Ўзбекистон | 21:28 / 20.12.2023
3844
2 дақиқада ўқилади

Қонунчиликка «тўловга қобилиятсизлик» атамаси киритилади

«Банкротлик» атамаси ўрнига иқтисодий ночор ҳолатга тушган тадбиркорлик субъектларини молиявий соғломлаштиришни назарда тутувчи «тўловга қобилиятсизлик» атамаси киритилади. 

«Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун қабул қилингани муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун билан Ўзбекистон қонунлари ва кодексларига жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликка тортиш асослари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Жумладан, кодекс ва қонунлардаги «банкротлик» атамаси ўрнига иқтисодий ночор ҳолатга тушган тадбиркорлик субъектларини молиявий соғломлаштиришни назарда тутувчи «тўловга қобилиятсизлик» атамаси киритилади. 

Шунингдек, Жиноят Кодексида сохта тўловга қобилиятсизлик, қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланади. 

Фуқаролик Кодексига жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлигига оид янги норма (261-модда) киритилади. Унга кўра, қарздор жисмоний шахс пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаса, суд томонидан тўловга қобилиятсиз, деб топилиши мумкин. 

Сенаторлар маъқуллаган мазкур қонун билан Солиқ кодексига ҳам муҳим ўзгартириш киритилмоқда. Унга кўра, юридик ва жисмоний шахслар, тадбиркорлар учун тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш жараёнида жорий солиқ тўловларини тўлашни тўхтатиб туриш ва мазкур тартиб-таомил якунлангач солиқ қарзларини олти ой ичида тенг миқдорда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид