Жаҳон | 14:24 / 23.12.2023
13978
2 дақиқада ўқилади

Жо Байден 2024 йил учун рекорд даражадаги мудофаа бюджетини имзолади

1 октябрда бошланган молиявий йил бюджети 886 миллиард доллардан ошади. Бюджет жорий ва кейинги молиявий йилда Украинага 300 миллион доллар ажратиш имконини беради.

Фото: Yuri Gripas/Abaca/Bloomberg

АҚШ президенти Жо Байден мамлакатнинг 2024-молия йили учун рекорд миқдорда - 886,3 миллиард долларлик мудофаа бюджетини имзолади, деб хабар берди 22 декабр, жума куни Оқ уй. Аввалроқ, 1 октябрда бошланган 2024-молия йили учун бюджет лойиҳаси АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланган эди.

Ҳужжат Мудофаа, Энергетика вазирликлари, АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, махсус хизматлар ва миллий хавфсизлик дастурлари фаолиятини молиялаштиришни белгилайди. Қонун «келажак можаролар олдини олиш учун зарур бўлган ҳарбий кучларни яратиши керак бўлган муҳим органларни кенг ваколатлар билан таъминлайди», деб таъкидлади Оқ уй раҳбари. 

Америкалик ҳарбий хизматчиларнинг расмий маошлари 5,2 фоизга ошади. Бундан ташқари, мудофаа бюджетида айтилишича, Хитойнинг аккумулятор ишлаб чиқарувчи баъзи компаниялари АҚШ учун харидларда иштирок эта олмайди. 

Украинага 300 млн доллар ажратиш режалаштириляпти

Жо Байден имзолаган бюджет Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббусини 2026 йил охиригача узайтиради, бу эса Киевга 2024 йил 30 сентябрда якунланадиган жорий молия йилида ҳам дастур учун 300 миллион доллар ажратиш имконини беради. Пул АҚШдаги арсеналлардан тўғридан тўғри етказиб бериш учун эмас, балки Украинага юбориладиган қуролларни ишлаб чиқаришга сарфланади. 

Байден маъмурияти Украинани Россияга қарши урушда қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағ деярли тугаганини бир неча бор таъкидлаган. АҚШ президенти Конгрессдан хавфсизлик учун 106 миллиард доллар, жумладан, Украинага 60 миллиард доллардан ортиқ ёрдам ажратишни маъқуллашни сўради, бироқ конгрессменлар бу таклифни рад этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид