Бош ҳакам мониторга борди ва португалиялик ҳимоячига қўполлик содир этилганини қай этиб, голни бекор қилди.