Бронхит касаллиги хавфлари ҳақида маълумот берилди
Бронхларнинг яллиғланиши (бронхит) қиш фаслида юқори нафас йўлларининг энг кўп учрайдиган хасталиги экани таъкидланмоқда.
Қишнинг совуқ кунларида инсонларда нафас йўллари билан боғлиқ касалликлардан бири бронхит бўлиб, вақтида даволанмаса, оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда олий тоифали шифокор Равшанбек Умаров маълумот берди.
Қайд қилинишича, бронхларнинг яллиғланиши (бронхит) юқори нафас йўлларининг энг кўп учрайдиган хасталиги, унинг ўткир ва сурункали турлари фарқланади. Кўпинча об-ҳавонинг ўзгариши, иммун тизимининг сусайиши, ёмон одатларга (ичкиликбозлик, кашандалик) ружу қўйиш ҳамда турли зарарли моддалар (газ, чанг, кучли эфир мойларини) нафас орқали ичга ютиш каби ҳолатлар ҳалқум, ҳиқилдоқ ёки трахеяни зарарлаб, ўпка томон тарқалади. Оқибатда бронхит ва зотилжам келиб чиқади.
Шифокорнинг таъкидлашича, касалликнинг ўткир турида бемор ҳолсизланади, мушаклари қақшайди, йўтал пайдо бўлади, кўкрак соҳаси қисилиб, оғрийди. Бироз ўтиб, унга тумов ҳам қўшилади, баъзи ҳолларда эса тана ҳарорати кўтарилиши мумкин. Қолаверса, беморда мунтазам равишда йўтал тутиб, йиринг аралаш балғам ажралади. Бронхит тўлиқ даволанмаса, касаллик чўзилиб, сурункали тусга ўтади ва ўзидан оғир асоратлар қолдиради.
«Гайморит, отит ва зотилжам каби асоратлар аксарият ҳолларда бронхит қайталаши оқибатида келиб чиқади. Юрак-қон томир тизимида касаллиги бўлган ва анча қувватдан қолган беморларда бронхит туфайли майда бронхлар ҳам зарарланади», деди Умаров.
Касаллик ривожланганда бемор иситмаси баланд бўлади, ҳаво етишмайди, ҳансирайди. Шунингдек, лаби кўкаради, тез-тез йўталиб, тинка мадори қурийди. Йирингли балғам ташлаб, кўкрагида оғриқ туради. Ҳатто, ўпкасида майда пуфакчали нам, қуруқ хириллашлар эшитилади. Қолаверса, нафас сустлашади, томир уриши тезлашиб, юрак товуши бўғиқлашади, ҳатто, бронхлар девори ва атрофидаги тўқималар зарарланади.
Шифокорнинг огоҳлантиришича, бундай вақтда беморларни зудлик билан шифохонага ётқизиш лозим.
Мавзуга оид
15:25 / 21.11.2024
Ҳатто спорт ёрдам бермаслиги мумкин: узоқ вақт ўтириш юрак касалликлари хавфини ошириши аниқланди
17:32 / 18.11.2024
Олимлар уйқу сифатини оширувчи формулани таклиф қилди
16:48 / 16.11.2024
Хитойда аёл бир суткада олти марта пластик операция қилинганидан сўнг вафот этди
15:46 / 14.11.2024