Жаҳон | 11:46 / 19.12.2023
5453
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Финландиядаги 15 та ҳарбий объектдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади

Икки давлат ўртасидаги келишувга кўра, Қўшма Штатлар Финландиядаги 15 та ҳарбий объектдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Ҳужжат Финландия парламенти томонидан тасдиқланиши керак.

Фото: Alessandro Rampazzo/AFP

18 декабр, душанба куни АҚШ ва Финландия мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Ҳужжатга кўра, Шимолий Европа давлати Америка қўшинлари учун 15 та ҳарбий объект, жумладан, чегара ва мудофаа казармалари, ўқув полигонлари ва омборхоналарни тақдим этади.

Келишув ҳар қандай вазиятда биргаликда ҳаракат қилиш қобилиятини «сезиларли даражада кенгайтиради», деди Финландия мудофаа вазири Антти Хяккянен. Гап бошқа нарсалар қаторида қўшма манёврлар ва қўшинлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик шакллари ҳақида кетмоқда, дея таъкидлайди AFP агентлиги. Ҳужжат кучга киришидан олдин Финландия парламентининг розилигини олиш керак.

Финлар мудофаа секторига сармоя киритишда давом этади

Шу билан бирга, Ҳелсинки Вашингтон Финландия мудофаасига ёрдам беришини кутмаяпти, деб таъкидлади Хяккянен. «Биз мудофаага сармоя киритишда давом этамиз ҳамда минтақамиздаги ва ундан ташқаридаги ҳолатни тўғри баҳолаймиз», деб қўшимча қилди Финландия Мудофаа вазирлиги раҳбари. 

Қўшма Штатлар Норвегия билан 2022 йилда, Швеция билан эса декабр ойи бошида худди шундай шартнома тузган. Вашингтон бу масалада Дания билан ҳам музокаралар олиб бормоқда. 

Финландия ва Швециянинг НАТОга йўли 

Швеция ва Финландия 2022 йил май ойида Россиянинг Украинага қарши уруши бошланиши муносабати билан анъанавий бетарафликдан воз кечди ва НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. 2023 йил апрел ойида Финландия расман Шимолий Атлантика алянсининг 31-аъзоси бўлди, Швециянинг аризаси ҳали Венгрия ва Туркия томонидан маъқулланмаган.

Россия президенти Владимир Путин декабр ойи ўрталарида телеинтервюда Финландиянинг НАТОга қўшилиши ҳақида фикр билдирди. Бу қадамдан олдин шимолий Европа давлатининг Москва билан муносабатларида муаммолар бўлмаган, энди эса улар пайдо бўлади, деди Путин. Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Ленинград ҳарбий округини қайта ташкил қилади ва унда «айрим ҳарбий қисмлар»ни жамлайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид