Жаҳон | 22:43 / 25.12.2023
13687
10 дақиқада ўқилади

Тўйиб овқатланолмаётган Ғазо болалари, Ироқда операция бошлаган Туркия ва Қизил денгиз коалициясига қўшилган Евроиттифоқ — кун дайжести

Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз. 

Ғазодаги вазият

Исроил кеча Ғазо сектори шимолидаги Ал-Мағазий қочқинлар лагерига яна авиазарба берди. Al-Jazeera телеканали маълумотларига кўра, камида 45 киши ҳалок бўлган.

Исроил армияси Ғазо секторидаги шифохоналарга ҳужум қилишда давом этмоқда. У ердан ўз уй жойларини ташлаб чиққан минглаб фаластинликлар бошпана топишган, шунингдек ярадорлар ва беморлар бор. Эксклавдаги 36 та шифохонада бугунги кунда фақат 9 таси қисман фаолият кўрсатмоқда ва уларнинг барчаси Ғазонинг жанубий қисмида жойлашган. Шифохоналарнинг тўлганлик даражаси 206 фоизга тенг.

UNICEF маълумотларига кўра, Ғазо секторида болаларнинг 80 фоизи — бу қарийб 335 минг бола дегани — тўйиб овқатланмасликдан азоб чекишмоқда. 5 ёшгача бўлган болаларнинг 10 мингдан ортиғи очликка дучор бўлишган.

UNICEF шунингдек 155 мингдан ортиқ ҳомиладор ва эмизикли боласи бор аёлларнинг овқатланишидан ташвишда. Халқаро фонда кўра, касалхоналарнинг учдан икки қисми ёқилғи, сув ва дори-дармон етишмаслиги туфайли ўз ишини тўхтатган.

Ғазода Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 20,4 мингга етган. Сўнгги бир сутка ичида Исроил агрессияси 160 нафар тинч аҳоли вакилларини ҳаётдан олиб кетган.

Ғазода яна бир журналист ўлдирилди. Фаластин ҳукуматининг ахборот агентлиги Аҳмад Жамол ал-Мадҳун Исроил зарбаси натижасида ўлдирилганини эълон қилди. Шу пайтга келиб Исроил зарбалари оқибатида ўлдирилган журналистлар ва ОАВ ходимлари сони 101 нафарга етди.

Исроилнинг йўқотишлари

Исроил армияси «Ал-Ақсо бўрони» операцияси бошланганидан буён 485 нафар аскари ҳалок бўлгани, улардан 158 нафар Ғазо секторидаги жангларда ўлганини таъкидлаган.

Исроил томони ҲАМАСнинг таянч пунктларидан бири деб санайдиган Ғазо секторининг шимолидаги Жабалиядаги ҳарбий операция чоғида беш нафар исроиллик гаровга олинганларни жасади топилган.

Жасадлар ҳамасчиларнинг кенг тарқалган тоннеллар тизими ичидан топилган. ЦАҲАЛ спикери Даниэл Ҳагарининг айтишича, тоннеллар тизими икки даражадан иборат бўлган. Биринчиси ўн метр чуқурликда бўлса, иккинчиси ўнлаб метр ер қаърида. Тармоқ ҲАМАСнинг шимолий бригадаси қўмондони, Исроилга қилинган ҳужумга бошчилик қилган Аҳмад Андурнинг қароргоҳига элтувчи шахтага боғланган.

Гаровга олинганларнинг жасадлари Исроилга дафн этиш учун етказилган.

Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Олмерт айни пайтдаги бош вазир Бинямин Нетаняҳу имкон қадар тезроқ Ғазодаги урушни тўхтатиб, асирлар алмашинувини амалга ошириши лозимлигини таъкидлади.

«ҲАМАСни йўқ қилишнинг имкони йўқ. Нетаняҳунинг ўзи ҳам Ғазодаги уруш борасидаги ўз сўзларига ишонмайди», — деган Олмерт.

ҲАМАС томони Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш борасидаги бирорта таклифига жавоб бермагани ва уларнинг бирортасини муҳокама қилмаганини таъкидлаб ўтган. 

Қизил денгиздаги вазият

Европа Иттифоқи АҚШнинг Қизил денгиздаги операцияларига қўшилишга қарор қилди. АҚШ томонидан Қизил денгиздаги тижорат кемаларининг Ямандаги Ансоруллоҳ ҳаракатига аъзо ҳусийчиларнинг ҳужумидан муҳофаза қилиш учун «Фаровонлик соқчиси» операциясини бошлаш учун коалиция тўплагани, унга 20 та давлат аъзо бўлгани ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик.

Энди бу операция таркибига Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳам қўшилади. Бу ҳақида Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел таъкидлаб ўтган.

«Ҳусийчиларнинг мулоҳазасиз ҳаракатлари Қизил денгизда кемачилик эркинлигига таҳдид уйғотади. Мен бугун чақирган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар доимий вакилларининг навбатдан ташқари йиғилишда аъзо давлатлар «Атланта» операцияси орқали Американинг «Фаровонлик соқчиси» операциясини қўллашга розилик билдиришди», — деган Боррел. 

Туркиянинг Ироқдаги операцияси

Курдистон ишчи партияси жангарилари томонидан Туркиянинг 12 аскари ўлдирилгач, Туркия Ироқ шимолида ҳарбий операция бошлашини эълон қилди.

Ҳарбийлар ўтган шанба куни Ироқнинг шимолида Курдистон ишчи партияси жангарилар томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида ўлдирилган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Сурия ва Ироқ шимолида террорчилик унсурлари мавжуд бўлишига асло тоқат қилолмаслигини таъкидлади.

Бундан ташқари яна олти нафар турк ҳарбий хизматчиси Курдистон ишчи партияси жангарилари билан «Қулф панжаси» ҳарбий операцияси ўтказилаётган зонада ҳалок бўлган. Бир киши яраланган. Турклар эса душманнинг 13 нафар жангарисини ўлдирилган.

Айни пайтда «аниқланган нишонларга қарата кутилмаганда ҳаводан ҳужум қилиш» операциялари ўтказилмоқда.

Курдистон ишчи партияси Туркияда террорчилик ташкилоти саналади. Унинг жангарилари Ироқ ва Сурия шимолида базаларга эга. Шу сабабли Анқара вақти вақти билан уларга қарши ҳаводан ва ердан операциялар ўтказиб туради.

Аскарларининг ўлдирилишига жавобан Туркия томонидан Ироқ ва Сурияда йўқ қилинган террорчилар сони 30 нафарга етган. Бу ҳақида Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер таъкидлаб ўтган. 

Украина фронти янгиликлари

Украина фронтида Россия учта Су-34 қирувчи-бомбардимончи самолётидан айрилгач, авиазарбалар миқдорини кескин камайтирган. Украина ҳарбий ҳаво кучларининг спикери Юрий Игнатнинг айтишича, айни пайтда Россия ҳарбийлари самолётларни уриб туширган воситаларни топишга ҳаракат қилишмоқда. Экспертларнинг фикрича, рус самолётлари Американинг Patriot кўчма зенит-ракета тизими ёрдамида уриб туширилган. Албатта, бу хабарлар мустақил манбалар томонидан ўз тасдиғини топмаган.

Украина қуролли кучлари яна бир Су-34 қирувчи-бомбардимончи уриб туширганини иддао қилмоқда. Бу Мариупол йўналишида содир бўлган, деган Қуроллли кучлар қўмондони Микола Олешчук. Ҳозирча Россия томонида бу баёнотларга расмий шарҳ бермаган.

Украина учун хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги декларацияга ҳозирча Украинанинг олтита давлати қўшилмаган. Украина президенти офиси раҳбарининг ўринбосари Андрий Сибиганинг айтишича, бу давлатлар Австрия, Венгрия, Малта, Полша, Словакия ва Хорватиядир. Киев аллақачон бу давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда. Уларнинг орасида фақат Будапешт ва Братислава Украинага ҳарбий ёрдам етказилишига тин-тирноғи билан қарши бўлиб турибди.

Чехия президенти фармонига кўра, ватанига қайтиш истагида бўлган украиналикларга компенсация тўланади. Компенсация миқдори индивидуал шарт-шароитларга кўра белгиланади ва фақат бир марта тўлаб берилиши назарда тутилган.

Россия дучор бўлган муаммолар

Россиядаги компанияларнинг 85 фоизи кадрлар етишмовчилигига дучор бўлгани ҳам хабар қилинмоқда. 2023 йил давомида иш берувчилар томонидан жойлаштирилган вакансиялар сони 1,5 баробарга ошган, бироқ резюмелар сони қисқаришда давом этмоқда.

Россия фанлар акдемияси институти Россияда кадрлар етишмовчилигини қарийб 5 млн кишига баҳолади. 2023 йил якунларига кўра, Россияда кадрлар етишмовчилиги 4,8 млн кишини ташкил этади, дейилади Россия фанлар акдемияси иқтисодиёти институти тадқиқотида. Экспертлар Росстат маълумотларига асосланиб шундай хулосага келишган.

Россияда 4,8 млн ишчи етишмаётган шароитда қарийб шунча одам қарзлари туфайли хорижга чиқишига тақиқ ўрнатилган. 4,9 миллион кишининг тақиқи қарздорлик сўндирилгунча ёки ижро иши тўхтатилгунга қадар амалда бўлади.

Оқ уй президент Жо Байден Россияга қарши молиявий санкцияларни кучайтиришга йўналтирилган фармонни имзолаш ниятида эканини эълон қилди.

Оқ уй маъмурияти бутун жаҳондаги банк ташкилотлари аксилроссия санкциялар режимига риоя қилмайдиган бўлса, уларни АҚШ молия тизимидан узиб қўйилиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган. 

Белграддаги ғалаён

Сербия пойтахти Белград шаҳрида парламент сайловларидан норози мухолифат тарафдорларидан 1200 киши пойтахт маъмурияти биносини штурм билан эгаллашга ҳаракат қилди.

Аввалги якшанбада парламентга ўтказилган сайловларда президент Александр Вучич бошчилигидаги ҳукмрон Прогрессив партия кўпчилик овозларни тўплашга муваффақ бўлган эди.

Ғарбпараст «Сербия зулга қарши» коалицияси томонидан кўчаларга чиқарилган одамларнинг уринишлари бесамар кетган. Намойишчилар шаҳар ҳокимияти биносининг эшик ва деразаларини синдиришган.

Полиция издиҳомни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газлардан фойдаланишга мажбур бўлган. 40 га яқин намойишчилар ушланган. Икки нафар полициячи яраланган.

Президент Вучич намойишлар ташқаридан бошқарилаётганини таъкидлаган ва воқеалар фонида зудлик билан Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирган.

Россия элчиси билан учрашган Сербия президенти Москвани эҳтимолли тартибсизликлардан огоҳлантиргани учун миннатдорчилик билдирган. Сербия бош вазири Ана Брнабич ҳам телевидение эфирида Россия махсус хизматларига огоҳлантириш учун раҳмат айтган. 

АҚШ ўз ҳудудини кенгайтирмоқда

АҚШ ўз ҳудудини миллион километр квадратга кенгайтирди. Бу иккита Ўзбекистон ҳудудидан сал кўп. Қўрқманг у ҳеч қаерни босиб олгани йўқ. Гап денгиз ҳудудлари ҳақида бормоқда.

Ресурсларга бой янги ҳудудлар Арктика, Антлантика, Беринг денгизи, Тинч океани, Мексика қўлтиғи ва Мариана оролларга туташ қитъа шелфлари ҳисобига кенгайтирилмоқда, деб ёзади Bloomberg нашри.

«Бу катта янгилик, чунки гап улкан ҳудуд ҳақида кетмоқда. Бу АҚШнинг денгиз туби устидан суверенитетидир: бу фойдали қазилмалар қазиб олиш бўладими, кабел ёки қувур тортиш бўладими. АҚШ ўзининг эксклюзив денгиз зоналари чегараларини эълон қилммоқда ва бу ечимлар устидан суверенитетга эга бўлади », — деган қутб тадқиқотлари маркази директори.

АҚШ давлат департаменти қитъа шелфи мамлакатнинг қуруқликдаги чегараси давоми эканини айтиб, Россия билан ҳудудий баҳслар келтириб чиқармаслигига урғу берган. Бироқ, эҳтимолли саволлар юзага келмаслиги учун АҚШ Канада, Япония ва Баҳама ороллари билан музокаралар ўтказишни режалаштираётгани ҳам таъкидланган.

Қорабоғдан хушхабар

Хонкандидаги стадионда 30 йил ичида илк бор Озарбойжон футбол клублари майдонда футбол ўйнашди. Арман оккупациясидан озод қилинган Хонканди шаҳри марказий стадионида Озарбойжон кубогининг чоракфиналида «Қорабоғ» футбол клуби ва Марказий ҳабий спорт клуби футболчилари майдонга чиқишди. Учрашуви Озарбойжон президенти Илҳом Алиев майдон марказидаги тўпни ўйинга киритиб очиб берди.

Мавзуга оид