Жаҳон | 11:20 / 30.12.2023
13740
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти Конгрессни четлаб ўтиб, Исроилга қурол сотишни маъқуллади 

Давлат департаменти Исроилга зудлик билан қурол сотишни минтақадаги фавқулодда вазият билан изоҳлади. 

Фото: Reuters

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга тахминий қиймати 147,5 миллион доллар бўлган М107 артиллерия снарядлари ва тегишли асбоб-ускуналарни сотишни маъқуллади. Бу ҳақдаги баёнот 30 декабр, шанба куни АҚШ Мудофаа хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик агентлиги (DSCA) расмий сайтида эълон қилинди

Департаментнинг қайд этишича, АҚШ Конгресси эҳтимолий қурол савдоси ҳақида хабардор қилинган, бироқ Давлат департаменти одатда қурол экспорти учун расмийлар томонидан талаб қилинадиган Конгресс розилигини кутиб ўтирмайди. Блинкен «Конгрессга фавқулодда вазият мавжудлигини батафсил асослаб берди, бу эса юқорида қайд этилган мудофаа товарлари ва хизматларини АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатлари учун Исроил ҳукуматига зудлик билан сотишни талаб қилади», — дейилади баёнотда. 

Баёнот муаллифларининг қайд этишича, бундай миқдорда қурол-яроғ сотилиши АҚШ мудофаа қобилиятига таъсир қилмайди. 

АҚШ Конгресси дам олиш кунлари олдидан Исроилга ёрдам беришни маъқулламади 

Қўшма Штатлар Исроилни ҲАМАСга қарши урушда қўллаб-қувватлайди ва Яқин Шарқда можаро авж олгандан кейин минтақага қурол-яроғ етказиб берган ҳамда у ерга ҳарбий кемалар юборган. Бироқ, Исроилга ёрдам кўрсатишнинг баъзи масалалари Америка қонун чиқарувчи органлари томонидан маъқулланиши лозим эди.

Шу тариқа, декабр ойи бошида Reuters АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдан Исроилга Merkava танклари учун 500 миллион доллар миқдоридаги ўқ-дорилар сотишни маъқуллашни сўраганини ёзди. Давлат департаменти қонун чиқарувчиларнинг қарорини кутмай, АҚШ миллий хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда келишувни маъқуллади. 

Янги келишувни Конгрессдан камида 9 январгача маъқуллашнинг иложи йўқ эди - АҚШ президенти маъмуриятининг Исроил ва Украинага ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилишни якунлаш тўғрисидаги чақириғига қарамай, органнинг иккала палатаси ҳам таътилга чиқиб кетди. Вашингтоннинг Киев ва Тел-Авивга ҳарбий ёрдам бериши ҳақидаги мунозаралар бир неча ойдан бери давом этмоқда. 

Исроил Ғазо секторидаги операцияни тўхтатмоқчи эмас 

Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо секторида Исроил ва фаластинликлар ўртасида сулҳ фақат ҲАМАС йўқ қилиниб, минтақа демилитаризация қилингандан кейингина амалга ошиши мумкинлигини айтган эди. Бундан ташқари, Нетаняҳунинг сўзларига кўра, тинчликка эришиш учун Ғазони «дерадикализация қилиш» керак. 

Айни вақтда Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори жанубида жангларни давом эттиряпти. Ҳужум нишони Хон Юнус шаҳри бўлиб, ЦАҲАЛ матбуот котиби Жонатан Конрикус уни «ҲАМАС қалъаси» деб атади. Ғазо сектори шимолидаги жанглар «нисбатан камроқ шиддат билан» давом этади, деди Исроил вакили. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 21 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид