Жаҳон | 21:24 / 05.01.2024
18808
10 дақиқада ўқилади

ИШИД уюштирган теракт, Залужнийнинг Радага зардаси ва Лукашенконинг тадориги — кун дайжести

Жаҳонда рўй берган энг муҳим воқеалар, ҳодисалар ва баёнотлар жамланган кунлик янгиликларимизни одатдагидек эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Эрондаги теракт

Эроннинг Кирмон шаҳрида рўй берган ва 100 дан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган террорчилик акти учун «Ислом давлати» террорчилик ҳаракати масъулиятни ўз зиммасига олди.

«Ал-Арабия» телеканали хабарига кўра, террорчилик ташкилоти ўзи билан боғлиқ Тelegram-каналларда шундай баёнотни жойлаштирган.

3 январ куни рўй берган террорчилик актида айрим манбаларда 84 киши, бошқаларида 103 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Портлаш ортида «Ислом давлати» террорчилари турганини разведка маълумотларига асосланиб аввалроқ АҚШ мулозимлари хабар қилган эди.

Эрон томони камерадаги ёзувларни кўтариб, портлашлар икки нафар худкуш томонидан амалга оширилганини таъкидлаган.

Эроннинг Кирмон шаҳридаги Гулзори Шаҳидаий қабристонида портлаш Ироқда АҚШ авиазарбаси натижасида ўлдирилган генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлимига 4 йил тўлиши муносабати билан уюштирилган хотира юриши чоғида содир бўлган. Қосим Сулаймоний Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали бўлиб, Эроннинг ташқи сиёсати мафкурачиси эди.

Ғазодаги вазият

АҚШ сенатори Берни Сандерс Америка маъмуриятини фаластинликларни ўлдиришда кўрсатилаётган ёрдам учун танқид қилди: «АҚШнинг Исроилга 10 млрд долларлик ёрдами Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ноинсоний урушини молиялаштиради. Буни тўхтатиш керак. Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари ҳалқаро ҳуқуққа зид», — деган Сандерс.

Сенатор Элизабет Уоррен эса Исроилнинг ҳозирги ҳукуматини қоралаган: «Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг ўнг радикал ҳарбий кабинети Ғазода тинч аҳолини қирғин қилиб, ҳуманитар фалокат келтириб чиқармоқда. Ғазони бомбалашни ҳозироқ тўхтатиш керак», — деган Уоорен.

Исроил армияси томонидан Ғазода амалга оширилаётган босқин қурбонлари 22 минг 438 кишига етди.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, босқиннинг 90-кунига келиб, қамал қилинган эксклавда ўлганлар сони 22 минг 438 кишига, ярадорлар эса 57 минг 614 кишига етган. Вазирликнинг қайд этишича, қурбонлар ва ярадорларнинг 70 фоизи аёллар ва ёш болалардир.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил оккупацион қўшинлари 13 та оммавий қирғинни амалга оширган ва 125 кишининг ҳаётига зомин бўлган. 318 нафар тинч аҳоли вакиллари ярадор бўлган.

Исроил армияси ҳам йўқотишларга дучор бўлмоқда. ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, 7 октябрдан буён бу оккупацион армиянинг 509 аскари ўлдирилган. 2309 нафар аскарлар ярадор бўлган. Аскарларнинг 175 нафари Ғазога ер усти операцияси бошланганидан буён ўлдирилган.

ҲАМАС томони Исроил армиясининг йўқотишлари ЦАҲАЛ эълон қилаётганидан бир неча баробар кўпроқ эканини иддао қилиб келмоқда.

Исроил оккупацион армияси 2023 йилнинг октябридан буён Ғазо секторига умумий оғирлиги 65 минг тоннадан зиёд бўлган 45 мингта ракета ва бомбаларни ёғдирган, дейилади Ғазо томони баёнотида. Унга кўра, ҳужумлар асносида қарийб 1 тонналик бомбалар ҳам ишлатилган. 

Украинага ёрдам

АҚШнинг 27 декабр куни Украинага тақдим этилган ёрдам пакети Конгресс янги қарор чиқаргунгача сўнггиси бўлиб туради, деган Оқ уй миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби.

Лекин АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси Украинага 61 млрд долларлик ёрдам тақдим этиш масаласини устувор деб билмаяпти, унинг ўрнига АҚШнинг жанубий чегараларидаги муаммоларни кўпроқ муҳокама қилмоқда. Европа Иттифоқи етакчилари ҳам декабрда Киевга 50 млрд евро ажратиш масаласи бўйича келиша олмаган эди.

Агар Конгресс янги ёрдам ҳажмини тасдиқласа, АҚШ Украинага энг биринчи навбатда қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва унга ракета ҳамда ўқ-дорилар етказиб беради.

Жон Кирби Украинага тақдим этилган ҳарбий ёрдам маблағлари мақсадсиз ишлатилганига гувоҳ бўлмаганини таъкидлаган.

«Биз украиналик ҳарбийлар томонидан қандайдир кенг миқёсдаги коррупция ёки суиистеъмол қилиш ҳолатларини кўрмадик», — деган Кирби.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, икки йил ичида Киевни қўллаб-қувватлаш учун 54 та давлат 203 млрд доллар сарфлаган. Украина қуролли кучларига 500 дан ортиқ космик аппаратлар, жумладан 70 тача разведка сунъий йўлдошларидан ахборот бериб турилибди. Киев 20 мингдан ортиқ Starlink терминалларидан фойдаланмоқда.

Украинага қарийб икки йил мобайнида 1,6 минг ракета ва артиллерия қурол-яроғлари, 200 дан зиёд зенит ракета комплекслари, 5220 та зирҳли танк қурол-яроғлари, 23 мингта пилотсиз парвоз қурилмалари тақдим этилган.

Жумладан, Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини юборди. Расмий Берлиннинг бу сафарги ёрдам пакетидан 10 дона Marder пиёдалар жанговар зирҳли машинаси, Leopard-2 танклари учун ўқ-дорилар, Biber кўприк қурувчи машинаси ва юк машиналари ўрин олган.

Қолаверса, 10 январ куни Украина-НАТО кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади. Россиянинг мамлакатга ёппа ракета зарбасидан сўнг йиғилишда Украинага қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва унга ўқ-дорилар етказиш масаласи муҳокама қилиниши мумкин. 

Залужнийнинг Радада чиқиши

Украина қуролли кучларининг бош қўмондони, генарал Валерий Залужний ҳарбий сафарбарлик масаласи муҳокама қилинаётган Украина парламентида чиқиш қилди.

Залужний армия учун тўлдирувчи кучлар топилмаса, депутатларнинг ўзларига фронтга боришни таклиф қилган.

«Менга одамлар керак. Мен ким билан уруш қиламан? Жаҳонга мурожаат қилиб, одам беришни сўрайми? Ёки ўзларинг жанг қилинглар ёки армияни тўлдириб қўйишни таъминланглар», — деган Залужний.

Олий Рада депутати Олексий Гончаренконинг айтишича, Залужний билан бирга парламент йиғилишида иштирок этган Украина Мудофаа вазири «ҳарбий сафарликни кучайтириш урушнинг таркибий қисми» эканини таъкидлаб, «агар армияни кучайтириш бўлмаса, давлатни ҳимоя қилиш имконсиз бўлиб қолиши»ни таъкидлаган.

«Менга одамлар керак. Россия 400 минг одамни аллақачон армияга чақириб бўлди. Июн ойигача яна 400 минг одамни чақиришга тайёрланмоқда. Мен ким билан урушаман?» — деган Залужний.

Залужний Россия сингари фронтга маҳбусларнинг жалб этилиши таклифига кескин қаршилик билдирган.

«Армия ёмон инсонлар учунми? Асло бундай эмас», деган генерал. 

Россияга ёрдам ва санкциялар

Шимолий Корея сўнгги ҳафталарда Россияга яқин масофаларга учувчи баллистик ракеталар етказиб берган, деб хабар беради The Wall Street Journal.

Россия КХДРда ишлаб чиқарилган KN-23 ракеталаридан 29 декабр ва 2 январ кунги Украинага ёппа ракета ҳужумида фойдаланишга ҳам улгурган.

KN-23 500 килоли жанговар каллакни 450 км масофага элтиши мумкин. У Россиянинг «Искардер» баллистик ракетасига ўхшайди, лекин ундан яхшироқ хусусиятларга эга.

Баҳордан бошлаб Россия Эрондан ҳам баллистик ракеталар харид қилиши мумкин. Ўрта масофага учувчи бу ракеталардан Россия Украинанинг инфратузилмасига зарба беришда фойдаланади. Декабр ойи ўрталарида Россия делегацияси Эрондаги полигонга бориб, баллистик ракеталар, жумладан «Абобил» ракетасининг парвозини томоша қилган.

АҚШ Россиянинг КХДР ва Эрон билан ҳарбий-техник ҳамкорлиги боис янги санкциялар жорий этиш ниятида. Бу ҳақда Оқ уй вакили Жон Кирби айтиб ўтган. 

КХДР таҳдидлари

Шимолий Корея ҳарбийлари Жанубий Корея томони 200 дан ортиқ снаряд учирган. Йонҳап агентлиги хабарига кўра, Жанубий Корея ҳукумати Йонпёнгдо оролидан эвакуацияни бошлаган.

Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг баёнотига кўра, 5 январ куни эрталаб шимолий кореялик ҳарбийлар ёппа артиллерия отишмаларини уюштирган. Снарядлар Сариқ денгиздаги ажратувчи чизиқ, икки давлат ўртасидаги денгиз чегарасига келиб тушган.

Жанубий кореялик ҳарбийлар отишмалардан ҳеч қандай зиён кўрмаган бўлса ҳам, КХДРнинг бу ҳаракатларини провокацион деб атаб, Пёнгянгдан бундай ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилган.

КХДР бу отишмаларни Жанубий Корея армиясининг АҚШ ҳарбийлари билан чегара зонасида қўшма ҳарбий машқлар ўтказишни режалаштирган пайтда амалга оширган. 

Лукашенконинг тадориги

Александр Лукашенко лавозимни тарк этгач ўзини судлашларини тақиқлади. У президент тўғрисидаги қонунга янги қўшимчалар қўшди. Демак президент ўз лавозимини тарк этгач:

▪️ умрбод давлат томонидан қўриқланади;

▪️ ҳибсга олиниши ва судланиши мумкин эмас, унинг оила аъзолари ҳам иммунитетга эга;

▪️ унинг тураржойлари ва транспорти ҳам дахлсиз;

▪️ умрбод ойлик нафақаси ва тиббий ёрдам кўрсатилади;

▪️ у истеъфога чиққач, давлат томонидан берилган кўчмас мулкни совға тариқасида ўз мулки қилиб олади. 

АҚШдаги отишма

АҚШнинг Перри штатидаги мактабда содир бўлган отишмада бир киши ўлган, 5 киши яраланган. Ўқотар қуролдан фойдаланган шахс ўзини ўзи ўлдирган.

Полициячилар мактабни кўздан кечириб, қўлбола портлаш қурилмасини ҳам топишган. Портловчи қурилма зарарсизлантирилган.

Отишмани 17 ёшли ўқувчи Дилан Батлер уюштирган. У помпали сочма ўқли қурол ва кичик калибрли тўппонча билан қуролланган. Унинг бир ўзи ҳаракат қилган. 

Аргентинанинг талаби

Аргентина Буюк Британиядан Фолкленд оролларини қайтаришни сўради. Аргентинада бу ороллар Малвин ороллари деб аталади. Янги ҳукумат ороллар борасида музокараларни бошлашни таклиф қилишган.

Аргентина Ташқи ишлар вазири баёнотига кўра, Аргентина Буюк Британия Малвин оролларини «ноқонуний оккупация» қилган деб ҳисоблайди. Буэнос-Айрес гарчи оролларнинг тегишлилиги бўйича баҳслар мавжуд бўлиб турган бўлса ҳам, Лондон билан ўзаро манфаатли масалалар бўйича «балоғатли муносабатлар» сақлаб қолишни истаётганини ҳам билдирган.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид