Қамалдаги Қизил денгиз, Залужнийга қўйилган «жучок», ҳақиқатга қарши Исроил — кун дайжести
Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазо секторининг Жабалия шаҳрига Исроил авиазарбаларидан сўнг камида 100 киши ҳалок бўлган. Ўнлаб одамлар бедарак йўқолган. Фаластин давлат телевидениесининг хабарига кўра, Исроил армиясининг Ғазо секторининг шимолига берган зарбалари туфайли Ал-Бариш ва Алван оилаларига тегишли уйлар йўқ қилинган.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, исроил зарбалари давом этаётган бир паллада секторда ҳалок бўлганлар сони 19 минг 88 нафарга етган. Ҳалок бўлганларнинг 70 фоизини аёллар ва ёш болалар ташкил этмоқда. Минглаб одамлар бедарак йўқолган.
Расмий ташриф билан Тел-Авивга борган Франция ташқи ишлар вазири Катрин Колонна гарчи унинг давлати Исроилни қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, ўт очишни зудлик билан ва барқарор тўхтатиш лозимлигини таъкидлаган.
Шундан сўнг Колонна Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳили пойтахти Рамаллоҳ шаҳрига борган ва Фаластин бош вазири Муҳаммад Иштийя билан учрашган.
У ерда Катрин Колонна ноқонуний яҳудий манзилгоҳлари фаластинликларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётганини таъкидлаган. «Биз бунга муроса қила олмаймиз, бу манзилгоҳлар йўқотилиши керак», деган.
Бу орада Ғазо секторида исроил зарбаларидан жароҳат олган Франция Ташқи ишлар вазирлиги ходими вафот этган. У бироз муддат аввал Ғазо сектори жанубидаги, аввал Исроил томонидан хавфсиз зона деб эълон қилиниб, шимолий Ғазодан юз минглаб одамлар кўчирилган Рафаҳ шаҳрининг бомбаланиши туфайли оғир жароҳат олган эди.
Исроил ва ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида муваққат сулҳни қайта тиклашга тайёр, деб хабар беради Reuters ўзининг Мисрдаги манбаларига таяниб. Маълум қилинишича, бу борада томонлар ўртасидаги келишмовчилик битимнинг деталлари билан боғлиқ бўлиб турибди. ҲАМАС томони токи Исроил армияси Ғазо секторини тарк этмас, умумқамровли оташкесим эълон қилинмас экан, Исроил билан асир алмашиш борасида музокара олиб бормаслигини эълон қилган.
Бинямин Нетаняҳу ҳукумати эса бу пайтда Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида ҲАМАС жангчилари деб ўйлаб, уч нафар гаровдагиларни отиб қўйгач, мамлакатда тобора ўсиб бораётган танқид тўлқинига дучор бўлмоқда.
Қамал қилинган қизил денгиз
Ямандаги ҳусийчилар Қизил денгизни қамал қилиб Исроил билан олди-берди қилаётган кемаларга ҳужум қилаётгани ортидан кўплаб хорижий кемачилик компаниялари Исроилга юк ташишни бекор қилишмоқда. Исроил жанубидаги Эйлат портининг даромадлари 80 фоизга тушиб кетган.
Қўзғолончи ҳусийчиларнинг таҳдиди туфайли Франциянинг CMA CGM ҳамда Ҳонгконгнинг OOCL кемачилик компанияси ҳам Исроилга юк етказишни бас қилган.
The Economist нашрига кўра, Қизил денгиз орқали юк ташишни бас қилган тўртта компанияга жаҳондаги барча контейнер ташувининг 53 фоизи тўғри келади.
Янги йўл топган Исроил
Исроил жаҳон бозоридан юкларни қабул қилишда янги йўлларни ахтаришга мажбур бўлмоқда. Кўрфаз давлатлари эса Исроилга ҳусийларнинг қамалини ёриб ўтишда ёрдам беришмоқда.
Сўнгги ҳафталарда Дубай ва Баҳрайндаги портлардан Саудия Арабистони ва Иордания орқали қуруқликдан Исроилга транзит юклари ташиш бўйича пилот лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган.
Дастлабки ўнта юк машинаси Кўрфаздаги портлардан Исроилга эсон-омон етиб келган. Шундай қилиб, БАА, Баҳрайн, Саудия Арабистони ва Иордания Исроилга ҳусийчиларнинг денгиздаги қамалини ёриб ўтишга кўмаклашмоқда.
Кутилишича, Исроил ҳукумати ва мудофаа вазирлиги томонидан маъқулланган қуруқликдаги йўлак Сувайш каналига, шунингдек Африкани айланиб ўтишга кетаётган уч ҳафталик йўлдан кўра янада тезроқ муқобил бўла олади.
Дубайдан бу йўлак 2550 километрни ташкил этиб 4 кун вақтни олса, Баҳрайндан 1700 километрни ташкил этмоқда ва икки кун ва 7 соат вақт талаб қилмоқда.
АҚШ келгуси ҳафтада яманлик ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига қарши Америка раҳбарлигида ва айрим араб давлатлари иштирокида халқаро ҳарбий коалиция тузилганини эълон қилиши мумкин.
Коалициянинг мақсади — ҳусийчиларнинг Қизил денгизда Исроил кемалари ва Исроил портларига йўл олган кемаларга ҳужумини бартараф этиш ва халқаро кема ташувларини тиклашдан иборат бўлади.
Журналистларга қарши Исроил
Фаластиннинг Буюк Британиядаги элчиси Ҳусам Зумлут Исроилнинг энг катта душмани ҳақиқат эканини таъкидлаган.
У оккупация остидаги шарқий Қуддусда Туркиянинг «Анадолу» агентлиги фотомухбири Мустафо Ал-Харуфнинг Исроил кучишлатарлари томонидан калтаклаганини шундай изоҳлади.
Исроил анчадан буён журналистларни таъқиб қилиш сиёсатини ўтказаётганига ишора қилиб, Зумлут «Исроилнинг энг катта душмани — ҳақиқат. Ҳақиқатни етказувичлар эса журналистлар. Исроил журналистларни таъқиб қилиш билан ўнлаб йиллар мобайнида шуғулланиб келмоқда», деган.
Зумлутнинг ҳақлигини исботлагандек, Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир «Анадолу» мухбири Мустафо ал-Харуфга ҳужум қилган исроил полициячисини қўллаб-қувватлаб, унинг ҳузурига борган.
Бироқ Исроил журналистлари Туркия хабар агентлигининг журналистини қўллаб-қувватлашган. Исроил журналистлар иттифоқи «Анадолу» агентлиги фотомухбири Мустафо Ал-Харуфни қўллаб-қувватлашини эълон қилган.
Бу орада Қатарнинг "Ал-Жазийра" телеканали Ғазода ўзининг оператори ўлдирилгани учун Халқаро жиноят судига мурожаат қилишини эълон қилди. Телеканал ўз оператори Самир Абудаққанинг Ғазода Исроил бомбалаши туфайли ҳалок бўлгани учун Халқаро жиноят судига мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
Украина фронти
Қиш фаслида Украина учта мудофаа чизиғи қуради ва қарши ҳужумга ўтишдан ўзини тийиб туради. Бу ҳақда Украина Олий Радаси депутати Олександра Устинова таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, агар ғарб ҳарбий ёрдам миқдорини камайтирса, Украинада чуқур мудофаага ўтишдан бошқа йўл қолмайди.
Ғарбнинг молиявий ёрдамисиз Украина икки-уч ой бардош бера олади — Халқаро валюта фонди раҳбари Кристалина Георгиева. Унинг сўзларига кўра, Киев ҳокимиятига ёрдам ажратиш билан боғлиқ тўхталишлар уларни «пул чоп этиш каби беқарорлаштирувчи сиёсат»га қайтишига олиб кетиши мумкин.
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг кабинетида эшитиш қурилмаси топилган. РБК-Украина агентлигига кўра, қурилма илгари номаълум намуналардан тайёрланган, шу сабабли у кимнинг буюртмасига кўра ўрнатилганини аниқлаб бўлмаяпти.
Украина Хавфсизлик хизмати Залужнийнинг кабинетида эшитиш қурилмаси топилганини рад этди. Қурилма келгусида генерал Залужний фойдаланиши мумкин бўлган хоналардан бирида топилган ва у носоз ҳолатда бўлган, деб хабар қилади хизмат. Шунингдек, украиналик махсус хизмат вакиллари аудиоёзувларни узатиш ёки тўплаш воситаларини топа олишмаган. Қурилма эса экспертизага жўнатилган. Шундай бўлса-да, мазкур воқеа юзасидан жиноят иши очилган.
Байден кортежи аварияга учради
АҚШ президенти Жо Байденнинг кортежига автомобил келиб урилди. Ҳодиса 17-декабр куни Делавер штати Уилмингтон шаҳрида рўй берди. Бу пайтда Жо Байден сайловолди штабини тарк этаётган бўлган. Седан кортеждаги автомобиллардан бирига келиб урилган, сўнгра уни президент қўриқчиларига қуршаб олган. Автоҳалокат президентнинг иш жадвалига таъсир қилмаган. Махсус хизмат вакили CNN'га ҳодиса кучли ёмғир сабаб тасодифан содир бўлганини билдирган.
Мавзуга оид
14:38 / 23.11.2024
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024