Жаҳон | 08:11 / 19.12.2023
3313
2 дақиқада ўқилади

Исландия жануби-ғарбида вулқон отилишни бошлади

Лава оқимлари Гриндавикдан тўрт километр узоқликда юзага чиқмоқда. Мутахассислар Рейкянес яриморолида қайси вулқон отилаётганини аниқлаш учун ҳудудга учиб боради.

Фото: Civil Protection of Iceland/REUTERS

Исландия жануби-ғарбидаги Рейкянес яриморолида вулқон отилишни бошлади. Бу ҳақда 18 декабр, душанба куни кечқурун мамлакат метеорология бошқармаси маълум қилди. Идоранинг таъкидлашича, лава оқимлари Гриндавик шаҳридан тўрт километр шимоли-шарқда юзага чиқмоқда.

Отилиш маҳаллий вақт билан соат 22:17 да (Тошкент вақти билан 19 декабр 03:17) бошланган, ундан олдин қатор зилзилалар кузатилган, дея қўшимча қилди метеорологлар. Хабар эълон қилинган вақтда улар гап қайси вулқон ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган. Яриморолда Рейкянес ва Фаградалсфьядл вулқонлари жойлашган. Тез орада қирғоқни қўриқлаш вертолёти отилиш аниқ жойи ва кучини аниқлаш учун ҳудудга учиб боради. 

Фуқаро муҳофазаси бошқармаси Гриндавик аҳолисини шаҳарни тарк этишга чақирди. Лава оқими ушбу аҳоли пункти томон кетаётган бўлиши мумкин, деди метеорология бўлими вакили Ras 2 радиостанцияси эфирида. Шаҳарни оммавий эвакуация қилиш ноябр ойининг биринчи ярмида амалга оширилган, бироқ маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Гриндавикда вулқон отилиши вақтида одамлар бўлган. 

Уч йил ичида тўртинчи отилиш

Рейкянес яриморолидаги жорий отилиш сўнгги уч йил ичида тўртинчиси бўлди. Аввалгилари 2021 йил март, 2022 йил август ва 2023 йил июл ойларида инфратузилма ёки аҳоли пунктларидан узоқда содир бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид