Ўзбекистон | 10:34 / 03.01.2024
3591
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Тошкентда "тиббиёт шаҳарчаси"ни барпо этиш лойиҳасини амалга оширади

Ҳозир Ўзбекистон ССВ раҳбарлигида лойиҳани комплекс экспертизадан ўтказишнинг иккинчи босқичи давом этмоқда.

Фото: credihealth.com

Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридаги Aakash Healthcare шифохонаси якунланган 2023 йилда Ўзбекистон билан самарали ҳамкорликни амалга оширди, деб хабар бермоқда "Дунё".

"2023 йил Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз учун жуда самарали бўлди, - дейди ихтисослашган шифохона бошқарувчи директори Аашиш Чаудари. - Биз етакчи мутахассисларимиздан ташкил топган делегацияларнинг Ўзбекистонга бир неча бор сафарларини уюштирдик, текширув ва ташхис ишларини амалга оширдик, 2 мингдан ортиқ беморга малакали шифо топишга ёрдам бердик. Шунингдек, ортопедия, бўғимларни алмаштириш, гастроэнтерология, онкология каби турли йўналишларда 100 га яқин мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилди".

Тошкент шаҳрида умумий қиймати 80 миллион АҚШ долларига тенг "тиббиёт шаҳарчаси"ни барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилди. Ҳиндистонлик мутахассисларнинг режасига кўра, янги мажмуа таркибидан 600 ўринли замонавий шифохона ва таълим муассасаси жой олади.

"Ҳозир Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлигида лойиҳани комплекс экспертизадан ўтказишнинг иккинчи босқичи давом этмоқда, - дейди Аашиш Чаудари. - Экспертиза жараёни тугаллангач, янги мажмуа билан боғлиқ барча ҳужжат ва маълумотлар тегишли давлат органларига тақдим этилади. 2024 йил ҳамкорлигимиз учун жуда муҳим босқич бўлишига ва янги лойиҳа муваффақиятли амалга оширилишига ишончимиз комил".

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид