Байден Россиянинг оммавий ракета зарбаларига жавобан Конгрессни «шошилинч чора кўришга» чақирди
АҚШ президенти агар Конгресс маъқулламаса, келаси йили Киевга қурол-яроғ етказилмаслигидан огоҳлантирди.
АҚШ президенти Жозеф Байден Россиянинг Украинага берган оммавий ракета ва дрон ҳужумларига муносабат билдирди. 29 декабрга ўтар кечаси бошланган ва кун бўйи давом этган зарбалар оқибатида 30 киши ҳалок бўлган, 160 нафардан ортиғи жароҳат олган эди.
«Бугунги тун ҳалокатли уруш бошланганидан деярли икки йил ўтиб, Путиннинг мақсади ўзгармаганини эслатиб туради. У Украинани йўқ қилиб, халқини ўзига бўйсундирмоқчи. Бунга чек қўйиш керак», деди Байден.
Унинг таъкидлашича, Украина шафқатсиз ҳужумга қарши ўтган йил давомида АҚШ ва бошқа иттифоқчилардан олган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини қўллаган. Шу билан бирга, Байден агар Конгресс маъқулламаса, АҚШ келаси йили Киевга қурол-яроғ етказиб бера олмаслигидан огоҳлантирди.
«Америка халқи украиналиклар ҳаётини сақлаб қолишга, эркинлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишга ёрдам бергани билан фахрланиши мумкин. Аммо Конгресс янги йилда шошилинч чоралар кўрмас экан, биз Украина халқини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қурол ва ҳаво мудофаа тизимларини юборишни давом эттира олмаймиз. Конгресс фаоллашиши ва кечиктирмасдан ҳаракат қилиши керак», деди президент.
Байденнинг қайд этишича, бу уруш Украина чегарасидан ҳам узоққа боради ва НАТО ҳарбий-сиёсий блокига, Европа хавфсизлигига ва трансатлантик муносабатлар келажагига таъсир қилади.
«Путин шунчаки Украинани йўқ қилишга уринмади, балки НАТО блокидаги баъзи иттифоқчиларимизга ҳам таҳдид қилди. Диктаторлар ва автократларга Европада қўпол ҳаракат қилишга рухсат берилса, Қўшма Штатлар бу вазиятга бевосита аралашиб қолиш хавфи ортади. Оқибати эса бутун дунёга таъсир қилади. Шунинг учун ҳам Қўшма Штатлар Украина мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун 50 дан ортиқ давлатдан иборат коалицияни бирлаштирди. Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимизга панд беролмаймиз. Биз Украинага панд беролмаймиз. Эркинлик чақириғига эътибор бермаганларни тарих қаттиқ жазолайди», деб хулоса қилди президент.
Мавзуга оид
17:24
The Times: Киев бир неча ой ичида оддий атом бомбасини яратиши мумкин
16:56
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда кўпчиликни қўлга киритди
16:08
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
15:46