Жамият | 09:01
2119
5 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири коррупциянинг олдини олиш бўйича жамоатчиликка мурожаат қилди

Тиббиётдаги коррупцион ҳолатлар бўйича вазирликнинг 1203 қисқа рақамли «Ишонч телефони» ҳамда [email protected] электрон почта манзили орқали мурожаат қилиш мумкин. Вазир мурожаатлар махфийлиги таъминланиши ва улар тезкор ўрганилиб, зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров тиббиёт тизимида коррупцияга қарши кескин ва муросасиз курашиш, соҳада турли бюрократик тўсиқларга барҳам беришда кенг жамоатчиликнинг кўмаги ва иштироки муҳим эканини таъкидлаб, аҳолини бу борада фаол бўлишга чақирди.

«Коррупция — жамият тараққиётига тўсиқ бўлувчи хавфли иллат бўлиб, унинг салбий оқибатлари барчамизга аён.

Шу боис, юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида бу муаммога қарши кескин ва муросасиз курашиш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни эрта аниқлаш ҳамда уларга йўл қўймаслик, турли бюрократик тўсиқларга барҳам бериш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Албатта, ушбу масъулиятли жараёнда барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирмай туриб, кўзланган мақсадга эришиш имконсиз. Шу сабабдан бу ўткир муаммонинг оқибатларини чуқур англаган ҳолда, соҳада коррупцияга барҳам бериш ва муаммоларимизни елкама-елка туриб, самарали ҳал этиш мақсадида Сизларга мурожаат қилмоқдаман!

Президентимиз 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида коррупция жамиятда ишонч муҳитини издан чиқарадиган жиддий таҳдид эканини таъкидлаб, 2026 йил унга қарши курашишда “фавқулодда ҳолат” эълон қилинишини маълум қилган эди.

Шундан келиб чиқиб, тиббиёт тизимида бу йўналишда замонавий механизмларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Масалан, соҳада бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши ҳамда коррупциявий рискларни эрта аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида янги тизим — “Ситуацион марказ” фаолияти йўлга қўйилди. Натижада ўтган даврда 247 млрд. сўмлик бюджет маблағлари тежаб қолинди ҳамда 9,7 млрд. сўм ортиқча режалаштиришнинг олди олинди. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувига доир 1280 та риск аниқланиб, бартараф этилди.

Вазирлик қошида манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатлари бўйича тезкор хабар бериш бўйича ягона “1203” қисқа рақамли “Call-марказ” 24/7 режимда ишга туширилди.

Соғлиқни сақлаш тузилмалари ва уларнинг ходимлари томонидан қонунчиликка риоя қилиниши, соҳа мутахассисларининг аҳоли билан муомала қилиш этикети даражасини баҳолаш мақсадида илк бор “Сирли мижоз” институти жорий қилинди.

Шунингдек, Тошкент давлат тиббиёт университети ва бошқа таълим муассасаларида “Тиббиётда коррупциянинг олдини олиш” номли махсус фан жорий қилиниб, бу бўйича 2 700 нафар бакалавр, 870 нафар магистр, 1856 нафар шифокор ҳамда 13 804 нафар ўрта тиббиёт ходими ўқитилди. 

Коррупция омилларини барвақт аниқлаш мақсадида 5 та ваколатли ташкилот ўртасида тезкор маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.

“CERT International” халқаро аудитор ташкилоти томонидан вазирлик марказий аппаратига коррупцияга қарши бошқарув тизими халқаро стандарти (ISO 37001:2016) мувофиқлик сертификати топширилгани муҳим воқеа бўлди. Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги рейтингини “яхши” тоифага ўтказиш юзасидан марказий аппарат ва ҳудудий бошқармалар кесимида “Йўл харита”си тасдиқланиб, ижрога йўналтирилди.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида коррупциянинг олдини олишга қаратилган DMED тизими жорий этилди.

Бундай ишлар натижасида соғлиқни сақлаш соҳасида коррупцияга оид жиноятчилик ўтган йилга нисбатан 5,6 фоизга камайишига эришилди. Бироқ ушбу саъй-ҳаракатлар етарли эмас. Бу борада ҳали қилинадиган ишлар талайгина.

Шу боис ўз қасамёди, касби ва бурчига содиқ, ҳалол, виждони пок Сиз, азиз тиббиёт ходимларини бундан кейин ҳам тиббиётни коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш йўлида бор билим ва тажрибангизни сафарбар этасиз, деб ишонаман.

Шу билан бирга, соҳада коррупцияга қарши самарали курашишда кенг жамоатчиликнинг кўмаги ва иштироки муҳим, деб биламиз», дея вазирнинг сўзларини келтиради ССВ матбуот хизмати.

Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатлари ёки қонунчиликка зид бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига алоқадорлиги юзасидан маълумотга эга бўлсангиз, вазирликнинг 1203 қисқа рақамли «Ишонч телефони» ҳамда [email protected] электрон почта манзили орқали мурожаат қилиш мумкин.

Мурожаатлар махфийлиги кафолатланади ва улар вазирлик томонидан тезкор ўрганилиб, зарур чоралар кўрилиши таъминланиши қайд этилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид