Жаҳон | 08:40 / 20.12.2023
5226
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторида янги гуманитар паузага тайёргарлик кўряпти

Исроилнинг янги гуманитар паузага тайёрлиги ва Ғазо секторига ёрдам етказилиши ҲАМАС гаровга олганларни озод қилишга ҳисса қўшиши мумкин, деди мамлакат президенти.

Фото: Fatima Shbair / Getty Images

Исроил ҲАМАС ҳаракати билан жангларда янги гуманитар паузага ва Ғазо секторига қўшимча инсонпарварлик ёрдами етказиб беришга тайёр. Бу ҳақда Исроил президенти Ицхак Герцог 19 декабр, сешанба куни 80 мамлакат элчилари ва дипломатлари олдида маълум қилди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бундай чоралар 7 октябр куни ҲАМАС жангчилари томонидан асирга олинган гаровдагиларни озод қилишга ёрдам бериши мумкин. 

«Моссад» Исроил разведка хизмати раҳбари Давид Барнеа, АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс ва Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Тани Полшада ҲАМАС вакиллари билан музокаралар ўтказмоқда, деб хабар берди бир қанча ОАВ. Исроил расмийларига кўра, камида 109 киши, шунингдек, бир неча гаровга олинганларнинг жасадлари жангчилар қўлида қолмоқда. 

БМТ ХК гуманитар резолюция бўйича овоз беришни кечиктирди 

Айни пайтда, БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги вазият бўйича резолюция лойиҳаси юзасидан овоз беришни яна кейинга қолдирди. Бирлашган Араб Амирликлари томонидан тақдим этилган ташаббус гуманитар ёрдам етказиб беришни осонлаштириш учун минтақада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақириқни ўз ичига олади. 

Овоз бериш дастлаб 18 декабр куни кутилганди, бироқ бир неча бор қолдирилди. Хавфсизлик кенгаши иштирокчилари ҳужжат матнини муҳокама қилмоқда. Овоз бериш 20 декабр куни тушдан кейин бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 18 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

1 декабргача давом этган вақтинчалик оташкесим доирасида 100 дан ортиқ гаровга олинган шахс қўйиб юборилди, Исроил 240 га яқин фаластинликни қамоқдан озод қилди. Исроил расмийларига кўра, 7 октябр куни асирга олинган яна 138 киши ҲАМАС қўлида қолмоқда.

Мавзуга оид