Жаҳон | 10:13 / 20.12.2023
3184
3 дақиқада ўқилади

Венгрия Болгариянинг Шенген зонасига киришига розилик беради

Венгрия ташқи ишлар вазирининг айтишича, Будапешт Болгариянинг Шенгенга киришига қарши эътирозларини қайтариб олади, чунки бу давлат Россия газининг транзити учун тўловларни бекор қилишга рози бўлган.

Петер Сийярто Фото: Attila Kisbenedek/AFP/Getty Images

Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийяртонинг сўзларига кўра, Болгария Будапешт босими остида Россия газини ташиш учун транзит солиғини бекор қилди. Шу сабабли, Венгрия Болгариянинг Шенген келишувига қўшилиши бўйича қарама-қаршиликни тугатмоқда, дея хабар берди у 19 декабр, сешанба куни Facebook’да.

Сийяртонинг сўзларига кўра, агар Болгария парламентининг Россия Федерациясидан Венгрияга газ транзити учун тўловни бекор қилиш тўғрисидаги қарори 22 декабрда расман эълон қилинса, Будапешт ўзининг Брюсселдаги вакилига Венгриянинг Болгария Шенген зонасига киришига розилиги ҳақида сигнал беради. «Болгария ҳар доим ишончли транзит ҳамкори бўлиб келган ва биз ушбу душманлик қонуни бекор қилингандан сўнг Болгария билан ўзаро ҳамкорликка қайтишимиз мумкинлигига чин дилдан умид қиламиз», деди Венгрия вазири. 

Аввалроқ Болгария Россия газининг ўз ҳудуди орқали транзити учун жорий йил октябр ойида бир мегаватт/соатга 10 евро миқдорида жорий қилган тўловларни йиғишни кейинга сургани маълум бўлган эди. Софияга кўра, Россиянинг «Газпром» энергетика концерни транзит учун пул тўламаган. 

Орбан Болгариянинг Шенгенга киришига вето қўйиш билан таҳдид қилди 

Болгария Венгрия вето қўйиши мумкинлиги сабабли 2024 йил 1 январда Шенген ҳудудига киришини хавф остига қўймоқчи эмас. Транзит тўловлари Болгария ҳудудидан ўтувчи қувур орқали Венгрия ва Сербия учун рус гази нархи ошишига олиб келиши мумкин. София ўз мақсадига яқин ва шунинг учун газ транзити тўловлари Шенгенга қўшилишга тўсқинлик қиладиган вазиятни яратмоқчи эмас, деди ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи «Болгариянинг Европа тараққиёти учун фуқаролар» партияси раҳбари Бойко Борисов.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан агар София «Газпром»дан транзит тўловларини ундиришдан бош тортмаса, вето қўйиши билан таҳдид қилди, деб эслатади dpa. Борисовнинг сўзларига кўра, у ва иккинчи ҳукмрон куч - «Ўзгаришларни давом эттириш» либерал ҳаракати раҳбари Кирил Петков бу масалада Европа Иттифоқининг тегишли механизми жорий этилишини кутишга келишиб олди. 

2022 йилдан бери Австрия ва Нидерландия Болқон йўналиши бўйлаб ноқонуний миграция кучайиши хавфи туфайли Болгариянинг Шенген ҳудудига қўшилишини қўллаб-қувватлашдан бош тортди. ОАВ хабарларига кўра, Вена энди ўз позициясини ўзгартиришга тайёр. Ноябр ойи ўрталарида Европа комиссияси Европа Иттифоқи кенгашини Болгария, Руминия ва Хорватияни Шенген келишувига киритишга чақирди, чунки бу давлатлар «визасиз ҳудудга қўшилиш учун барча шартларни муваффақиятли бажарган». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид