Ўзбекистон | 22:10 / 29.12.2023
10969
7 дақиқада ўқилади

Эрта унаштирув, таҳқирланаётган болалар, мигрантларнинг ёлғиз қолган фарзандлари — болалар омбудсмани билан суҳбат

“Бола ҳуқуқлари бузилишининг бошланғич нуқтаси ота-оналар ўз фарзандини мулки сифатида кўриши билан бошланади. Бола ўз ҳаётига оид бўлган кичик ва катта қарорлар қабул қилишда иштирок этмайди. Бу – бизнинг жамиятдаги умумий тафаккур. Давлат қонунчиликни қатъийлаштириши билан масала тўлиқ ҳал бўлмайди, жамият ҳам бунга жавоб бериши лозим”. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг Kun.uz'га берган интервюсини томоша қилинг.

Тобора ўзгариб бораётган дунёда инсон ҳуқуқлари, шунинг баробарида болалар ҳуқуқларини таъминлаш долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Хусусан, сўнгги вақтларда Ўзбекистон болалари билан содир бўлаётган воқеалар фонида мамлакатимизда ҳам бу масала жамоатчиликнинг кун тартибида бўлиб турибди. 

Хўш, ҳозирда ўзбек болалари етарлича ҳимоя қилиняптими? Омбудсманнинг жараёндаги роли қандай бўляпти? Kun.uz айни шу мавзу атрофида бутун республикадаги вазиятни таҳлил қилиш, муаммоларни кўтариш мақсадида болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова билан суҳбат ташкил қилди. 

– Болалар омбудсмани этиб тайинланганингизга ҳам 2 ой тўлди, иш бошлагач Ўзбекистондаги ҳолатни ўргандингизми? Болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ айни вазиятни қандай баҳолайсиз? Бу борада нималар бизнинг асосий муаммоларимиз бўлиб қолмоқда? 

— Бу лавозимда иш бошлаганимга 2 ой бўлган бўлса, шу вақт давомида бу тизимни ўргандик, кутувларимиз бор. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бошқа соҳалар қатори болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаси ҳам тубдан ислоҳ этилди. Қатъий равишда давлат бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиши зарур, деган позиция яратилиб, шу эътироф этилмоқда. 

Болалар ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари учун жазолар қатъий ва оғирлаштирилган бўлса-да, бу асосан оқибат билан ишлаш ҳисобланади. Аслида муаммонинг илдизи, зўравонлик ҳолатлари келиб чиқишига сабабларини ўрганиш лозим. Менимча, бунинг илдизи ижтимоий-тарихий тафаккур билан боғлиқ. Бизнинг жамиятда болага нисбатан тўлақонли инсон, шахс деб қараш йўқ, бола ота-она қарамоғида бўлган кичик бир одам, деб қаралади, унинг фикрлари, муносабати деярли инобатга олинмайди. Яъни жамиятнинг тенг аъзоси сифатида кўрилмайди. 

Бу ёндашув бола туғилгандан вояга етгунга қадар давом этади. Боланинг нима кийишидан тортиб ким билан оила қуришигача ота-оналар, яқинлар, жамият ҳал қилади. Бола ўз ҳаётига оид бўлган кичик ва катта қарорлар қабул қилишда иштирок этмайди. Бу бизнинг жамиятдаги умумий тафаккур. Бу нарса ҳатто болага бир буюмдек қараш ҳолатларига ҳам ўтиб кетади баъзида. Бола алоҳида шахс сифатида эътироф этилмагандан кейин табиий равишда унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам эътироф этилмайди. Бола ҳуқуқларининг бузилиши шундан бошланади. 

Бундай салбий қадриятлар ва ижтимоий меъёрларни қайта кўриб чиқиш эҳтиёжи бор бугун. Фақат давлат эмас, жамият ҳам бу ёндашувларни ўзгартиришга уриниши керак. Давлат қонунчиликни қатъийлаштириши билан масала тўлиқ ҳал бўлмайди, жамият ҳам бунга жавоб бериши лозим. 

— Болалар омбудсманига 2019 йилдан бошлаб эътибор берила бошланганини ҳисобга олсак, ҳукуматнинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида истаги борлигини кўрамиз. Лекин барибир бу органни қўллаб-қувватлашда камчиликлар бордек туюлмайдими сизга? 

— Янги йўлга қўйилган институтларни ташкил этишда ташкилий масалалар юзага келади. Лекин кадр ва ресурсларда муаммолар бор деб ўйламайман, фаолият бошлаганимдан бери бундай муаммога дуч келмадим. Болалар масаласининг кўлами кенглиги сабаб кадрларга эҳтиёж бўлади, ҳар бир вилоятда вакилларимиз бўлиши керак, ҳозир бу борада ишлар кетяпти. 

Қонуний ва ташкилий жиҳатдан ишларни йўлга қўйиш учун жараён давом этяпти. Парламентнинг қуйи палатасида болалар омбудсмани тўғрисидаги қонун 3-ўқишда қабул қилинди ва юқори палатага юборилди. Давлат даражасида масаланинг муҳимлиги, сиёсий-ижтимоий эҳтиёж борлиги эътироф этилиб, бу институтни кучайтириш ишлари олиб борилмоқда. Яқин орада бизда катта имкониятлар бўлади. 

— Аниқ кейсларга ўтсак. Масалан, яқинда бўлган Қашқадарёдаги ҳолат, у ерга бордингиз, вазиятни ўргандингиз. Хўш, қизлар билан гаплашиб кўрганингизда уларнинг руҳий ҳолати, жараёнга муносабати қандай эди? 

— Бу масала юзасидан Қашқадарёга бориб ўрганиш олиб бордик, биргина Кўкдала туманида эмас, бошқа туманларни ҳам ўргандик. 

Айнан Кўкдаладаги кейсни оладиган бўлсак. Биз у оилалар билан учрашдик, қизлар билан, оналар билан холи суҳбат олиб бордим ўзим. Бу вазиятдаги биринчи омил урф-одатлар. Қизларни турмушга беришни эртароқ ҳал қилиш урф бўлган. Бу дегани унаштирув бўлибоқ тўй қиламиз дегани эмас, оиланинг ўзи ҳам эътироф этяпти. Аммо барибир бу нотўғри эканини тушунтиришга ҳаракат қилдик. 

14-15 ёшли қизга нисбатан бундай маросим бўлишининг ўзи унинг таълим олиши, ривожланиши, касб эгаллаш кабиларни чеклаб ташлайди. Бу иш билан қизнинг зиммасига оила қуриш, фарзандли бўлиш, янги оиласи билан, уларнинг манфаатлари билан яшашни юклаб қўяди. 15 ёшли қиз шу нарсаларни устувор деб билишга мажбур бўлади. 

Ўша ҳудудларда бу нарса урф бўлгани учун бундай ҳолатларга жамият меъёр сифатида қарайди. Бундай урф-одатлар шаклланган давр билан ҳозирги давр ижтимоий меъёрлари, эҳтиёжлари ўртасила ер билан осмонча фарқ бор. У даврларда қизларнинг ҳаётий барқарорлигини таъминлаш учун эртароқ унаштириб қўйиш керак, деган қараш бўлган. Чунки аёллар молиявий мустақил бўлишига, таълим олиб бирор касб эгаллашига имконият бўлмаган у пайтда. Ҳозир эса қизларда бундай имкониятлар бор. Аммо афсуски, эски урф-одатлар ҳозиргача ўз таъсирини ўтказиб келяпти. 

Мана шу нарсаларни ётиғи билан тушунтирса, тушунишяпти ҳам. Таълим имкониятлари, магистратурада бепул ўқиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилса, ота-оналар шуни ўйлаб кўряпти. 

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеода кўришингиз мумкин. 

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид