Жаҳон | 11:21 / 19.12.2023
5593
3 дақиқада ўқилади

КХДР ракеталар учирилишини АҚШнинг «душманлик ҳаракатлари»га жавоб деб атади

Пхенян Корея Республикаси ва АҚШнинг ядровий режалаштириш бўйича маслаҳат гуруҳи учрашувини, минтақадаги манёврларнинг кенгайиши ва Америка ядро қуролининг Корея яриморолига ўтказилишини қоралади.

Фото: File/KCNA via REUTERS

Шимолий Корея 18 декабр, душанба куни «Хвасон-18» қитъалараро баллистик ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилганини маълум қилди. Корея марказий ахборот агентлиги (КМАА) баёнотида айтилишича, учириш АҚШ ва Корея Республикасининг «душманлик ҳаракатлари»га жавоб бўлган. Пхенян ушбу икки давлатнинг ядровий режалаштириш бўйича маслаҳат гуруҳининг Вашингтонда бўлиб ўтган йиғилишидан, минтақада ҳарбий машғулотлар кенгайтирилганидан, шунингдек, Америка ядро қуролларининг Корея яриморолига ўтказилишидан норозилигини билдирди.

Учириш Пхенян шарқидаги майдончадан амалга оширилди. Ракета ҳавода 73 дақиқага яқин бўлган, парвоз масофаси 1002,3 километрни ташкил этган, дея тушунтирди Шимолий Корея томони. Синовларни КХДР Давлат кенгаши раиси Ким Чен Ин кузатган, дея хабар беради КМАА. Пхенянга кўра, машғулотлар атрофдаги давлатлар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмаган. 

КХДР ракеталарини аниқлаш ва баҳолаш тизими ишга туширилди 

Айни пайтда, АҚШ, Жанубий Корея ва Япония Шимолий Кореянинг ракета учиришларини аниқлаш ва баҳолаш тизимини йўлга қўйди, бу реал вақт режимида маълумот алмашиш имконини яратади, деб хабар берди Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги. Уч мамлакат ушбу тизимни ўз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш учун ишлаб чиқди, дея тушунтирди идора. Унинг ишга туширилиши уч томонлама ҳамкорликнинг янги даври бошланганидан далолат беради, дея маълум қилди Сеул. 

КХДРнинг иккита ракетаси 12 соат ичида учирилди 

17 декабр оқшомида Шимолий Корея қисқа масофали баллистик ракета учирди. Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, ракета тахминан 570 км масофани босиб ўтган ва денгизга қулаган.

12 соатдан камроқ вақт ўтгач, Сеул ва Токио Шимолий Корея янги ракета учирганини эълон қилди. Япония соҳилни қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, ракета учирилганидан бир соат ўтиб Хоккайдо ғарбида денгизга қулаган. Токио Пекиндаги дипломатик каналлар орқали норозилик билдирди, Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл тийиб туриш чораларни кучайтиришни буюрди, Қўшма Штатлар Шимолий Корея ҳаракатларини қоралади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид