Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Эронни Ямандаги ҳусийчиларни қўллаб-қувватлашда айблади
Теҳрон ҳусийчиларни дронлар, ракеталар ва ҳужумларни амалга ошириш учун зарур разведка маълумоти билан таъминлаган, дея маълум қилди Вашингтон.
Яманнинг «Ансор Аллоҳ» ҳусийчи жангчилар гуруҳи Қизил денгиздаги кемаларга уюштирган ҳужумлари муносабати билан АҚШ Эронга нисбатан баёнотлари оҳангини кучайтирди. «Биз биламизки, Қизил денгиздаги савдо кемаларига қарши операцияларни режалаштиришда Эроннинг роли катта бўлган», — дея маълум қилди 22 декабр, жума куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон разведка маълумотларига таяниб.
Унинг сўзларига кўра, Теҳрон ҳусийчиларга дронлар, ракеталар ва ушбу ҳужумларни режалаштириш ҳамда амалга ошириш учун муҳим бўлган муҳим разведка маълумотларини, жумладан денгиз кузатув тизими ахборотларини тақдим этган. Визуал таҳлил шуни кўрсатганки, ҳусийчилар томонидан учирилган ракеталар ва дронлар ташқи кўриниши бўйича Эроннинг ўзида ишлатиладиганидан деярли фарқ қилмайди.
Юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро операция
18 декабр куни Қўшма Штатлар энг муҳим юк ташиш савдо йўлларидан бирининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Prosperity Guardian - «Фаровонлик қўриқчиси» халқаро операцияси бошланганини эълон қилди, унда Пентагон, Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшел ороллари ва Франция қатнашади. Бундестаг рухсатидан кейин Германия ҳам операцияга қўшилиши мумкин.
Аввалроқ, 5 декабр куни АҚШ Марказий қўмондонлиги ҳусийчиларни Эрон қўллаб-қувватлаётганини эълон қилган эди. Ушбу баёнотга кўра, «Қўшма Штатлар ўзининг халқаро иттифоқчилари ва шериклари билан тўлиқ мувофиқлаштирилган ҳолда барча тегишли жавоб чораларини кўриб чиқади».
Яман ҳусийчилари ва Ямандаги уруш
Яман ҳусийчилари Қизил денгиздаги кемаларга ноябр ойида ҳужум қила бошлади ҳамда озиқ-овқат ва тиббий буюмлар Ғазо секторига киритилмагунча Исроилга йўл олган ҳар бир кемага ҳужум қилиш билан таҳдид солди. Бу халқаро юк ташишда катта тўсиқ бўлди, тўртта компания, шу жумладан соҳа етакчиси MSC ўз кемаларини Адан кўрфазини Қизил денгиз билан боғлайдиган дунёдаги энг муҳим юк ташиш йўлларидан бири - Баб ал-Мандеб бўғози орқали жўнатмаслигини эълон қилди. Қизил денгиз орқали глобал юк ташиш ҳажми 10-12 фоизни, нефт ташувларида тахминан 5 фоизни ва барча контейнер ташишда тахминан 30 фоизни ташкил қилади.
Яман Қизил денгиз ва Адан кўрфази ўртасидаги Баб ал-Мандеб бўғозида жойлашган. Эрон томонидан қўллаб-қувватланган, аниқ кўлами ва шакли ҳали номаълум бўлган ҳусийчилар мамлакат шимолини, Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳукумати жанубни назорат қилади. БМТ маълумотларига кўра, Ямандаги уруш дунёдаги энг даҳшатли гуманитар инқирозлардан бирини яратди. 2022 йилнинг апрелида можаро томонлари олти ойлик сулҳга келишиб олди. Гарчи унинг муддати анча олдин тугаган ва томонлар уни узайтириш бўйича келиша олмаган бўлса-да, аслида у ҳали ҳам ўз кучида.