Жаҳон | 14:57 / 04.01.2024
13743
8 дақиқада ўқилади

Қайтарилган асирлар ва Киевни тозалаётган кўнгиллилар. Уруш суратлари

Украинадаги урушнинг 679-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Украина ва Россия сўнгги ойларда илк бор асирлар алмашинувини амалга оширди. РФ мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Россияга 248 киши қайтган, Володимир Зеленский — 230 нафар украин жангчиси асирликдан озод этилганини маълум қилди.
  • Украинанинг зарбаси оқибатида Курск областида электр нимстанцияси шикастланган. Уни таъмирлаш вақтида 97 минг киши яшовчи Железногорск шаҳрида бир неча соат мобайнида электр ва иссиқлик бўлмади.
  • Белгородда портламай қолган ўқ-дори туфайли 323 та уйдан 600 киши эвакуация қилинди.
  • Франция ТИВ Белгород бўйлаб зарбаларни қоралашдан бош тортди. Бунга жавобан Дмитрий Медведев ўз телеграм-каналида французларни койиб берди.
  • Екатеринбург ИИББ собиқ бошлиғи, пора учун қамалган Игор Трифонов Украинадаги урушда ҳалок бўлди.
  • Полша ТИВ раҳбари Украинага узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталарни етказиб беришга чақирди.

Алмашув доирасида уйга қайтган украинлар. Улар ватанда қандай кутиб олинди

3 январ куни Россия ва Украина ҳукуматлари беш ой ичида илк бор асирлар алмашуви ўтказилгани ҳақида хабар берди — томонлар сўнгги бор 2023 йил августида асирлар алмашганди. Янги алмашув доирасида Россияга, мудофаа вазирлиги хабарига кўра, 248 нафар ҳарбий хизматчи қайтарилган, Украинага эса, Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича — 230 киши, улардан 213 нафари оддий аскарлар ва сержантлар, 11 нафари офицерлар ва олти нафари тинч аҳоли вакиллари. Украина инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Дмитро Лубинецнинг аниқлик киритишича, озод этилган ҳарбий асирлар орасида Мариупол, «Азовстал» ва Змеиний ороли мудофаасида қатнашганлар бор.

Россия ва Украина расмийлари асирлар алмашинуви ҳақида хабар бериши ортидан россиялик мулозимлар ва пропагандачилар Россия 248 нафар ҳарбий хизматчисини, Украина — фақат 173 нафар одамини қайтаргани: алмашув гўёки 173 га 173 формуласида бўлгани, яна 75 ҳарбийни эса Россия «Азовстал» мудофаасида қатнашган ва 2023 йил ёзида Володимир Зеленский Туркиядан олиб кетган беш қўмондон эвазига олгани ҳақида ёза бошлади. Украина ҳукумати бундай баёнотлар юзасидан изоҳ бермаган.

«Биз ҳар бир одамни ёдда тутамиз. Ва барчани қайтариш керак», дея ёзди Украина президенти Володимир Зеленский алмашувдан кейин.
Украина президенти матбуот хизмати / AFP / Scanpix / LETA
«Минглаб сўзлар ўрнига». Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченко бу кадрни твиттерида шундай изоҳлади
Украина президенти матбуот хизмати / AFP / Scanpix / LETA
Украина президенти матбуот хизмати / AFP / Scanpix / LETA

Киевда зарбага учраган жойларни тозалаётган кўнгиллилар

Россия қўшини 2 январга ўтар кечаси Украина бўйлаб навбатдаги марта ёпирилма зарбалар йўллаганди: Киев ва Киев области, Харкив ва Кировоград областига. Ҳужумлар оқибатида, украин расмийларига кўра, беш киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши яраланган. Энг кўп Киев ва Харкив ҳудудлари жабрланган.

Киевнинг Соломенск районида икки киши ҳалок бўлиб, яна 49 киши жароҳат олган (бу ерда отишма оқибатида кўп қаватли уй ёниб кетган). Қурбонлар орасида — Киево-Могилянская академияси экология кафедрасининг 84 ёшли профессори Людмила Шевцова ҳам бор. Жабрланганларнинг кўпчилиги шифохонага ётқизилган.

Печерск районида ракета парчалари тўққиз қаватли уй томига ва яна бир кўп квартирали уйга тушган. Оболон районида ракета парчалари қурилаётган биноларга қулаган, Голосеевский районида — хиёбон ҳудудига. Зарбалар оқибатида Голосеевский районида Жониворларни қутқариш марказида сақланаётган урғочи шер жароҳат олган.

Подолск районида отишма оқибатида газ қувури ва сув қувури шикастланган, шунингдек икки минг квадрат метр майдондаги омборхона биносида, бозор ҳудудида ва турар жойларда ёнғинлар рўй берган. Святошинский районида ракета ижтимоий инфратузилма объектига келиб урилган. Дарницкий районида хусусий уйлар ва черков биноси шикастланган. Шунингдек, ҳужум вақтида россияликлар ракетаси парчалари АҚШ элчихонаси яқинига тушган, деб хабар берган Киевнинг Шевченково райони маъмурияти раҳбари. 

Турар жойга зарба оқибатларини бартараф этаётган кўнгиллилар. Украина президенти Володимир Зеленский зарбадан кўп ўтмай Россия қўшини Украина тинч аҳолисига ҳужум қилаётганини айтганди. «Учинчи кундирки ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимиз жангчилари ақл бовар қилмас иш олиб боришмоқда. 31 декабрдан буён россиялик ярамаслар 170 га яқин „шаҳидлар“ ва ўнлаб турли типдаги ракеталарни учиришди. Уларнинг мутлақо кўпчилик қисми фуқаролик объектларига йўналтирилган».
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Киев аҳолиси вакиллари вайрон бўлган кўп қаватли уй деразасидан мебелни улоқтирмоқда
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Кўнгиллилар вайрон бўлган бинони тозаламоқда
Sergey Dolzhenko / EPA / Scanpix / LETA
Маҳаллий аҳоли вакиллари россияликлар ракета зарбасидан вайрон бўлган уйдан топилган буюмларни олиб чиқмоқда. РФ мудофаа вазирлиги 2 январ куни Украина ҳарбий-саноат комплекси корхоналари бўйлаб «юқори аниқликдаги қуроллар» билан зарбалар йўллангани ва «зарбалардан кўзланган мақсадга эришилгани» ҳақида маълум қилганди.
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

Киевда зоолог Святослав Романчукнинг дафн этилиши

3 январ куни Киевдаги қабристонлардан бирида украиналик таниқли ғоршунос, жониворлар ҳимоячиси ва муҳандис Святослав Романчук билан видолашув маросими ўтказилди. Нутрий чақирув белгиси остида жанг қилган Романчук Россия босқини бошлангач ҳудудий мудофаа кучлари сафига кирган ва 2023 йил 28 декабрда Донецк областида ҳалок бўлган.

25 сентябр куни Романчук Киевга бориб, севгилиси Анна Даниленкога уйланган, кейин эса яна фронтга кетганди. Айнан Романчукнинг рафиқаси унинг ўлими ҳақида хабар берди — снаряд осколкаси ҳарбийнинг уйқу артериясига теккан:

Славамни ўлдиришди. […] Биринчи тегинишдан бизда магия бошланганди. Ниҳоят, мени қабул қиладиган, қадриятлари меники билан бир хил бўлган ва доим ҳазиллашиб, кулишадиган турмуш ўртоғимни топгандим. Бутун умр энди унинг мулойим, илиқ, тинчлантирувчи қучоқларини соғинаман. […] Худойим, унинг барча режа ва орзулари учун ачинаман.

«Бир неча йил олдин, жониворларни қутқариш касбига айланишидан олдинроқ, у қундузларни канализациядан қутқарарди… Бир пайтлар мушукни устундан тушириш методини ихтиро қилгандик, кейин эса ер ости мусобақаларини ўтказа бошладик. У дарахтлар бўйлаб юрарди ва турли қутқарув ишларида ёрдам берарди. Барча доим уни жуда омадли одам деб ҳисобларди, у бир неча бор энг қийин саргузаштлардан омон чиққанди», — дея Романчук ҳақидаги хотираларини ўртоқлашган, унинг ҳамкасби, жониворлар ҳимоячиси Михайло Сторожук.

Украин нашрлари ёзишича, Святослав Романчук тажрибали муҳандис, ихтирочи ва диггер (ер ости тадқиқотчиси) бўлган. Шунингдек, 2022 йилга қадар у саёҳатлар, ғорларга экспедициялар ўтказган, диггер мусобақаларида қатнашган
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид